Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳужжатлари, уларнинг жанггоҳлардан ёзган мактублари Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида қирқдан ортиқ йиғма жилдда сақланмоқда. Йиғма жилдларнинг ҳар бирида 200 дан ортиқ маълумот мавжуд.
Учбурчак, сарғайган, ранги учган мактублар… йўл-йўлакай, шошиб, турли ўлчамдаги оддий қоғозларга ёзилиб, букланган-у бир томонига борар манзили, бошқа томонига «Полевой почта» номерлари ёзилган. Уларни қўлга олганингизда жанггоҳлар ҳиди, уруш даври одамлари, уларнинг қалб кечинмалари кўз ўнгингизда бирдам намоён бўлади.
Сайтимизда Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонлик аскарларнинг уруш ўчоқларидан ёзган мактубларини эълон қиламиз.
Уларни ўқиганингизда мактуб ёзганларнинг ўй-хаёллари, соғинчларини сиз ҳам ҳис қиласиз.
“СЕН, АЛБАТТА, ТИРИК ҚАЙТИШИНГ ШАРТ!”
Бухорода яшовчи Муҳиддиновлар оиласига 266 «Полевой почта»дан табрикнома келди.
У аканинг сингилга янги йил табриги экан:
“Салом меҳрибон сингилжоним. Мен сизларга янги йил саломини юборяпман. Мен соғ ва саломатман. Насиб бўлса, фашистлар тор-мор бўлади. Ўлмасам бораман. Мендан отамга ва онамга салом айт. Хат ёзиб юборинглар. 1943 йил. 28 февраль»
***
Мана шу қисқагина ёзилган жумлалар хавотирдан қалтираб турган юракларга қанчалар қувват бергани Оллоҳга аён. Энг муҳими, фронт ортидагилар “Сен, албатта, тирик қайтишинг шарт”, дея даъват қилган бўлса, жанггоҳдагилар ғалабага ишончи мустаҳкамлигини, бироқ дийдор қиёматга қолса сабрли бўлиш кераклигини ҳам эслатиб туришган. Зеро, уруш даҳшатлари, фожиалари улар билан ёнма-ён яшаётган эди-да…
***
СОҒИНЧ КАБУТАРЛАРИ…
…Беомон жанггоҳда тутдек тўкилаётган одамларни кўриб, она юртинг, қадрдонларинг ёнига эсон-омон қайтиш умиди хомхаёлдек туюлади. Ахир ҳар дақиқа ўлимни бўйнингга олиб, бугун бўлмаса эртага деб яшаш азоб…
Бу хотираларни эслаганда бугунги кунларимизга такрор-такрор шукрона келтирамиз. Осуда ҳаётнинг қадри қанчалик улуғлигини, тинчликнинг нақадар муқаддас неъмат эканини яна бир бор ҳис этамиз.
«Хайрли кун онажон. Кечиринг. Узоқ вақт хат ёзолмадим. Суратингизни авайлаб юрибман. Биз қуршовда қолган эдик. Бошимдан яраланиб, хотирамни йўқотган эканман. Госпиталда икки ойдан буён даволаняпман. Ўзимга келиб қолдим, шундай бўлса-да уйга юборишмоқчи. Ғалаба кунлари яқиндай. Дўстларим фаистларнинг додини бермоқда, суриб чиқаришяпти. Ўзбекистонда кўришгунча, онажон. Зинага ва дўстларга салом. Ўғлингиз Геннадиий Шиянин. 1945 йил. 8 январь».
Тошкентда яшаётган онаизор Татьяна Ивановнага юборилган бу хат балки уни қувонтиргандир, ахир ўғли қайтади ёки фарзандининг соғлиғини йўқотганидан хавотирга тушган бўлса-да, тирик қолганига шукур қилгандир. Буниси энди бизга қоронғу.
Турли туман дил изҳорлари битилган, соғинчдан сарғайган бу учбурчак мактублар жанггоҳдан учирилган соғинч кабутарларига ўхшайди. Урушдан қайтмаган ўғлонлар: «Урушнинг номи ўчсин, тинчликнинг қадрига етинг, уни кўз қорачиғидек асранг, юртимиздаги тинчлик-осойишталик ҳамма нарсадан қадрли», дея хитоб қилаётгандек, гўё.
ЖАНГЧИЛАР ҲАЁТИНИ САҚЛАГАН ЎЗБЕК
Тарихдан маълумки, Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистоннинг бир ярим миллион фарзанди сафарбар этилган. Уларнинг беш юз минг нафари Ватанига қайта олмай жанггоҳларда қолиб кетди. 120 минг ўзбекистонлик жангчи садоқати ва жасорати учун орден ва медаллар билан мукофотланган.
