Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сўрасанг Аллоҳдан сўра, ёрдам тиласанг,

Аллоҳдан тила”, деб марҳамат қилганлар  (Имом Термизий).

 

Кунларнинг бирида Мадина яқинидаги саҳроларда Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)

дўстлари билан юрган эди. Улар овқатланиш учун ўтиришди. Шу пайт олдиларига чўпон

йигит келиб, солам берди. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу): “Чарчагандирсан. Кел биз билан

ўтир”, дея уни овқатга таклиф қилди. Йигит: “Рўзадорман”, деб таклифни раъд этди.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) хайрон қолди:

– “Шундай иссиқ кунда ҳам рўзадормисан? Шу тоғлар орасида, қўйларни ўтлатиб ҳам-а?”

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) чўпон йигитнинг омонатдор ва тақводорлигини билиш учун:

– “Қўйларингдан биттасини бизга сот. Пулини берамиз. Кейин сенга гўштидан ҳам

берамиз, ифтор қилардинг”, деди.

– “Қўйлар меники эмас, хўжайинимники”.

– “Хужайинингга бўри еб кетди, деб айтарсан”.

Йигитнинг жаҳли чиқди. Бармоғи билан осмонга ишора қилиб: “Аллоҳ кўриб турибди!”

деди ва изига қайтди.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) йигитнинг “Аллоҳ кўриб турибди!” деган сўзини такрорлаб,

йиғлади. Мадинага борганда чўпоннинг хожасини топиб, қўйларини ўша чўпон билан

бирга сотиб олди. Сўнг чўпонни озод қилди.

Мўмин ҳар доим Аллоҳ таоло уни кузатиб, эшитиб, кўриб,  туришини ҳис қилади. Шунинг учун гуноҳга қўл урмайди.

Мўминда қуйидаги сифатлар бўлиши керак:

Ихлос:Аллоҳ таоло риёдан узоқ, ёлғиз Ўзи учун бажарилган амални қабул қилади.

Қуръони каримда бундай дейилади:  «Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч

нарсани шерик қилмангиз!» (Нисо, 36).

“(Амалларни) Аллоҳ фақат тақволи кишилардан қабул қилур”  (Моида, 27).

Мўмин Аллоҳнинг  яратган махлуқотларини кузатиб, эшитиб, кўриб туришини,

қалблардаги сирларни ҳам билишини ҳамма вақт ёдида тутади. Яширин ҳам, ошкора ҳам

Парвардигорнинг тоатида бўлишга ошиқади, қайтарганларидан узоқлашади.

Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эҳсон ҳақида сўрашганда: “Аллоҳ таолога

худди уни кўриб тургандек ибодат қилишинг. Агар уни  кўролмасанг, У мени кўриб

турибди, деб ибодат қилишинг”, дея жавоб берганлар  (Муттафақун алайҳ).

Мадад сўраш: Мадад ва ғалаба ёлғиз Аллоҳдан. Парвардигор айтади: Айтинг: «Эй

Мулк  (подшоҳлик) эгаси – Аллоҳ! Сен хоҳлаган кишингга ҳукмдорлик ато этурсан ва хоҳлаган кишингдан ҳукмдорликни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз қилурсан ва

хоҳлаган кишингни хор этурсан. Эзгулик Сенинг қўлингдадир. Албатта, Сен ҳамма

нарсага қодир зотдирсан” (Оли Имрон, 26).

Муҳаббат: Қуръони каримда бундай дейилади: “…Имон келтирганларнинг Аллоҳга

бўлган севгилари эса  (уларникидан) кучлироқдир…”  (Бақара, 165).

Яъни, мўминларнинг Аллоҳга муҳаббати, кофирларнинг ўз қўллари билан йўниб олган

бутларига бўлган муҳаббатидан кучлироқдир. Чунки мўминлар Аллоҳ таолони ибодат ва

дуода хослайди. Кофирлар бутларни хосламайди. Балки уларни Аллоҳга шерик

қиладилар. Шунингдек, кофирлар бутларга Аллоҳ таолога яқинлаштиришлари учунгина

ибодат қилишларини эътироф этади  (Фатҳул Қадийр).

Улуғлаш: Мўмин Раббисининг буйруқларини бажаришга шошилади. Ҳаром ишлардан

узоқлашади. Ибодатларни адо қилаётганда дангасалик қилмайди. Чунки  шариат

амалларини улуғлаб адо этилса, тақвонинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло

бундай марҳамат қилади:  “Яна ким Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар) ни

улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидир” (Ҳаж, 32).

Шукр:Аллоҳ таоло берган неъматларини қадрлаб, Унга ҳамд айтиш. Парвардигор шукр

қилувчи бандаларига:  “Қасам, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз,

албатта,  (уларни янада) зиёда қилурман” (Иброҳим, 7),

деб хушхабар берган. Ношукр бандаларини эса:

“Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим  (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7),

деб огоҳлантирган.

Тавба:Аллоҳ таоло айтади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз,

шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб

турадиган  (жаннатдаги) боғларга киритса!” (Таҳрим, 8) .

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй одамлар, Аллоҳга тавба қилинглар.

Албатта, мен бир кунда юз марта тавба қиламан”, деб марҳамат қилганлар

(Имом Муслим).

Ёмонликдан қайтариш:Аллоҳ учун ғазабланиш. Мўмин дўстини ёмон амалларни

қилишдан қайтаради. Унинг абадий азобга қолишини истамайди. Зеро, ўзига раво кўрган

нарсани биродарига раво кўрмаган киши ҳақиқий мўмин бўлолмайди.

Таваккул:Барча ишларни Аллоҳ таоло ҳукмига ҳавола этиш. Аллоҳ таоло айтади: “Ким

Аллоҳга таваккул қилса, бас,  (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар” (Талоқ, 3).

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Агар сиз Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганингизда эди,

эрталаб оч кетиб, кечқурун тўйиб келадиган қушлар каби ризқланардингиз”, деб

марҳамат қилганлар (Имом Термизий).

Тақдирга рози бўлиш:Мўмин ўзига етган ҳар қандай мусибатга сабр қилади. Баъзи

кимсалар каби: “Эй Аллоҳ, қайси гуноҳим учун мени жазолаяпсан?!” демайди. Шунингдек, тақдирга эътироз билдирмайди, балки:  “Уларга мусибат етганда:

“Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига

қайтувчимиз”, дейдилар (Бақара, 156).

Аллоҳдан ўзганинг номига қасам ичмаслик:Ким қасам ичмоқчи бўлса, Парвардигор номига қасам ичсин. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Аллоҳ таоло сизларни

ота-бобонгиз номи билан қасам ичишингиздан қайтаради. Ким қасам ичмоқчи бўлса,

Парвардигор номи билан ичсин ёки жим ўтирсин”, деб марҳамат қилганлар

(Муттафақун алайҳ).

 

Денов тумани “Ҳикмат”  жомеъ масжиди имом хатиби                                   

Фахриддин Худойназаров

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here