Шаръий сабабларсиз мусулмон биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб юрадиган одамларнинг кўплари аслида шайтонга эргашган бўладилар. Абу Хурайра розияллоҳу анху ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримз соллаллоху алайхи ва саллам бундай деганлар: “Мусулмонга ўз биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ҳаромдир. Шу аразлашган ҳолида ўлиб кетса , дўзахга киради” (Абу Довуд ривояти ). Жанжаллашган тарафлардан қайси бири Аллоҳга тавба қилган бўлсин, бориб биродарига салом бериши вожиб бўлади. Биродари юз ўгирса, узр сўраган кишидан гуноҳ соқит бўлиб, бутун масъулият юз ўгирган тарафнинг бўйнига тушади. Абу Айюб розияллоҳу анху Пайғамбаримз соллаллоху алайхи ва саллам ушбу ҳадисни ривоят қилган: “Ҳеч бир кишига биродари билан уч кечадан ортиқ аразлашиш ҳалол эмас. Бир- бирига йўлиққанда қайси бирлари аввал салом бериб ўтса, ана ўша уларнинг яхшисидир” (Бухорий ривояти).
Аммо араз шаръий сабаблар туфайли бўлса ва гуноҳ қилувчи фойдали таъсир берса яъни тузалса ё хатосини англаса, у ҳолда араз қилиш дуруст бўлади. Лекин араздан гуноҳкор кишининг ғашлиги ортиб, гуноҳи кўпаяверадиган бўлса, унда араз ноўрин бўлади. Чунки у шаръий мақсадга зид бўлиб, яхшиликни эмас, аксинча зарар-фасодни кўпайтиради. Бинобарин, яхшилик қилиш, насиҳатга ўтиш ва эслатувни давом эттириш керак. Аллоҳ таъоло ораларимизни ислоҳ қилсин, қалбларимизни боғласин, ўзаро гина- адоватларни кўтариб, меҳр- муҳаббатларимизни зиёда қилсин.
Олтинсой туман “Хўжа Бурхон” жомеъ масжиди имом хатиби Т.Худойқулов