#МУТОЛАА_ВАҚТИ
АБУ САЛАМАНИНГ ВАФОТИ
Бир куни Умму Саламанинг тул, болаларининг эса етим қолиши хақида Фармон чиқди. Бу Фармон дарҳол Абу Салама вужудида таъсирини кўрсатди. Кўзлардан нур сўнди, уни ҳаётга боғлаб турган толалар узилар ҳолга келди. Унинг аҳволини кўрганлар куни битганини пайқаб, дарҳол Расулуллоҳга (с.а.в.) хабар жўнатишди.
Жанобимиз вақтни ўтказмасдан тез йўлга тушдилар. Унинг уйига яқинлашганларида, йиғи товушини эшитдилар. Бу йиғи Абу Саламанинг вафотидан дарак бсрарди. Ажал келган, умри охирига етган эди. Келиши кутилаётган одам гарчи пайғамбарлар султони, коинотнинг сарвари бўлса ҳам, ҳукм ўзгармас, вақт кечиктирилмас эди.
Унинг учун ҳар нарсасини фидо қилажак даражада севган Улуғ пайғамбарни кўра олмай дунёдан кетди Абу Салама. Энди дийдор нариги дунёга қолди. Худди келаётган жанобини кўришни истаган каби очиқ қолган эди кўзлари…
Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг очиқ кўзларини кафтлари билан ёпдилар. Кейин фарёд чекаётган хонадон аҳлига қарадилар:
— Ўзларингизга яхшиликдан бошқасини истаманглар. Чунки фаришталар сизларнинг сўзларингизга «Омин» деб туришибди.
Кейин Буюк Мавлога юзландилар:
«Оллоҳим, Абу Саламанинг гуноҳларини кечир. Ҳидоятга эришганлар орасидаги даражасини юксалтир. Оиласига унинг ўрнини тўлдирадиган бир кишини насиб эт. Эй Оллоҳим, бизни ва уни афв эт. Унинг қабрини кенг ва ёруғ қил!»
Жасадни ювиб, кафанлашди. Бақиъ қабристонига элтиб кўмишди. Шу тариқа Усмон ибн Мазъундан кейин Расули акрамнинг эмикдошлари ва аммаларининг ўғли бўлган Абу Салама ҳаётдан кўз юмди. Ортда уни ёд этадиган, яхшиликларини эслаб юрадиган, унга Оллоҳнинг раҳматини тилайдиган кўп дўстларини қолдириб кетди. Бу воқеа хижратнинг тўртинчи йили рабиулаввал ойининг ўнинчи кунига тўғри келган эди.
Орадан бир неча кун ўтиб, Умму Салама Пайғамбарлар султонининг (с.а.в.) ҳузурларига келди.
— Эй Оллоҳнинг пайғамбари, Абу Салама ўлди, унинг оркасидан қандай дуо ўқишимни маслаҳат берасиз?
Расули акрам (с.а.в.) марҳамат қилдилар:
— Бундай дуо қил: «Оллоҳим, мени ҳам, уни ҳам мағфират эт. Менга ундан яхшироқ бирисини насиб айла».
Умму Салама буюклар буюгига ташаккур билдириб, ортига қайтди. Саҳар вақтларида, беш вақт намоздан кейин Оллоҳнинг Олий даргоҳига қўлларини очиб, Расули акрам ўргатган дуони такрорлай бошлади. Йиллар давомида аччиқ-тотли кўн хотираларни биргабирга кечирган турмуш ўртоғининг гуноҳларини кечишини сўраб ёлворар, кетидан Жаноби Пайғамбари тавсия этган дуони ҳам илова этар эди. Аммо ҳар дуо қилганида Абу Саламанинг вафоли беваси сифатида зеҳнидан «Мен учун Абу Саламадан ҳам яхшироғи бўлиши мумкинми?» деган ўй чақмоқдек ўтар эди.
Аҳмад Лутфий Қозончи “Саодат асри қиссалари”