2018 йил 11 декабрь куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео расман АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни  2018  йил 15 январда қабул қилинган дин соҳасида “Алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган  давлатлар руйхати”дан чиқарганини маълум қилди. Глобал ҳамкорлик институти раҳбари Крис Сайпл бунга ўз вақтида қабул қилинган тўғри қарор, деб баҳо берди.

Зеро, Ўзбекистонда дин мамлакатдаги маданий-маънавий анъаналар ва аҳоли  маънавий камолоти ривожининг ажралмас қисми сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Бугун мамлакатда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келишмоқда.

Ўзбекистонда 2017-2018 йилларда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойили асосида амалга оширилган диний-маърифий соҳадаги  ислоҳотлар инсон, халқ, жамият аъзоларини турли мафкуравий, ғоявий ва информацион таҳдидлардан ҳимоя қилиш тизими сифатида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш,  ислом маърифатини тарқатиш, ўтмиш аждодларнинг бой маънавий меросини янада чуқур ўрганиш  йўналишларида юз бермоқда. Бу борада Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг  ташкил этилиши, имом Бухорий ва  имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларини тузиш катта аҳамиятга эга бўлди.  Шунингдек, ёш авлодга ислом маърифатини тарқатиш мақсадида Қаршида Абул Муъин Насафий номидаги Ақида, Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд номидаги Тасаввуф, Самарқандда имом Мотуридий номида Калом, имом Бухорий номидаги Ҳадис, Фарғонада Бурҳониддин Марғиноний номидаги Фиқҳ, Самарқандда Ҳадис олий мактаблари ҳам ўз фаолиятини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелда эълон қилинган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармонида “жаҳолатга қарши маърифат” деган улуғвор ғоя асосида дин соҳасидаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш, динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик  даражасини ошириш,
жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш кабилар соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида эътироф этилган.

2018 йил 7 декабрда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан бир пайтлар диний-экстремистик гуруҳларга алоқаси бўлгани учун назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилганини эълон қилди. Бу ташаббусга Ҳиндистоннинг “Times оf Central Аsia” журнали “дунёни маърифат қутқаради”, деган тамойил асосидаги юксак маърифат ғоясини илгари суриш, деб юксак баҳо берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқида ислом динини зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қоралаб,  улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаслигимизни таъкидлаганди. Бу фикрнинг амалий ифодаси ўлароқ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2017 йил 21 декабрдаги 2396-сонли резолюциясида: “Терроризм, зўравон экстремизм ҳеч бир дин, миллат ва цивилизация билан алоқадор эмас ва боғлиқ ҳолда талқин қилинмаслиги керак”, деб қайд этилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат Дастурининг 218-бандига кўра Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси  БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 12 декабрь кунидаги ялпи сессиясида қўллаб-қувватланиб, бир овоздан қабул қилинди. Ҳужжат “бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашиш“га қаратилган, деб тан олинди. Резолюцияда маърифатпарварлик ғоясини илгари суриш қайд этилиб, сайёрамизда хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, муроса ва ўзаро англашувнинг нечоғли муҳимлиги эътироф этилган.

Ўзбекистонда бугун дин соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар дунёнинг энг нуфузли нашрлари, жумладан, Испаниянинг “El Faro de Ceuta” газетаси, Озарбайжоннинг “Trend” ахборот агентлиги, Франциянинг “L’Usine Nouvelle” янгиликлар агентлиги, Ҳиндистоннинг “India Blooms” газетаси каби нашрлар  томонидан юксак баҳоланиб, холисона эътироф этилмоқда.

БМТнинг  Инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Зайд аль-Ҳусайн ўз интервьюсида  бугунги динлараро ва миллатлараро нотинчлик бўлиб турган таҳликали замонда Ўзбекистондаги мавжуд динлараро ва миллатларо тотувлик ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар  турли давлатлар  учун ўрнак бўлишга лойиқ эканлигини қайд қилди.

АҚШнинг Ж.Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти президенти Фредерик Старр ҳамда Институт директори Сванте Корнелл «Ўзбекистон: мусулмон дунёсидаги ислоҳотлар учун янги модель» сарлавҳали мақолада «Минтақа, исломнинг эътиқодий маркази сифатида қараладиган Яқин Шарқдан қолишмаган ҳолда, тарихий, диний ва интеллектуал асосларига кўра, мусулмон дунёсининг маркази бўлишга ҳақли», деб таъкидлашган.

Хуллас,  Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналишидан келиб чиқадиган турли миллат ва конфессиялар ўртасида ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш, конфессиялар, миллатлар ва маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ва асраш, юртимизда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда.

Махмуд МАЖИТОВ

Термиз давлат университети фалсафа кафедрасининг катта ўқитувчиси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here