Ҳаёт сабоқлари , ҳаёт синовлари чексиздир. Инсон ўзини доимо ҳақман дейди. Аммо у дунёда Аллоҳдан қўрқсагина инсонларга озор етказмайди. Инсон билиб билмай кўп гуноҳлар қилар экан, тавба дейишни ҳам унутиб қўяди. “Сўнги пушаймон, ўзингга душмон”-деб бежиз айтилмаган. Инсон умр давомида қилган ҳатосини тан олиш ҳам жуда мушкул. Малоҳат опамиз 65 ёшларида қилган хатоларидан афсусланиб, юрак сирларини ошкор қилдилар.
Маюс кўзига ёш олиб, Малохат опа –деди;
-Мусибатлар ўзингни англаш, хатолардан сабоқ чиқариш учун ҳам фойдали экан. Энди-энди ўйласам, ёшлигимда жуда бетга чопар, андишасиз бўлган эканман. Бир гап қулоғимга чалинганди: “Одамларнинг ҳаётини муҳокама қилиб юрма, келажагинг қандай бўлишини билмайсан!” Бу ҳақиқат садоси худди менга аталгандек. Одамларнинг ҳаётини муҳокама қилиш ҳам гапми? Хато қилган, адашган инсон борки менинг маломатларим ўқига дучор бўларди.
Тилим ёмонлигидан бегоналар тугул, ўзимнинг ака-опаларим, қариндош- уруғим ҳам яқинимга йўламасди. Турмуш қурганимдан кейин эримнинг яқинлари, қайнота-қайнонам ҳам мени ёқтирмаслигини сезиб қолдим. Одамлар мени ёқтирмаса, мендан узоқлашишса хурсанд бўлардим. Буни мендан қўрқишларига йўярдим. Кейинчалик болаларим ҳам мени кўрса қалтираб, дағ-дағ титраб турадиган бўлишди. Ахмоқ эканман, ўшанда ҳам “Нега ўз болаларим мендан қочади? Бунақада болаларим менга бегона бўлиб ўсишади-ку” деб ўйлаш ўрнига, “Болаларимга жуда қаттиққўлман, уларга яхши тарбия беряпман” деб мағрурланибман. Болаларим катта бўлгани сари мендан узоқлашиб, бирор нимани мендан сўрашга чўчиб турарди. Айниқса, мактабдами ё уйдами билиб-билмай, болалигига бориб хато қилса, мендан қўрқиб айтмас, билиб қолсам, уларни аямай дўппослардим. Бадфеъллигим – бировнинг хатосини юзига солиш, камчилигини маломат қилиш одатимдан ҳам энг аввало болаларим зиён кўра бошлади. Балоғат остонасида турган, тенгдошларига ўхшаб орқа-олдидан севги изҳори эшитган қизим, дугоналарига ўхшаб онасини ўзига яқин сирдош билиб, сирларини менга айтганди, аввалига роса дўппосладим. Сўнг икки гапнинг бирида “фалончи сенга гап отмадими?”, “пистончи ошиғинг келмаяптими?” деб юзига соладиган бўлдим. Қизим мендан бегона бўлгани етмагандай, ўзига бошқа сирдош, дугоналар қидириб топадиган бўлди. Онаси меҳрибон бўлмаган одамга бегона қандай сирдош бўлсин? Қизим дугоналаридан панд еявериб, охир-оқибат одамларга ишонмайдиган бўлиб қолди. Афсуски, бу шахсий ҳаётда ҳам унга салбий таъсир этди…
Бирор одамнинг қизи номаъқул йўлда юрибди, деган гап тарқалса, у гапни ҳеч кимнинг эсидан чиқармаслик, айлантириб-айлантириб катталаштириш ҳам менинг “вазифа”мга кирарди. Ёши улғайган қизи, уйланиш ёшидаги ўғлини вақтида уйли-жойли қилолмаётганлар, фарзандининг бирор нуқсони, хатоси, тарбиясидаги қалтислигидан азият чекаётган кишиларни оғиз кўпиртириб гапириб юрардим.
