Ҳар бир халқнинг ўзига хос ўлмас анъаналари, қадриятлари бор. Асрлар давомида аждодларимиздан авлодларга мерос сифатида етиб келган урф-одатларимиз, қадриятларимиз, анъаналаримиз ҳам миллийлигимиз рамзи бўлиб, катта қадр, умрбоқийликка эга. Шу ўринда кийиниш маданияти ҳам йиллар давомида шаклланиб, ўз комиллик даражасига етишди десак муболаға бўлмайди

Маълумки, либос инсоннинг кўрки, маданийлик белгисидир. Кийимга бўлган эътибор барча миллат ва элат ҳамда дин вакилларида ўзига хос аҳамият касб этади. Миллий кийим  масаласига тўхталадиган бўлсак,  қадимдан инсон қайси миллатга мансуб эканлиги  биринчи навбатда унинг кийимига қараб аниқланган. Ҳар  бир  миллат  ўзига хос кийиниш маданиятига эга. Бизнинг миллий кийимларимиз дунёнинг қай бурчагида бўлмасин уни севиб кийишади. Ўзбек халқи ўзининг асрлар оша қадрланиб келаётган миллий либослари билан ҳам бутун дунёга довруғ таратган. Турли рангларда товланиб, кўзни қамаштирувчи атласу адраслар нозик хилқат вакилларининг кўркига кўрк қўшишда катта аҳамият касб этса, беқасам тўн, миллий дўппи ва белбоғ алп ўғлонларнинг мард, жасур ва довюрак бўлиб камол топишида муҳим ўрин тутади.

Миллий кийимимиз адрас, атласларни кийганда қизу жувонлар ял- ял очилиб кетишади. Албатта, ислом динида ҳам кийиниш одобларига алоҳида эътибор қаратилган. Кийим энг аввало авратни тўсиш, яъни инсоннинг бошқалар кўзидан яширилиши лозим бўлган уят жойларни беркитиш учун хизмат қилади. Ва у бадан ҳамда уят жойларни бекитиш даражасида фарз ҳисобланади. Қуръони каримда турли ижтимоий фойдалар ва жисмоний хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда аёллар кийинишига оид бир неча оятлар нозил бўлган. Юртимизда анъанавий ҳисобланган ҳанафийлик мазҳабига кўра, аёлларнинг бош кийим сифатида рўмолдан фойдаланган ҳолда юз, қўл ва оёқларини очиб юришлари қабул қилинган. Бунга Нур сурасининг 31-ояти далил бўлади: “..Ҳамда кўриниб турадиганидан бошқа зийнатларини (яъни, уят жойларини ва устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар!…”. Яъни, кўриниб турадиган, деганда юз, қўл ва оёқ назарда тутилган. Бу ҳолнинг миллийлик хусусиятини ҳам касб этганини кекса онахонларимиз ва момоларимиз сиймосида кўриш мумкин. Аёллар либоси масаласида биз ҳеч иккиланмасдан ўз миллийлик хусусиятларимизни тарғиб этишимиз мумкин, чунки шаръий нуқтаи назардан либоснинг шаклу шамойили чекланмаган, балки аврат аъзолар ёпилса, шу кифоядир. Аммо, юртдошларимиз орасида бу масалада билиб-билмай бошқа мазҳаблар йўлига эргашаётганлар ҳам йўқ эмас. Мазҳабдан мазҳабга ўтиб юришнинг зарарли оқибатлари ҳақида кези келганда тўхталамиз. Ҳанбалия мазҳабига амал қилувчи баъзи араб мамлакатларида аёллар ёпинчиғи масаласида қабул қилинган тамойиллар уларнинг ўз шароитига мос бўлиши мумкин, лекин бу ҳолатни бошқа юртларда жорий этишга уриниш турли ихтилофларни келтириб чиқаришдан бошқа нарса эмас. Баъзан ёпинчиқ, ҳижоб ниқобида ғаразли, ёвуз кимсалар томонидан турли қабиҳ ишларнинг амалга оширилиши эса ҳанафийликда қабул қилинган тамойилнинг нақадар тўғри эканини исботлайди. Шунингдек, “гуруч курмаксиз бўлмайди”, деганларидек, минг афсуски, бошдан оёқ қора ҳижобга ўралиб, шу ниқоб остида қора ишларни қилиб юрган аёллар ҳам бугунги кунимизда йўқ эмас. Албатта соғлом фикрли мўмина аёллар ана ўшаларнинг тақдирларидан ибрат олишлари лозим. Шундай қилиб, бугунги кунда турли ихтилофларга сабаб бўлаётган ҳижоб хусусида фикр юритганда унинг луғатда “парда, ниқоб” маъноларини англатишини, уни аёллар кийими сифатида талқин қилиш жоиз эмаслигини айтиш мумкин. Бу сўзнинг Қуръонда ишлатилган маъноси ҳам фикримизни тасдиқлайди: “..Қачонки, сизлар улардан (пайғамбар аёлларидан) бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўрангизлар”. (Аҳзоб: 53-оят). Оятда “ҳижоб” сўзи “парда” маъносида ишлатилмоқда. Бу ўринда ушбу оятнинг ҳукми ҳам Пайғамбар (с.а.в.) аёлларига хос эканини эсласак, фикримиз янада ойдинлашади. Мусулмон кишининг қандай кийиниши борасида Пайғамбар (с.а.в.)дан кўплаб кўрсатма ва тавсиялар ривоят қилинган:

