Аллоҳ таоло ҳар бир бандасини аввало руҳий-маънавий покликка, сўнгра жисмоний тозаликка чақиради. Ибодатнинг қабул бўлиши, ниятнинг холису поклигида, бадану либоснинг тозалигидадир. Ибодат деганда аввало бандачилигимиз сўнгра ҳар бир амал жамиятга фойдаси бор, ҳалол беғараз амалларнинг барчаси ибодатга киради.
Беғараз, самимий табассум бағишлаш ҳам ибодатга киради. Ён-атроф озодалигига, баданимиз тозалигига, соғлигимизга эътибор беришимиз буларнинг барчаси ибодатдир. Ҳар бир ишда савоб бўлса буларнинг барчаси ибодатдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб, Ўзинниг маҳбуб бандаларининг сифати баёнлаб дейди:
“Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар” (Тавба сураси 108-ояти.)
Демак, Парвардигори оламга севикли банда бўлиш учун инсон ўзини, ён-атрофининг поклигига диққат қилиши лозим.
Оиша онамиздан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қиладилар: “Пок бўлинглар, зеро Ислом дини покдир ва фақат пок кишилар жаннатга кирурлар”
Абдуллоҳдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қиладилар: “Поклик кишини иймонга чақиради. Иймон эса, ўз эгасини билан жаннатда биргадир”
Демак, ҳар бир мусулмон аввало ўзининг ботиний ва зоҳирий ҳолатининг поклигига эътибор бериши лозим. Инсоннинг нияти пок бўлса, амали пок бўлади ва амали пок бўлган инсон ҳадисга мувофиқ жаннатга киради.
Покликнинг яна бир томони мусулмон киши ўзининг ён атрофининг поклигига диққат қилиши экан. Уй-ҳовлисининг озодалигига, кўча-куй тозалигига қолаверса ўзи яшайдиган шаҳарининг тозалигига жуда ҳам диққат қилмоғи лозим. Чунки бу нарса динимизда иътиборли саналади.
Абу Барза р.а дан ривоят қилинади: Абу Барза Асламий р.а. келиб Расулуллоҳ с.а.в.дан сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, мени жаннатга киритадиган амалга буюринг”. Шунда жаноби Пайғамбаримиз с.а.в.: “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, деб айтдилар.
Азизлар, бу ҳадиси шарифдаги буюк маънога эътибор қаратинг. Бир саҳобий Расулуллоҳ с.а.в.дан ўзини жаннатга киритадиган амални ихлос билан сўраяпти. Менга жаннат йўлини кўрсатинг, шуни қилсам, жаннатга кирадиган бўлай, деяпти. Расулуллоҳ с.а.в. эса: “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, деяптилар.
Демак, шу ишни қилсанг, жаннатга кирасан, демоқчилар. Одатда бизлар, эринчоқлик қилиб, йўлдаги озор берадиган нарсаларни олиб ташлашни унчалик хуш кўрмаймиз: “уни олсам, уст-бошим, қўлим, кир бўлади, кўрганлар нима дейди” каби ҳар хил андишалар қиламиз. Бироқ, Расулуллоҳ с.а.в. одамлар йўлидаги озор берувчи нарсаларни олиб ташлашни жаннатга сабаб бўладиган амал деб айтганлар.
Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинади: Набий с.а.в. марҳамат қиладилар: “Бир мусулмон одам йўлда ётган тиконнинг олдидан ўтиб қолди. “Албатта, мана шу тиконни олиб ташлайман, бир мусулмон одамга зарар бермасин”, деб уни олиб ташлади. Бас, унинг гуноҳлари мағфират қилинди”
Абу Зар р.а. дан ривоят қилинади: Набий с.а.в. марҳамат қиладилар: “Менга умматимнинг амаллари намойиш қилинди. Яхшиси ҳам, ёмони ҳам. Умматимнинг энг яхши ишларидан бири йўлда ётган озор берувчи нарсаларни олиб ташлаш эканини билдим. Умматимнинг энг ёмон ишларидан бири масжидда кўмилмай қолган балғам эканини ҳам кўрдим”
Расулуллоҳ с.а.в. бу амални иймон даражасига чиқардилар.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Росулулло с.а.в айтдилар.“Иймон 70 нечта ҳам қисмдир. Унинг энг пастки даражаси йўлдан азият берадиган нарсани олиб ташлаш ва энг юқориси эса لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهдейиш, (яъни шунга амал қилиш)”.
