ИСЛОМДА ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ
Дунёда яшаган ҳар бир инсон билади-ки, инсонга қўшнидек асқотадиган бирон кимса йўқ. Ота-боболаримиз: “Уй олма, қўшни ол” деганлар. Қўшни уйга қараганда жуда муҳимдир. Яна ота-боболаримиз: “Қўшни қўшнининг кулига муҳтож”, “Қўшнинг тинч-сен тинч” деганлар ва бу сўзларнинг мезонларини Қуръондан олганлар.
Кишининг оила аъзоларидан сўнг энг кўп дуч келадиган, мулоқот қиладиганлари қўшниларидир. Кишининг ўзгаларга муносабати қўшниларга муносабати орқали шаклланади. Қўшниларни ҳурматлашни ва уларга яхшилик қилишни ўрганган, ёмонликни раво кўрмаган киши бошқаларни ҳам ҳурматлайди, ҳеч кимга ёмонлик қилмайди. