Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ фуқаролар орасида виждон эркинлиги бош қомусимиз бўлган конституциямизда қонун билан кафолатланди. Яъни конституциянинг 31-моддасига: ”Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон ҳоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” — деб ёзиб қўйилди. Ўзбек халқи том маънода ўз дини ва тарихига эга бўлди. 1990 йилгача саноқли масжидлар ва 2 та диний ўқув юрти фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунгача 2200 дан ортиқ масжидлар, 9 та ислом билим юртлари, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети фаолият олиб бормоқда. Энг қувонарлиси кўп сонли ватандошларимиз ислом динимизнинг энг улуғ фарз амалларидан бири бўлган муборак ҳаж ва умра зиёратларини бемалол бажара бошладилар. Мана шундай бир қувонарли ҳолатлар амалга ошиб турган пайтда қуйидаги ножўя ва ташвишли ҳоллар ҳам рўй бера бошлади.
Маълумки, хозирги кунда жамиятдаги энг долзарб муаммолардан бири диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш муаммосидир. Хозирги даврда турли гурухлар ўзларининг мафкурасини инсонлар онгига сингдириш учун турли xил йўллардан фойдаланмокда. Мамлакатимизда хам мустақилликнинг дастлабки йилларида хукуматимиз томонидан динимизга берилган кенг имкониятлардан ғаразли мақсадда фойдаланиш учун xориждан турли экстремистик оқимлар мамлакатимиз худудига кириб кела бошлади. Улар ўзларини беғараз ёрдамчи сифатида кўрсатиб, ўз гурухларини махаллий миллат вакиллари ҳисобига кенгайтиришга уриндилар, ахоли орасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бордилар. Етарлича тарафдорларга эга бўлгандан кейин эса, мамлакатимизнинг кўпгина худудларида хокимиятни кўлга олиш максадида террорчилик харакатларини амалга оширдилар. Улар ўзларига тарафдорларни йиғиш мақсадида исломий таълимотларни ўзларининг манфаатларига мослаштириб, ўзлариниг нотўғри ақидаларини ахоли ўртасида ёйишга уриндилар. Улар хозирда хам шу мақсад йўлида ҳаракат килмокдалар. Бундай окимларга карши туриш учун, аввало, уларнинг нотўғри эътиқодини очиб берадиган, соф исломой таълимотни билмоғимиз ва уларга маънавий қаршилик кўрсатмоғимиз лозим бўлади. Бу йўлда эса, Президентимиз Ислом Каримов: “Фикрга карши фикр, ғояга карши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш хар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этмоқда” – деб таъкидладилар.
Бундай кучлар хар қанча уринмасин, нафақат бизнинг диёримиздаги, балки бутун жаҳондаги мусулмонларни ўзларининг ғояларига қарам эта олмайди. Муқаддас ислом динини ниқоб қилиб манфур ишларни амалга ошираётган аллақандай мутаассиб кучлар, табиийки, ер юзидаги барча мусулмонларнинг руҳий олами ва дунёқарашини белгилай олмайди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нуткларида диний экстремистик ва террористик гуруҳларни қилаётган манфур ишлари, улар ислом динидан нима мақсадда фойдаланаётганлари ҳақида шундай дегандилар: “Мана яқинда Францияда бўлган намойишни оладиган бўлсак, бунақа ўйинлар ҳаммаси ҳўжакўрсинлик учун, ҳаммаси мана шу ўзига сохта обрў топиш учун бўляпти. Диний масалани ўртага қўйиш, диний масалани сиёсатлаштириш буни бирорта динга, уни албатта, ҳар қайси динни ўзига хос аломатлари бор, ўзига хос хусусиятлари бор, бир-биридан ажралиб туради, лекин бирорта динга ёқмайди. Агарки динни сиёсийлаштириш, унинг ҳисобидан обрў ортириш, қон тўкиш ва хоказо. Мен сизларга айтсам бу ўйиннинг негизида, томирида нималар бўлаётганини, кимлар шуни ташаббускорлари бўлаётганини, бунинг орқасида қандай чуқур мақсадлар турганини.