Либосларингизни чиройли қилинглар, от-уловларингизни яроқли тутинглар, юздаги холдек одамларга намуна бўлинглар”. Ушбу ҳадис мазмунига кўра, ҳар бир мусулмон эркак ва аёл бошқаларга намуна бўларлик даражада кийинишга тарғиб этилмоқда.

Оқ либосни ихтиёр қилинглар, уни тирикларингиз кийсин, у билан ўликларингизни кафанлангизлар. Чунки оқ либос кийимларнинг афзалидир”. Бу ҳадисда эса, очиқ рангли кийимларни кийишга тарғиб бор. Шу ўринда кийиниш масаласидаги яна бир ғайри миллий кўринишни ҳам тилга олишимиз жоиз бўладики, ҳозирги пайтда айрим қиз-жувонларнинг ғарб давлатларига тақлид қилиб, енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини “кўз-кўз” қилиб турувчи тор ва юпқа-ҳарир кўйлаклар, энг ачинарлиси, кўкрак, киндик ва болдирларини очиб, ҳаммага намойиш қилиб юришлар на миллий мўътадилликка ва на мусулмончилик одобларимизга мутлақо тўғри келмайди. Бу каби миллийликка зид кийинаётган аёлларимиз нафақат ўзлари учун гуноҳ орттирмоқдалар, балки ёш авлоднинг тарбияси, келажагимиз оналари бўлмиш ўсмир ёшидаги қизалоқлар онги, ахлоқига ҳам салбий таъсир кўрсатаётганлари янада аянчлидир. Бу ҳолатларни бартараф этиш борасида бугунги кунда миллий ва диний қадриятларимизга мурожаат этиш, шунингдек кекса отахон ва онахонларимизнинг ҳам панду насиҳатларидан тадбиқ этиш лозим бўлади. Халқимиз азалдан бутун жаҳонда гўзал хулқи билан шуҳрат қозонган. Меҳмоннавозлик, олижаноблик, меҳр-мурувват, саховат, раҳм-шафқат, олмос тафаккур – буларнинг бари бизнинг аҳлоқимизда мужассам. Демак, кийинишимиз ҳам шунга яраша бўлиши лозим. Қадимда зукко   момоларимиз, оналаримиз, опа-сингилларимиз калта, билакни, тиззани  ёпмайдиган кўйлаклар, тана аъзолари кўриниб турадиган кийимлар кийишни ўзларига ор деб билишган. Уларнинг қалб гўзаллиги сержило матолардан шарқона назокат ила тикилган либосларида акс этиб турган. Манбаларда айтилишича, Ҳорун ар-Рошид даврида Самарқандлик тикувчилар Бағдодга бориб, сарой аёллари учун кийим-кечаклар тикиб келишган. Бу либосларда ўртаҳоллик мезонига амал қилиниб, аёл кишини ҳаё-ибоси билан бутун гўзаллигини  нурлантириб турувчи услублар қўлланилган. Барча аёллар гўзаллик тимсоли бўлган либослари ила ибрат бўлишини, Аллоҳ таоло юртимизни обод қилиб, оилаларимизни мустаҳкам бўлишини насиб этсин, аёлларимизни барча ҳолатларда миллий қадриятларга ҳамда диний одобларга риоя қилган ҳолда ҳаёт кечиришларига муваффақ айласин, аёлларга шарму- ҳаё ато этсин!

Х.Қосимова ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here