Меҳрибон Роббимиз  Аллоҳ  таоло  Қурьони  Каримда  шундай деб марҳамат қилади:  “Эй Муҳаммад, айтинг агар дуо- илтижоларингиз бўлмаса  парвардигорим сизларга  ҳеч  қиймат бермас”.  (Фурқон сураси, 77-оят)

Доно халқимиз “Олтин олма-дуо ол, дуо олтин эмасму” деган  ҳикматли сўзни бежизга айтишмаган.

Ибн Умар  (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда : Пайғамбаримиз С.А.В: “Ким дуосини  қабул бўлишини ва ғамлардан фориғ бўлишни  истаса, муҳтож  кимсаларга  ёрдам  берсин!”,  дедилар.

Шундай  экан  барчамиз  дуомиз  қабул  бўлишлиги  учун шу кунларда   Муҳтарам Юртбошимиз  бошчиликларида  давлатимиз томонидан  боқувчисини  йўқотганлар,  етимлар, ногиронлар,  касаллар  ва мухтож  кимсалар  ҳолидан  хабар  олиниб,  уларга кўмак берилиб,  уларнинг оғирларини енгил қилинаётган бир пайтда  сизу-биз  мусулмон ва муслималар  шундай  савобли  ишларда  жонбозлик  кўрсатмоғимиз  лозим.

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 16-апрелдаги  “Диний -маърифий  соҳа  фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПФ-5416-сонли фармони  бўйича  ташкил этилган  “ Вақф”  хайрия-жамоат   фонди  орқали юз миллион сўмдан ортиқ  бўлган закот маблағлари  мухтож, бемор, уйсиз,  қаровчиси йўқ  ёши  улуғларга  етказилди ва бу  савобли  ишлар давом этмоқда.

Бир сўз билан айтганда, “Вақф” хайрия-жамоат фонди  саҳоватпеша  инсонлар учун  эҳсонларини шаръан  ҳақдор бўлган  мухтожларнинг оғирини енгил қилиб, дуоларини олишга кенг йўл очиб беради. Дуомиз ижобат бўлмаяпти деган кимсаларга  Иброҳим Адҳам  (Р.А)  шундай  деб жавоб қилдилар  “Сабаби, қалбларингиз ўнта нарсадан ўлгандир”

  • Аллоҳни танийсиз-у, бироқ унинг ҳаққини адо этмайсиз.
  • Пайғамбар (С.А.В) ни севаман дейсиз-у, аммо суннатларини тарк  этасиз.
  • Қуръон ўқийсиз-у, лекин унга амал қилмайсиз.
  • Аллоҳ неъматларини ейсиз-у, бироқ уларнинг шукрини адо этмайсиз.
  • Шайтонни душманингиз дейсиз-у, аммо у билан муроса  қилиб келишасиз.
  • Жаннатни ҳақ биласиз-у, аммо унга кириш йўлида солиҳ амал қилмайсиз.
  • Дўзаҳни ҳақ биласиз-у, бироқ ундан қочмайсиз.
  • Ўлимни ҳақ биласиз-у, бироқ унга тайёргарлик кўрмайсиз.
  • Одамларнинг айби билан машғул бўласиз-у, аммо ўз айбингизни унутасиз.
  • Ўлганларни дафн этасиз-у, лекин ундан ибрат олмайсиз.

Қуйидаги муборак ҳадисда  Пайғамбаримиз (с.а.в)  баъзи  кимсаларнинг дуоси у ёқда  турсин, ўқиган намози бошидан бир қарич ҳам  тепага кўтарилмаслигини айтиб  барчамизни огоҳлантирдилар.  Ибн Аббос (р.а) дан ривоят қилинади:  Пайғамбаримиз (с.а.в): “Уч кишининг намози бир қарич  ҳам бошидан тепага кўтарилмайди:

  • Қавми уни ёмон кўргани  ҳолида имомликка ўтган киши.
  • Эри ундан ғазабланган ҳолда тунни  ўтказган аёл.
  • Аразлашган икки биродарнинг”,- дедилар.

Муҳтарам азизлар, сиз-у бизга  нима бўлди ?, ёки савоб халтамиз  тўлдими?, инсонлигимизни  унутдикми?, қаёққа борманг  ака-ука, опа-сингил аразлашган, тоға-жиян, хола-ини, амма-инилар юз кўрмас  бўлишган, тоға-бола қозилашган, қўшнига  она  заминдан чиқиб келаётган сувни бермаслик, эр-хотинлар оқибатсиз, бир-бирларини ғазаблантирган, қайноналар келинга зулм қилганга ўхшаш  нохуш ҳолатлар  кўплаб учрамоқда.

Бу нохуш ҳолатлар  шундай бағри кенг, оқибатли миллатимизнинг на дину-диёнатига, на урф-одатига, айниқса бутун жаҳон халқига ўрнак ва намуна бўлган  улуғ аждодларнинг  бизлардек авлодларига  тўғри келмайдиган амаллардир.

Тилагимиз  барчаларимизни  меҳрибон Роббимиз  дуоси ижобат  бўладиганлар қаторига  қўшсин.

Йигирма саккиз йиллик истиқлол тўйини қаршилаётган  жонажон юртимиз тинчлиги  абадий бўлиб, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз фаровон бўлсин!

 

Денов тумани,  “Муҳаммадқул” жомъе

масжиди имом хатиби                                                Абдуллахон Мирзаев

 

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here