Донишмандлар инсон хаётини тарозининг икки палласига қиёслашган. Одатда тарозининг бир палласи босиб кетса, иккинчи палласи юқорига сакрайди. Аллоҳ таоло айтади; “Аллоҳ таоло кимки ҳидоят йўллашни ирода етса, унинг қалбини исломга очиб қўяди. Кимнинг адашувини ҳоҳлаган бўлса, гўё осмонга чиққанида кўкраги қисилган одамдай қалбини қаттиқ қисиб, тор қилиб қўяди!! (Анъом 125). Бу оятда Аллоҳ таоло ўз бандаларини ўзининг розилигини топиш учун ҳамиша тоат ва умид ичида яшашга чақирмоқда. Икки дунё сарвари Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) айтадилар: “Инсон жасадида бир парча гўшт бор, агар у саломат бўлса, бошқа аъзолар ҳам саломат бўлади, агар у бузилса, бошқа аъзолар ҳам бузилади. Огоҳ бўлинг, бу қалбдир”. Агар қалбда Аллоҳнинг ёди кўпайса, ёмон феъл, сифатлар илдизи суғуриб ташланса, шайтон унга киришга йўл тополмайди, чунки киришга жой қолмайди. Агар қалб Аллоҳ қўрқувидан, ёдидан холи қолса ярамас аҳлоқлар билан булғанса, уни шайтон эгаллайди. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний айтади; “Қалбнинг саломат бўлиши хақ таоло рози бўлмаган нарсалардан узоқ бўлишидир. Эртага соғлом диндан ўзга ҳеч нарса ёрдам бермайди. Бу хаётий ҳикматлардан биз катталар шуни англашимиз керакки, ёш авлодни тарбиялашда ислом динининг таълимотларидан, шариатимиз талабларидан ва аждодларимиз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда, ёндашишимиз лозим бўлар экан. Саҳобалардан бири: “Киши яхши хулқи туфайли ҳам жаннатга киритиладими, деб сўраганида, Расулуллоҳ (с.а.в): “Ҳа, албатта, банда чиройли хулқи учун жаннатга киритилади”, деб жавоб бердилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Асл яхшилик охират яхшилигидир”, деганлар. Охират яхшилигини қозониш учун ҳар банда ибодатларни адо этиши, гуноҳлардан сақланиши, хулқини гўзал қилиши керак. Ҳазрат Анас (р.а) айтади: “Расулуллоҳ (с.а.в) бу дуони кўп қайтарардилар: “Ё қалбларни ўзгартирувчи (Парвардигорим), қалбимни динингда собит қил! Мен (бир куни у зотдан) сўрадим: “Ё Расулуллоҳ, биз сизга ва сиз етказган нарсага имон келтирдик. (шунда ҳам) бизнинг хаққимизда қўрқасизми?” “Ҳа, қалблар Раҳмоннинг измидадир, уларни ҳоҳлаган томонга ўзгартиради”,-дедилар, у зот (алайҳиссалом) (Имон Термизий ривояти) Мавлоно Румий айтади: “Оқил шундай одамдирки кишиларнинг бошига келган балолардан ибрат олади! Бу мартабага эса кўнгилни Аллоҳ ва Расули муҳаббатига бўшатиш ва баҳш этиш билан эришилади. Инсон кўнглидаги ана шу муҳаббат ўлчови даражасида бошига келган яхши-ёмон ҳар қандай ҳодиса замиридаги ҳикматни англайди, улардан маънан фойдалана билади. Бироқ қалби маърифатуллоҳдан бенасиб, тафаккурдан маҳрум, ғафлатдан қорайган, хуллас, кўнгил оламини зулмат, жаҳолат қоплаган кимса эса, ўз бошига келган ишлардан ҳам ҳеч қандай хулоса чиқаролмайди. Бундай қалбга энг таъсирчан насиҳатлар ҳам фойда бермайди. Натижада, унинг ўзи атрофдагилар учун ёмон ибрат манбаига айланади. Зеро “Аллоҳ таоло айтади; “огоҳ бўлингиз, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур” (раъд.18). Қалб хотиржам бўлганида, нафс ором олади ва жасаднинг қуввати ортади. Парвардигори олам унга бир сақлагувчи юборади. Пайғамбаримиз (с.а.в) бундай марҳамат қилганлар; “То банданинг қалби тўғри бўлмагунича, иймони тўғри бўлмайди. То тили тўғри бўлмагунича, қалби тўғри бўлмайди.” Синовли дунё тугаб, ҳисоб они келиши хақ. Бизнинг зиммамизга юклатилган фарзандларимиз олдидаги маъсулиятимизни ёдда тутиб, меҳр кўрсатишда тарбияда, ибратда давомли бўлайлик. Аллоҳга шукр юртимиз тинч, обод, хотиржаммиз. Шунга кўра, Аллоҳ таоло буюрганидай яшасак, дунёда ҳа охиратда ҳам юзимиз ёруғ бўлади.

Шурчи туманидаги
“Имоми Аъзам Абу Ханифа”
жоме масжиди имом –хатиби Х.Хасанов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here