Ўй-хаёллар гирдобида архив йиғма жилдларини бирма-бир варақлаб, қўлёзмада турли тилларда ёзилган мактубларни ўқишга, моҳиятини англашга уринамиз. Жуда ҳам эскириб кетган, оҳори тўкилаёзган варақлардаги хатлар ручкада, қаламда ёзилган. Баъзиси бир вараққа майда ёзувлар билан, бошқаси йирик ҳарфларда ёзилган, яна бирида рус ва ўзбек ҳарфлари аралашувидан ҳосил бўлган сўзлар битилган.
1944 йилнинг 1 декабрида ҳарбий котибга ёзилган Капитан Махиннинг мактубидан парча:
«Ҳурматли котиб. Бизнинг қисмимизда сизнинг ҳамюртингиз катта сержант Содиқов Сергей Мингазович хизмат қилмоқда. У ўзининг жасорати ва зийраклиги билан кўпчиликка ўрнак бўлмоқда. Куни кеча қисмимиз муҳим топшириқни бажариш учун кетаётганда душманнинг отрядига дуч келдик. Ана шунда Сергей жуда тезлик билан 25 душманни йўқ қилиб, кўплаб жангчилар ҳаётини сақлаб қолди.
Олдинги жанглардаги жасорати учун ҳам унга бир неча орденлар берилган. Энди у автоматчилар қисмининг раҳбари. Ана шундай инсонни тарбиялагани учун унинг онаси Содиқова Марғубага миннатдорлигимизни етказинг. Агар унинг оиласига ёрдам керак бўлса, кўмак беришингизни сўраймиз. Оила Денов шаҳри, Дочная кўчаси 9/2 яшайди».
Энг қийин вазиятда ҳам жасурлигини намоён қила олган бундай йигитларнинг кўплари уруш қурбони бўлди.
“ОЛИС ЎЗБЕКИСТОНДАН КЕЛАЁТГАН МАКТУБЛАР…”
Мактубларни ўқир эканмиз, наинки ўзбек йигитлари балки ўзбек хотин-қизларининг ҳам буюк ғалабага ўзининг муносиб ҳиссасини қўшганига гувоҳ бўламиз. Ахир Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ортида меҳнат қилган оналаримиз, опаларимизнинг матонати ғалаба онларини яқинлаштирган.
Мактаб ўқувчиларининг катак дафтарининг икки саҳифасини тўлдириб ёзилган яна бир миннатдорлик хатини ўқишга уринамиз. У Ўзбекистонда чоп этиладиган «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетаси таҳририятига Одессадан юборилган. Ҳарфларга йиллар ўз ҳукмини ўтказгани боис матнни тўлиқ ўқишнинг имкони йўқ. Унинг қисқача мазмуни шундай:
«Ҳурматли дўстлар, Ўзбекистон хотин-қизлари!
Сизларга ўз муҳаббатимиз ва саломимизни йўллаймиз. Ҳозиргина портлашлар тинди. Орамиздаги масофа узоқ, лекин ҳаммамиз бир туйғу — ғалаба риштаси билан боғланганмиз. Албатта, босқинчиларни йўқ қилиб, дунёда тинчлик ўрнатамиз. Бу ғалабада қуёшли Ўзбекистон аёлларининг, ўз турмуш ўртоғини, ўғлини кутиб меҳнат қилаётган сизларнинг ҳам ҳиссангиз бор.
Биз уруш тўфони ичида кун ва туннинг фарқига бормай қолганмиз. Қисмимиздаги кўпчиликнинг оиласини фашистлар ҳалок қилди. Баъзи оилалар Ўзбекистондан паноҳ топди. Ортимизда сиз каби меҳрибон опа-сингилларимиз, оналаримиз борлиги ва бизнинг яқинларимизга ғамхўрлик қилаётганидан миннатдормиз. Солдатларимиз олис Ўзбекистондан келган хатларни ўқиганда, бизнинг ҳам кўзларимизга ёш келади. Сўнгги қонимиз ва жонимиз қолгунча ғалаба учун курашамиз.
Ҳурматли таҳририят вакиллари бу мактубни, албатта, саҳифаларингизда чоп этинг.
Капитан Шелепмев, капитан Мосягин, катта лейтенант Горинский, лейтенант Ананьев. 1943 йилнинг 12 декабрь».
Бундай хатни ўқиб беихтиёр кўнглингиз ўсади: ўзбек халқининг фарзандлари ғурурли, жасур, меҳрли ва лафзи ҳалол бўлмаганида бугун биз истиқлол нашидасини сура олармидик… мард йигитлар туфайли бугун осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз фаровон. Бундай миннатдорлик мактублари фронт ортидаги меҳнаткашлар кучига куч, шижоатига шижоат қўшганини бор гап.