Сутга сув қўшиш гуноҳдир!
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Мадина кўчаларини бир-бир айланиб чиқар эди. Кунларнинг бирида қулоғига бир товуш эшитилди:
- Қизим! Озроқ сув олиб келсанг, сутга қўшар эдик, бугун сут кўзимга оз кўринаяпти.
- Қиз ҳайратланиб:
- Вой, онажон! Нималар деяпсиз? Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу сутга сув қўшманг, деб буюрган эди-ку,- деди.
Онаси унга жавоб бериб:
- Қизим, биласанки, тирикчилигимиз сут билан ўтади. Мен бир бева аёлман, ҳеч даромадимиз йўқ. Сутга бироз сув қўшсак кўпаяди, эҳтиёжимизга ишлатамиз,- деди.
Яратгандан қўрқиш қалбига жо бўлган одобли қиз: Онажоним, бугун сизга нима бўлди? Сизнинг бундай деганингизни Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу эшитса нима бўлади? – деди.
- Қизим, кечаси бу вақтда Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ухлаб ётибди. Бизнинг бу ерда сутга сув қўшганимизни қандай билади, қандай кўради?- деди.
Қиз онасини гуноҳдан қайтаришга ҳаракат қилиб:
- Онажон! Бугун сизга бир нарса бўлибди! Сиз шундай сўзларни айтмоқдасиз! Сиз айтган ҳийлани Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу агар кўрмаса, ҳамма нарсани билувчи Тангри билади ва кўради! Сутга сув қўшиш гуноҳдир! – деб онасини гуноҳдан сақлаб қолди.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу бу суҳбатни охиригача эшитди. Эртасига эрталаб у ерга келиб, гўзал ахлоқи, яхши фазилатли, иффатли ва тарбияли қизни ўғлига сўради. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ўғлини фақир қизга уйлантирди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг ўша муборак келинидан шундай авлодлар – фарзандлар дунёга келдики, улардан бири Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу каби адолатли бўлиб, тарихда иккинчи Умар исмини олди. Бу зот Умар бин Абдулзиздир. Умар бин Абдулазиз бобоси каби адолатни севувчи, бир муҳтарам зотдир.
Умар бин Абдулазизнинг хизматчиси, хожаси учун совуқ кунларда таҳорат сувини иситиб берарди. Бир куни Умар бин Абдулазиз хизматчисидан:
- Бу иссиқ сувни қаердан олиб келасан, — деб сўради.
Хизматчиси:
- хазинанинг ўтинларида сув иситиб келаман, — деди.
Унга Умар бин Абдулазиз:
- Таҳорат сувимизни бузибсан–ку, — деди.
Кейин хазинага бориб хизматчиси қачондан бери бу ернинг ўтинига сув иситган ва қанча ўтин кетган бўлса, ўшани ҳисоблашни буюрди. Ва ўзининг шахсий маблағидан ўтин олиб хазинага келтириб берди.
Умар бин Абдулазизнинг хотини Фотимадан эри Умар бин Абдулазизни сўрабдилар. Фотима:
- Унга ўхшаш Яратгандан қўрққан кишини кўрмадим. Баъзан ётоғида хотирлаб номини зикр этиб, қўрқиб, унинг улуғлигидан қуш каби питирлаб ўзидан кетади. Шу даражадаки, гўё руҳини таслим этадигандек.
(юқоридаги ибратли ҳикоялардан келиб чиқиб) Изоҳ ва ўгит.
Аллоҳдан қўрқмоқликнинг хайрли ва фойдали натижалари бордир. Агар Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу келин қилган қиздан бойлик истасайди, шундай фазилатли бир набирали бўлмас эди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу учун фазилат мезони — Яратгандан қўрқиш ва Унга нисбатан энг юксак даражадаги муҳаббатли бўлиш эди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу яхши фазилат ва гўзал сифатларни бу фақир қизда кўрган эди. Йўқсиллигига қарамай, у қиз яхши фазилатларни йўқотмади. Сутни кўпайтириш учун сув қўшишга ўрганмади. Ҳар бир қулининг ризқини берадиган Яратганнинг ўзи эканлигига ишонган фазилатли бу фақир қиз Умар розияллоҳу анҳунинг келини бўлди.
Ҳикматлар ҳазинаси китоби 97-бет
Қизириқ тумани “Хомкон” жомеъ масжиди имом хатиби: Ж. Эргашев