Абу Зар р.а. дан ривоят қилинади: Набий с.а.в. марҳамат қиладилар: “Сабоҳда сизнинг ҳар бирингиздан ҳар бўғинига садақа лозим бўлади. бас, ҳар бир тасбеҳ садақадир, ҳар бир таҳмид садақадир, ҳар бир таҳлийл садақадир ва ҳар бир такбир садақадир. Амри маъруф садақадир. Наҳйи мункар садақадир. Ўшаларнинг ўрнига чошгоҳда икки ракаат Зуҳо намозини ўқиш кифоя қилади”
Абдуллоҳ р.а. Аби Бурайда р.а. дан ривоят қилади: Набий с.а.в. марҳамат қиладилар: “Ҳар бир инсонда 360 та бўғин бор. Унинг ҳар бир бўғини учун садақа қилиб турмоғи лозим”. Саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, бунга кимнинг тоқати етади?” Расули Акрам с.а.в.: “Агар 2 ракаат Зуҳо намозини ўқиёлмасангизлар, ёки масжиддаги балғамни кетказинг, ёки йўлда зарар берадиган нарсани четга суриб қўйинг”.
Яна Росуллоҳ с.а.в ни қўйдаги сўзни айтганларини эшитдилар“Масжидларни қуринглар ва ундан ахлатларни чиқаринглар. Кимики Худо учун масжид қурса, Аллоҳ таоло у учун жаннатда бир қаср қуради ва масжиддан ахлатларни териб олиш бу жаннатдаги ҳуру айнларнинг маҳридир
Азизлар, инсонларнинг ҳожатлари тушадиган жойлардан ахлатларни олиб ташлашлик, жуда катта ажрларга эга қилади. У хоҳ масжид бўлсин, хоҳ қабристон бўлсин, ёки одамлар дам оладиган масканлар, боғлар бўлсин, мана шу ерларни озода сақлашлик, ифлос қилмаслигимиз иймонимизнинг комиллигидан далолат қилади.
Абу Ҳурайра р.а. ривоят қиладилар: Бир ҳабаш эркак ёки аёл бор эди. Доимо масжиддаги ахлатларни, ортиқча нарсаларни чиқариб юрар эди. Расулуллоҳ уни кўрмаганлари учун сўрадилар. Ё Расулуллоҳ у киши ўлди – дедилар. Шунда Пайғамбаримиз с.а.в. хафа бўлиб дедиларки: “Нима учун менга айтмадингизлар? Қани қабрини менга кўрсатинглар” деб қабр бошига бориб жанозасини ўқидилар.
Расулуллоҳ с.а.в.нинг бу инсонга нисбатан ҳурматларига эътибор беринг. Ким хоҳлайди мана шундай ҳурматни истайди? Унда амал қилсин.
Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинади: Набий с.а.в. марҳамат қиладилар: “Икки лаънатловчидан сақланинглар”. Саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ с.а.в., икки лаънатловчи нима у?” “Одамларнинг йўлига ва соя жойга хало қилган” дедилар. Бошқа ривоятда: “Учта лаънатловчидан – сув бошига, йўлга ва сояга қазои ҳожат қилишдан ва ахлат ташлашликдан сақланинглар”, дедилар. Ахлатларни кўчага чиқариб ташашлик.
Мана шариатимизда жамоат жойларида озодаликка, тозаликка, озор берадиган нарсаларни йўқотишга қанчалик кучли тарғиб бор. Бу ҳадиси мубораклардаги ҳақийқатни тушуниб олайлик, ахир фаҳмига етайлик. Жамоат жойларида расво қилиб туришлик қанчалик ёмон эканлиги, аксинча тозалашлик эса Расулуллоҳ с.а.в.нинг буйруқлари эканлигини тушуниб етайлик.
Росулуллоҳ с.а.в. марҳамат қиладилар: “Уйларингизда ахлат-чиқиндиларни қолдирманг, чунки ахлат-чиқиндилар жину шайтонларнинг хуш кўриб ўтирадиган жойларидир”
Тариқати нақшбандиянинг улуғи, шаҳримиз дунёга танилишининг сабабчиси, буюк бобокалонимиз Баҳоуддин Нақшбанд қ.с. ҳазратларининг авлиёлик мартабасига эришганликлари сабаби бундай бўлган. У зотнинг ҳирқаларининг этагидан 7 йил тупроқ ҳиди кетмаган экан. Яъни кечалар туриб йўл устидаги инсону ҳайвонларга зарар берадиган барча нарсаларни қўллари билан олиб ташлаб тозаланган эканлар. Мана шу ишларни қилганлари учун Аллоҳ таоло у кишига авлиёлик мартабасини насиб қилган.
Росулуллоҳ с.а.в. марҳамат қиладилар: “Бир киши йўлда кетаётганди, кўзи тиконли бир шох-шабага тушди ва “Аллоҳга қасамки, агар шуни олмасам бирорта мусулмонга зарар беради”, деб уни олиб ташлади ва Аллоҳ таоло шу иши сабабли гуноҳини мағфират қилди”
Аллоҳ таоло барчаларимизни доимо поклик ва озодалик йўлидаги саъю ҳаракатларимизга Ўзи мададкор бўлсин, Ўзини рози қиладиган амалларда бардавом айласин.
Чориев Низомиддин қори Тошболта ўғли-Термиз шаҳар бош имом хатиби