Кибр ва манманлик, такаббурлик  ҳақида гап кетар экан, муқаддас китобларимизда улар ва уларнинг инсон зотига қанчалик хатарли экани ва шу иллатлар туфайли абадий дўзахда қолишлари ҳақида батафсил баён қилинган. Ҳозир ана ўша манбалар асосида кибр, манманлик, такаббурлик, ўзидан бошқаларни менсимаслик, ўзини ҳаммадан устун қўйиш ва ҳаттоки Аллоҳ таолога шериклик қилишни истаганлар ҳам борлиги ҳақида фикр юритамиз.

Кибр, такаббур, кибриё сўзлари луғатда катталик маъносини билдиради ва ўзини бошқалардан катта, устун ва афзал ҳисоблаш сифатига эга шахсга нисбатан ишлатилади. Кибр ички хулқ бўлиб, ундан амаллар содир бўлади. Мазкур хулқ ўзини устидан кибр қилинаётган шахсдан юқори қўйишдир. Қуръони каримда хабар берилишича одам зоти яратилганда ер юзида биринчи содир бўлган гуноҳ кибрдир. Бақара сурасида бу ҳақда шундай дейилган: “Эсланг, (эй, Муҳаммад!) Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилингиз!” деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди” (34-оят). Демак, такаббурлик куфр билан баробар экан.  Аллоҳ таоло Ислом динини инсониятни яхшиликка бошлаш, одам зотини энг гўзал фазилатлар соҳиби этиб тарбиялаш мақсадида нозил қилган. «Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни паст санашдир».

Мусулмон киши учун одамларни камситиш, уларни паст санаш жуда ёмон иллат. Ҳатто юриш-туришда ҳам кибру ҳаводан, такаббурликдан сақланиш керак. Бу жуда ёмон нарса. Бошқаларга кибр оғир ботади. Энг муҳими: «Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас».   Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда: «Кимнинг қалбида  заррача мутакаббирлик бўлса, Аллоҳ уни дўзахга юзтубан ташлайди» дейилган. Кибр қалбдаги хасталик бўлиб, унга мубтало бўлган инсон Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амрлари ва наҳийларини эътиборсиз қолдириб, ҳақни зое қилишдан, одамларни паст санашдан, уларни назар-писанд қилмасликдан иборатдир. Кибрланиш Аллоҳ таолога хос хислат бўлиб, банда зинҳор кибру ҳаво қилишга муносиб эмас. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Азизлик изорим, кибриё эса ридоимдир. Ким менинг бу хусусиятларимда менга шерик бўлмоқ истаса, мен уни азоблайман”. Имом Ғаззолий кибрни: «Ўзини улуғ санаш ва қадрини бошқанинг қадридан устун қўйиш» деб таърифлаганлар. Бундан келиб чиқадики Ҳақни инкор қилиш ва одамларни пастга уриш кибр ҳисобланади. Мўмин-мусулмон киши бировга жабр қилувчи, кибрланувчи бўлмаслиги керак. Аксинча, ўзини камтар тутиши, ҳаммани тенг кўриши, мутавозеъ бўлиши лозим. Банда яхши билиши лозимки, уни ҳам, ундаги хислатлар, фазилатлар ва амалларни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи бандасига берган. Бас, шундай бўлганидан кейин олим илми билан, амалдор амали билан, бой бойлиги билан, қучли қуввати билан, чиройли чиройи  билан керилиб манманлик қилиши ахмоқлик ҳисобланади. Чунки ўша нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг фазлидандир.

Манманлик ҳам ҳудди кибр каби ёмон бир иллатлардан  ҳисобланади. Хато фикрга суяниб манманлик қилиш ҳам жуда ёмон нарса. Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида: «Қилган ёмон амали ўзига зийнатлаб кўрсатилиб, уни гўзал деб билган одам?!» деган (8 – оят).   Аллоҳ таоло Қуръони каримда манманликни қоралаб «Тавба» сурасида: «Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам. Ўшанда сизни кўплигингиз манманликка олиб борган ва мағрур қилган эди. Бас, сизга ҳеч фойда бермади ва кенг ер сизга торлик қилиб қолди. Сўнгра ортга қараб қочдингиз», деган (25-оят). Манманликнинг офатларидан бири кибрга олиб боришидир. Кибрдан эса кўплаб офатлар туғилиши сир эмас. Агар манманлик ва кибр жам бўлиб қолса, иккиси барча фазилатларни йўққа чиқаради ва ҳамма разолатларни жалб қилади. Ким мазкур икки нарсага эга бўлса, насиҳатга қулоқ осмайди ва тарбияни қабул қилмайди.

Ибн Абу Лайло ривоят қилган ҳадисда: «Ким кийимини кўз-кўз қилиб, мақтанчокдик қилиб судраб юрса, Аллоҳ таоло унга назар солмайди», дейилган. Яна бир ҳадисда эса: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбида зарра оғирлигида кибриёси бор киши жаннатга кирмайди», дедилар». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан рйвоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни уч тоифага Аллоҳ гапирмайди, уларни покламайди ва уларга назар ҳам солмайди. Уларга аламли азоб бўлади; зинокор чол, каззоб подшоҳ ва мутакаббир камбағал», дедилар». Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилганман”. Бундан келиб чиқадики ўзини мусулмон деб ҳисоблайдиган ҳар бир инсон Ислом дини таълимотларига риоя қилиб яшайди ва ўзида энг гўзал ахлоқ ва фазилатлар намоён бўлишига ҳаракат қилади ҳамда ўзидан ёмон иллатлар, ёмон феъл атворларни йўқотишга уринади.

Агарда биз мусулмонлар бу оят ва ҳадислардан хабардор бўла туриб ҳам, юриш туришимизда, гап-сўзимизда кибр ва манманликка берилаверсак, инсонларни ўзимиздан паст санайверсак, уларни инсон ўрнида кўрмай ўзимизни осмон тутсак ва дуч келганга ўзимизни мақтайверсак, биз қандай мусулмонмиз? Қилаётган яхши амалу-савобларимиз қаерга кетади?  Муқаддас китобларимиз оят ва ҳадисларимизни ўқиб туриб, Илм ва мақомга эга бўла туриб бу иллатлардан узоқ юрмасак нима деган гап бўлади бу. Аксинча бошқаларга бу иллатларнинг ёмонлигини бир кун келиб эгасини залолатга етаклашини ва Аллоҳнинг ғазабидан қўрқиш кераклигини тушунтиримиз лозим албатта.

Шундай қилиб қанча бой бўлмайлик, қанча илмли бўлмайлик, қанча мансабдор бўлмайлик, қанча ҳусни-хулққа эга бўлмайлик буларнинг барчасига Аллоҳ таолонинг фазлу карами билан эришганимизни унутмайлик ва шукроналик келтириб, инсонларга қўлимиздан келганча яхшилик қилиб, ҳамма ҳавас қиладиган, инсонларга ва шу азиз ватанимиз корига ярайдиган инсонлар бўлишимизни Аллоҳ таолодан сўрайлик.

 

 З.Абсаломов

Олтинсой туман “Раҳмонберди хожи” жомеъ масжиди имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here