Амр ибн Ос музаффар саркарда ва ҳайбатли амир бўлишларига қарамай, иш давомида йўл қўйилган баъзи хатолари учун халифадан танбеҳ ёки жазо олганларида ҳам хафа бўлмас эдилар.Мисрда уюштирилган от пойгасида бир насроний, қибтий йигит Миср волийси Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг ўғилларидан ўзиб кетади. Шунда Амр ибн Оснинг ўғиллари қибтий йигитни «Ҳали сен хожанинг ўғлидан ўтиб кетадиган бўлдингми?» деб, бир қамчи уради. Қибтий йигитнинг отаси Мадинага бориб, халифа ҳазрати Умарга арз қилади. У киши Амр ибн Оснинг ўзини ҳам, ўғлини ҳам чақиртирадилар. Улар етиб келишади. Катта мажлисда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларга «Қачондан бери оналаридан ҳур туғилган одамларни қул дейдиган бўлиб қолдиларинг?» дейдилар ва қибтийга қамчини бериб, «Бу хожанинг ўғлини яхшилаб савала», дейдилар.
Қулоқларига ишонмай турган қибтий йигит волийнинг ўғлини уриб, қамчини халифага узатади. Аммо ҳазрати Умар «Энди отасини ур», дейдилар. Қибтийнинг ҳайрон бўлиб турганини кўриб, «Бу сени отасига ишониб урган» дейдилар. Қибтий йигит бу адолатга қойил қолиб, шу жойдаёқ калима келтириб, мусулмон бўлади ва ҳаққидан кечиб, Амр ибн Осни уришдан воз кечади.Шунда ҳазрати Умар унга «Аллоҳга қасамки, агар сен уни урганингда, ўзинг тўхтамагунингча ҳеч ким сени тўхтатмас эди», дейдилар.
Бу ерда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг улуғ саҳобий, шавкатли лашкарбоши Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг ўғлини бир ғайридинга калтаклатганларига ажабланиш керак эмас. Калтак еган одамнинг ҳаққини уни урган одамдан олиб берганлари-ку майли, аммо буюк саҳобий Амр ибн Оснинг ўзларини ҳам калтаклашга ҳукм қилганлари-чи? Бироқ, бунга ҳам ажабланиш керак эмас. Чунки ҳазрати Умарнинг бундан ҳам ақл бовар қилмас адолатларига тарих кўп бор гувоҳ бўлган. Қолаверса, халифа ҳазрати Умар бу одил ҳукм билан ўз бурчларини адо этдилар, холос. Бу ердаги ажабланадиган нарса – ғайридин киши мусулмон волийнинг устидан мусулмонларнинг халифасига шикоят қилиш учун Мисрдан Мадинага арзга борганидир. Агар бу одам Ислом адолатидан, ҳурриятпарварлигидан умидвор бўлмаганида, ноҳақ одам устидан адолатли ҳукм чиқарилишига аниқ ишонмаса, бундай қилмас эди. Чунки унинг ўз юртида, ўз қавмида қулчилик ниҳоятда ривожланган эди. Бу Исломдаги мутлақ адолатига ишонгани учунгина шу узоқ сафарга отланган эди.
Олтинсой тумани «Қорлиқ» жомеъ
масжиди имом-хатиби Турдиев Ҳамидуллоҳ