Бир неча йил бурун кеч куз Самарқандга бориш учун автобусга чиқдим. Автобус топ-тоза, шинам, ҳар томонлама қулай. Бир нечта (тадбиркор) аёллар автобус салонига чиқиб, қўлларида турли нарсаларни кўтариб, йўловчиларга ўтказиш учун молларини мақтай кетди. Аёллардан бири қўлида мандарин кўтариб олганди. Ўзи келишган, чиройли, жуда ширинсўз экан. Ҳамма қатори у ҳам мандаринини мақтай бошлади. У шундай муомала қилардики, ҳар қандай одамни ўзига маҳлиё айларди. Йўловчилардан бир нечтаси мандарин харид қилди. Улардан бири:

– Опажон, ишқилиб мандаринларингиз чиримаганми, яхшими? – деди.

– Айланай, укажон! Сотганларим ортидан бола-чақа боқаман-а, буюрмасин-а! – деб қасам ичди. Аёлнинг қасам ичиши ва ширин гапи, қош қоқишларига учган яна бир неча харидорлар мандарин олди. Аёл сотганича сотиб, автобусдан тушиб, эшик олдида туриб бошқа харидорларга молини мақтарди. Бир вақт йўловчилар ичида ғала-ғовур бошланди. “Қасамхўр, ёлғончи”, каби гаплар қулоққа чалина бошлади. Бояги йигит қўлига мандаринни олиб, эшик олдида турган сотувчи аёлни чақирди. Аёл яна мандарин олса керак, деган илинжда автобусга кўтарилди.

– Опа, сиз мандаринларим чиримаган, ҳозир келтирилган, деб қасам ичганингизга ишониб олгандим. Аммо мандаринларингиз чириб кетган экан. Устига бир-иккита яхшисини қўйиб, ичига чириганларини солиб сотибсиз, деб гапини тугатмасдан аёлнинг чиройли юзлари тундлашди, қалдирғоч қошлари чимирилиб, оҳу кўзлари чақнади, ширин сўзлар ўрнига заҳарли ва ҳақоратли сўзлар ўқдек ёғила бошлади. Нозик қўллар йигитнинг ёқасига ёпишди. Ҳай-ҳайлаб, бир амаллаб аждарҳо чангалидан йигитни қутқариб, “заҳарли илон”ни пастга туширдик. Йигит қўлидаги мандарин солинган халтачани аёлнинг орқасидан “топганларинг болаларингнинг азасига буюрсин!” деб отиб юборди. Бошқа мандарин харидорлари ҳам бирин-кетин заққумли қарғишларини ёғдира кетишди. У бепарво бошқа автобусга мандаринларини кўтарганча чиқиб кетди. “Эй, Худо! Бу қарғиш ўқларидан аёлнинг бегуноҳ болаларини асрагин”, деб дуо қилдим.

Азизлар! Биз болаларимизни ҳаром луқма бериб улғайтирсак, ҳалол-ҳаромни ўргатмасак, ўзимизнинг бадкирдор амалимиз билан уларни қарғишлар ўқига дучор қилсак, фарзандларимиздан буюклик ва олимлик кутсак тўғри бўлармикин? Биз ҳалол ризқ топиб, эл-юрт, кексалар ва олимларнинг дуосини олиш ўрнига ўзимиз, болаларимиз, ўтганларимизга лаънатлар ёғдирсак, оқибатимиз хор-зор бўлмайдими?

“Қасамини бузган қиз”

китобидан олинди

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here