Аёллар саййидаси. Отасининг исми Хувайлид, онасининг исми Фотима бўлган. Жоҳилият даврида Хадича онамизни Тоҳира деб чақиришар эди.  Умму Қосим деб куняланаган. Асли Қурайш қавмидан. Оқила, олийҳиммат, саховатли, меҳрибон жаннатий аёл бўлган. Расулуллоҳга ўзи ҳаридор бўлган. Уйланишларини таклиф қилган. Расулимиз алайҳиссалом рози бўлганлар ва 25 ёшида уйланганлар. Маҳрига 20 туя берган. Хадича онамиз Расулуллоҳдан 15 ёш катта эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фарзандлари шу онамиздан туғилган. Ер юзида Расулуллоҳни биринчи бўлиб тасдиқлаган ва ҳаммадан олдин иймон келтирган энг бахтли аёл. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илк ваҳий келганда, амакиваччаси Варақа ибн Навфалнинг олдига олиб борган.

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича онамизни кўп тилга олардилар ва бошқа оналаримиздан афзал билардилар. Ҳаттоки Оиша онамиз шундай дегандилар:

 

ما غرت من امراءة ما غرت من خديجة

 

“Расулуллоҳ Хадичани кўп эслагани туфайли, Ул зотни бирорта хотиндан Хадичадан рашк қилиб қизғонганимдек қизғонмаганман”. (Бухорий). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича онамиз ҳаётлик чоғида бошқа аёлга уйланмаганлар. Кейинги оналаримиз билан Ул зоти шарифанинг вафотидан кейин турмуш қилганлар. Сердавлат, ишбилармон аёл эди. Расулуллоҳга молиявий жиҳатдан кўп ёрдам қиларди. Расулуллоҳ Хадича онамизнинг савдо ишларини юритар эди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссалом орқали Хадича онамиз учун жаннатдан бир қаср барпо қилганлик башоратини етказган. (Бухорий ва Муслим).

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча марта: “Эй Хадича, сенга Жаброил салом айтди”  баъзида эса “Сенга Аллоҳ салом йўллади” деганлар. (Бухорий). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннат аёлларининг саййидаси марям, Фотима, Хадича ва Фиръавннинг хотини Осиёдир” деб марҳамат қилганлар. (Ибн Абдулбар).

 

Оиша онамиздан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича онамизни кўп хотирлар эдилар. Ҳар доим ёдга олганда Хадича онамизни мақтар, ҳаққига истиғфор айтиб дуо қилардилар. Қурбонлик қилсалар Хадича онамиз учун ҳам қурбонлик қилар эдилар.

Бир куни Оиша онамиз рашки келиб: “Аллоҳ сизга ўша кампир ўрнига ёш аёлларни берди-ку?!” деб юборади. Шунда Расулуллоҳнинг ғазаблари келади. Қилмишидан афсусланган Оиша онамиз “Эй Раббим, Хадичани қайтиб ёмонлик ила эсламайман” деб онт ичадилар. Расулуллоҳ: “Эй Оиша, одамлар мени ёлғончига чиқарганда у менга ишонган, одамлар мендан юз ўгирганда у менга жой берган, у менга бола туғиб берган сизлар эмас” деб Хадича онамизнинг фазлини эслатиб қўядилар.

 

Ҳижратдан 3 йил, Абу Толибнинг вафотидан эса 45 кун олдин, 65 ёшида Рамазон ойида, Исломда ҳали намоз фарз бўлмай туриб вафот этган. Ҳажун номли ерга дафн этилган.

 

Сирожиддинхон Мухиддинов                                                                 

Олтинсой туман  “Саййид Муҳиддинхон” жомеъ масжид имом хатиби                                                      

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here