Бу кўхна дунё инсоният пайдо бўлгандан бошлаб ҳеч қачон хотиржам бўлмаган, турли хил баҳоналар, турли тўфонлар, офатлар қуюнида яшаган. Бугунги замон ҳар томонлама тараққий этган сари, жисмоний ҳатти ҳаракатлар ҳар замон ҳар маконга мослашиб ривожланиб бормоқда. Жиноятчилик чегара билмас даражага етиб бормоқда. Бугунги инсониятни ташвишга солиб турган гиёҳвандлик, терроризм, зино, фоҳишабозлик ОИТС, касаллиги каби ўнлаб муаммолар қаторида одам савдоси маданийлашган ҳолда қўшилди. Ислом дини, хусусан Пайғамбар алайхиссалом қулдорликка қарши бўлиб, кўплаб давлатларда саҳобаларни қул озод қилишга ва катта савоб борлигини тарғиб қилишга турли жойларга юборганлар.Ҳозирги даврда ўша даврларгидек қуллар бўлмасада, лекин одам савдоси билан шуғулланиб, ҳур эркин инсонни қул қилаётган инсонларни пайдо бўлишлиги, бундай ҳолат бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бирига айланди.Минглаб эркин озод яшаши керак бўлган одамлар ихтиёрий равишда, ёки зўравонлик натижасида, ёки турли алдовлар билан қул сифатида сотилиб, хўрланиб азоб чекмоқдалар.Уларни аянчли, қонли кўз ёшлари, захматли меҳнатлари хисобига баъзи инсон қиёфасидаги махлуқлар катта-катта бойликларга эга бўлмоқдалар. Мана шундай энг мудҳиш жиноятлар сирасига кирадиган одам савдоси минг афсуски бизнинг юртимизда, бизнинг диндошларимиз орасига ҳам кириб келди. Ачинарлиси шуки арзимас маблағ учун одамлар ўз юртини, ўз динини, ўз миллатдошини, ўз маҳалладошини ҳатто ўз қариндошини сота бошладилар. Мана шундай муаммоларни эшитамиз, кўрамиз шундан хулоса чиқармай яна ўз ихтиёримиз билан қулликга рози бўлишлик энг ачинарли ҳолдир. Ҳаётий тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, бундай мудхиш жиноят билан шуғулланувчи кимсалар айрим ёшларга катта қулайликлар, пул топишни чексиз имкониятлари, бепул ётоқхоналар билан таъминланиши, иш жойлари тайинлиги ҳақидаги қуруқ ва ёлғон ваъдалар бериб, ноқонуний йўллар билан четга олиб чиқиб кетиб уларни ўз жиноятлари қурбонига айлантирмоқдалар.Бунинг оқибатида эса умрини,соғлигини бой бериб, келмоқдалар ёки қолиб кетмоқдалар.Айниқса гулдек қизларни одам савдоси қурбонига айланиб, ор-номусларидан айрилишлари бир умрлик иснод, армон эмасму, ёки тузатиб бўлмайдиган хато ёки доғ эмасму? Бундай муаммоларни илдизи қаерда? Аввало фарзандни таълими тарбияси, касб-хунарли ва келажагига масъулиятни ҳис этмаган қизиқмаган, фарзанди ёш бўлса ҳам, чет тиларини билмаса ҳам, чет элга чиқиб юрмаган бўлмаса ҳам, пул топиш мақсади ва орзуси бўлган ота-оналар айбдордирлар.Ҳаммамизга маълумки оилани моддий таъминоти аввалдан аёл қизларнинг эмас, балки оталарнинг вазифаси бўлиб келган. Ҳозирги кунда қиз болаларни пул топиш учун кўчагагина эмас, хҳатгоки хорижга юбораётганлигини қандай тушуниш мумкин. Аёлларни хорижга ишлаш учун чиқишлари, ҳатто ҳалол меҳнат қилсалар ҳам дуруст эмас, ёки миллатимиз, динимиз шаънига тўғри келмайди. Шунинг учун ҳар бир инсон сафарга чиқишдан олдин “етти ўлчаб бир кесиши” лозимдир. Хорижга кетишдан олдин аввал бафуржа ўйлаб кўриш керак. Халқимизда шундай нақл бор “Ҳар жойни қилма орзу, ҳар жойда бор тошу тарозу” деган гапларни бир таҳлил қилиб кўрмоқлик керак.
Олтинсой тумани “Сўфи Оллохёр” жоме масжид имом хатиби в/б Ю.Мавлонов