Эътибор беринглар! Озгина дунёда тинчлик, озгина дунё мустаҳкамлашиб бораётганда албатта битта бемаза иш чиқиб қолади, бунақа ўйинларнинг ҳисобидан ўзига фақат обрў топиш (популизм) дейди бу нарсани, ҳўжакўрсинлик дейди, ўзига обрў топиш учун керак бўлса эртага сайловга кўпрок овоз олиш учун ўзбекча айтганда, мусулмонча айтганда, муқаддас динимизни мана шунақа ўйинлар учун ишлатиш бу увол нарса. Бу дунёда ҳам, у дунё ҳам Аллоҳ бунақаларни ҳеч қачон кечирмиди. Шунинг учун чуқур билишимиз керак. Бизларнинг вазифамиз нима, Аллоҳ таолони эслаш одамнинг юрагида бўлиши. Агар кимнинг юрагида бўлса бошқа хеч нарса керак эмас”.
Хозирги кунда ўзларининг манфур ишларини амалга ошираётган террористик гуруҳлар, аслида нима қилаётганини, қайси дин таълимотлари асосида иш олиб бораётганини, кимни ўзига дўст тутиб, кимни ноҳақ ўлдираётганларини ҳам билмайдилар. Чунки хеч бир дин инсонни ноҳақ ўлдиришга, аёллар ва гўдакларни умуман қатл қилишга буюрмайди. Аллоҳ таоло нозил қилган ҳар бир самовий китоблар фақатгина тинчликка, меҳр оқибатга, бир-бирини ўзаро хурмат қилишга чақиради. Энди ўз-ўзидан савол туғилади, улар қайси динга эътиқод қилади. Қайси самовий китобга амал қилиб, қайси пайғамбарнинг суннатига эргашади?Улар Қуръондаги ояти карималарни зохирий маъносига қараб ҳукм чиқарадилар. Уларнинг илмсизликлари, нодонликлари туфайли ана ўша оятлардан кўзланган маънони нотўғри тушунганлар. Ана шу нодонликлари хамда динда ҳаддан ташқари ғулувга кетишлари уларни кўпдан-кўп xунрезликларни содир этишларига ва бунинг ортидан мусулмонлар жафо кўришига сабаб бўлмоқда
Юқорида биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек, ислом динини ўзларига ниқоб қилиб, ундан сохта обрў ортириш ва энг асосийси дунёда ягона ислом халифалиги давлатини барпо қилиш ниятида эканликлари ҳам айни хақиқатдир. Ваҳоланки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан кейин халифалик ўттиз йилдир. Ундан кейин амирликлар, подшоҳликлар бўлади” деб мархамат қилганлар. Ибн Ҳиббон ривояти. Мана бу ҳадиси муборакдан кўриниб турибтики, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек халифалик ўттиз йилдан у ёғига ўтмайди. Чунки У зот алайҳис салом хеч қачон ўзларидан ўзлари ёки нотўғри гапирмаганлар. Бу хусусда Аллоҳ таоло ўзининг Қуръони мажидида шундай мархамат қилади: “У ҳаводан гапирмас, У (Қуръон) ваҳийдан ўзга нарса эмас” Нажм сураси, 3-4-оятлар.
Бугунги кунимизда бутун дунё одамларининг олдида турган энг катта вазифа, бу манқурт кимсаларнинг қилаётган ишлари аслида нотўғрилигини англаб етиш, уларга қаршилик қила оладиган даражада билимга эга бўлиш, уларнинг сохта найрангларига учмаслик кабилардан иборат. Чунки очиқ-ойдин кўриниб турибдики, уларни молиявий томондан, қурол-яроғ билан таъминлашда уларнинг орқасида “ҳомий” ларининг борлиги аниқ.
Ватанимиздаги барқарорликни кўра олмайдиганлар ҳали ҳануз қинғирликларини қилиш ниятидан қайтгани йўқ. Шу сабабли атрофимизда юз бераётган жараёнларга теран ва жиддий назар солиш зарур. Ғараз мақсадни ўз вақтида бартараф этилса, хунрезликнинг олди олинади.
Зеро, тинчлик-осойишталик бор жойдагина одамлар ҳаловат топади, хотиржам яшайди, келажакка ишонч бўлади. Тараққиёт ҳам, обод турмуш ҳам осуда ҳаёт асосида бунёд этилади.
Денов тумани «Имом Бухорий» жоме масжид имом ноиби А.Воситов