Ишхонамизда бир ҳамкасбимизнинг олтита ўғли бор эди. Бир ўзи ишлар, болалари талаба эди. Бирин-кетин туғилган ўғиллари вояга етиб, ҳамкасбимиз вақтида ўғилларини уйлантиролмади. Бир куни жамоадошлар билан ўтирганимизда:
Салим Миродиловичга ҳам ҳайронман, ўғиллари отам тенги бўлиб юрибди, уйлантирса бўлмасмикан?- дедим. Ҳеч ким индамади. Ўзи иши билан машғул ҳамкасбларимга қарасам, барининг боши эгик. Қизим ҳам мен билан бирга ишларди. Унга ҳам кўзим тушди. Қизариб кетган, худди “Онажон, бировнинг боласи уйланадими-йўқми сизга нима?! Бу ақлли одамнинг гапи эмас-ку!” дегандай мўлтираб турарди. Ўшанда ҳам кирланган ақлим тилимга ҳаддан ортиқ эрк бериб юборганимни мулоҳаза қилмаганди. Қайтанга ҳамкасбларимнинг гапимга аралашмаганини лаганбардорликка йўйгандим.
Кимнингдир қизи ножоиз йўлга юрса, таниган-танимаган билан уни муҳокама қилардим. Маҳалламиздан ёш бир қиз адашибми, ҳавойи ҳисларга берилибми, бир эркак билан роса гап-сўз бўлиб кетди. Кўчадан ўтган-кетганни тўхтатиб у ҳақида гапирардим. Қизим узоқда яшайди. Тўғрироғи, мени андишасизлигим, бефаросатлигим туфайли қизим туғилиб ўсган юртидан бош олиб кетган. Шу ҳолида ҳам уни тинч қўймай, озиб-ёзиб қўнғироқ қилганида, ё уйга келганида қўшни қизнинг бадном бўлгани ҳақида гапираётгандим, қизимнинг ғаши келди:
Онажон, сизнинг шу одатингиз туфайли биз фарзандларингиз қанчалик азият чекаётганимизни биласизми? Одамларнинг хатосини, ўтмишда қолган адашишларини ковлаштириб юришнинг хосияти йўқ. Ҳар кимнинг ўз тақдири, қисмати бўлади. Ҳеч бир банда тақдирининг хунук бўлишини истамайди. Ҳамманинг орзулари чиройли бўлади, ҳамма бахтли бўлишни истайди. Аллоҳ қайсидир бандаларини хато йўлга солиш билан айрим бандаларини сергакликка чорлайди. Бировларнинг айбу нуқсонини гапириб юриш билан уларни ўша гуноҳдан покланишига ва ўзига бахтиқаролик сотиб олишга маҳкум бўлади одам. Кимдир ўғлини вақтида уйлантиролмаса устидан кулардингиз, кимнингдир қизининг турмушга чиқиши кечикса устидан кулиб, маломат қилардингиз. Ваҳоланки, Аллоҳ “Кимки бир банданинг хатосини айтиб, устидан кулса уни ўша одамнинг ҳолига туширмагунимча олиб кетмайман!” дея марҳамат қилади. Энди ўзингиз ўйланг, менинг тенгдошларим келин тушириб, ўғил уйлаш тараддудида юрибди, ҳануз менинг бахтим очилгани йўқ. Укаларим тенгиларнинг болалари мактабга боради, сиз эса ҳали келин қилиб ҳам тинчиганингиз йўқ. Кичик укам кўчадан хомуш кириб келди. Собиқ ҳамкасбаларингиздан бири унга “Вой, ҳалиям уйланмадингми?! Опанг ҳам турмушга чиқмадими? Астоғфуррулоҳ, нима бўлган сизларга?!” дебди. Онажон, сиз ҳам одамларга шунақа дердингиз, ана Аллоҳ сизни устидан кулганларингиз ҳолига туширди. Буни қайтар дунё- дейдилар. Тавба қилинг, етар шунча юзқаролик, шармандалик. Энди бунақа қилиқларингизни йиғиштиринг. Одамларни ўтмишини кавлаштириш яхши эмас, бир пайтлари олмос ҳам кўмир бўлган! Хато, камчилик, нуқсон ҳаммада ҳам бўлади. Беайб Парвардигор, дейдилар. Қолаверса, Аллоҳнинг тақдирига аралашиш бандасига хос иш эмас! У ўзи билади кимга қачон нима бериш кераклигинию, бандаси нимага муносиб эмаслигини. Айб иш қилганларни айбидан хабарингиз бўлса, тавбасидан бехабарсиз. Шунинг учун ҳам бировнинг гуноҳига харидор бўлманг! Ҳали кўрасиз, сиз гап-сўзинини “болалатиб” юрган ўша қиз ҳам тенгини топиб, бахтли-саодатли бўлади, тиниб-тинчийди, лекин сизнинг гуноҳ ортирганингиз қолади, — деб зорланди.
