Ҳазрат Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) ва шогирдлри «асҳоби раъй» бўлмаганлар.

Яъни, улар шахсий фикрларини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) суннатлари ва саҳобалар қавлидан устун қўйишмаган. Уларни ўз хоҳишларича иш қилувчи дейиш ёлғон ва душманларнинг бўхтонидир. У муътабар имомлар бу нисбатдан пок ва софдирлар. Чунки Имоми Аъзамнинг ҳар бир масала ҳукмини Қуръони карим оятларидан олишлари жуда кўп йўллар билан тасдиқланган.

Агар масаланинг ҳукми Қуръонда топилмаса, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳадисларидан, яъни суннатдан олардилар. Агар ҳадисларидан ҳам топилмаса,  саҳобаи киром сўзларидан, яъни, асардан олар эдилар. Агар саҳобаларнинг фикрларида ҳар хиллик бўлса, қай бир саҳобанинг  фикри Қуръонга ё суннатга яқинроқ бўлса,ўшани олар эдилар.

Агар масаланинг ечими саҳобаларнинг асарларидан  ҳам топилмаса, ўзлари ижтиҳод қилардилар.Ҳеч бир тобеин сўзига қарамасдилар.

Ибн Муборак Имоми Аъзамдан ривоят қилади: «Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадис бўлса, бошимиз устига, жону дил билан қабул қиламиз. Агар саҳобайи киромдан қавл бўлса, унинг яхшисини илғаб, ўша қавлдан масала (жавобини) оламиз.Аммо тобеъинларнинг сўзига эса рақобат қиламиз.Ажабо, нима сабабдан баъзи одамлар бизни ўз раъйича фатво беради, дейдилар? Ҳолбуки, биз фақат оят, ҳадис ёки саҳобий сўзи билан фатво берурмиз».

Яна айтган эканлар:  » Аллоҳ таолонинг китоби ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) суннати ёки саҳобанинг ижмоъи бўлатуриб, ўз раъйича ҳукм қилиш ҳеч кимга жоиз эмас. Аммо саҳобанинг қавлларида ихтилоф бўлса, улардан Аллоҳ таолонинг китобига ё Расулуллоҳнинг суннатига мувофиқроғини танлаш мумкин. Улардан ечим топилмаса, илмларни тўлиқ эгаллаган кишигина ижтиҳод ва қиёс қилиши мумкин».

Демак, ҳар қандай одам ҳам ижтиҳод ва қиёс қилиш ҳуқуқига эга эмас. Афсус, замонамизда озроқ арабча билганлар ҳам ўзларича қиёс ва ижтиҳод қилишмоқда.

Имом Шофиъий: «Ҳамма уламолар қиёс хусусида Абу Ҳанифанинг издошларидир»,  дер эдилар.

Имоми Аъзам бирор масалани қиёс қилиб чиқарганидан кейин бундай дер эдилар:  » Менинг раъйим шу, уни қабул қилиш вожиб, деб ҳеч кимни мажбурламайман. Ким биздан яхшироқ қиёс қилиб, масала келтирса, уни қабул қиламиз».

Олтинсой туман «Хидиршо ота» жоме масжиди имом хатиби
Абдусалом Султонов

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here