Ҳар кимнинг ўзи англаб етган ҳақиқати бўлсин экан. Биров минг уриниб ҳақ йўлни кўрсатишга уринса-да, қалби кўр одам ўзи тутганини қўйиб бормас экан. Қизим кўзимга балодай кўринди. Ҳатто ўз фарзандимнинг ҳам ортидан гапириб юрдим. Отасига, укаларига ғийбатини қилиб, ёмонлаб юрдим. Айтганидек, ҳамқишлоқ қизнинг ҳам тенги топилди. Шунча гап-сўз, оилали эркак билан ғийбат бўлганига қарамай, катта тўй-томошалар билан узатилди, орзу-ҳавас кўрди.
Орадан анча пайт ўтди. Қизим уйга келай, демасди. Қўнғироқ қилганимда ҳам мен билан тузук-қуруқ гаплашмасди. Кейин эшитсам… у ўша ерларда турмуш қурган экан! Бошимга тош билан урилгандек бўлди. Бир пайтлар шаҳарда ишлагани қолиб, ўша ерда турмушга чиқиб қолган қўшни қишлоқлик қизни бузуқликда айблаб роса гап-сўз қилгандим. Энди ўзимни қизим… Қизимни “бузуқ, фоҳиша” дейиш ўзимни ҳақорат қилиш эмасми?!..
Унинг турмушга чиққанини эшитиб, оёқ-қўлимдан мадор кетиб, ўрнимда чўкиб қолдим. Тўғри, ёши ҳам анча ўтиб қолганди, ёлғиз ўтишдан кўра турмуш қургани яхши бўлибди. Лекин… бир оғиз “ота-онамнинг дуосини олай, уларнинг олдидан ўтай” ҳам демабди. Балки ўзи бир пайтлар айтганидек устидан кулган одамларимнинг ҳолига соляптими Аллоҳ мени? Э, воҳ, агар шундай бўлса, ҳали не кунлар бошимда бор! Тавба қилдим, кеч бўлса-да, тавба қилдим. Бу савдолар ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Азизлар, бировнинг қизини “бузуқ”, “фоҳиша” деманг! Кимнидир кечакаётган бахти учун айбдор қилманг! Фарзанди туфайли озор чекканларни масхара қилманг! Беморнинг дардини маломат қилманг! Жавоби оғир бўлар экан. Ҳали ўғилларимнинг қисмати нима бўлади, билмайман. Мен кўп хато қилдим, тилим орқали кўп гуноҳларни содир қилдим, жавобини шу дунёда беряпман. Ҳали Охиратда мени нима кутяпти, билмадим… –Дея Малоҳат опа зор- зор йиғлади. Уни юпатиш мақсадида, ҳалиҳам кеч эмаслиги , Меҳрибон Аллоҳ рахмдил эканлиги эртаю кеч тавба қилиб, истиҳфор айтишини маслаҳат бериб ҳайрлашдим.
Қаранг-ки бу дунёнинг дунёвий ишлари билан машғул бўлиб,инсонлар дилига озор бериш туфайли, тириклик вақтидаёқ қилган хатоларини қайтиши бор экан. Беш кунлик дунёда қўлингиздан келса яҳшилик қилинг азизлар, яхшилик!!!!!!

ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг
хотин қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Хосият Қосимова.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here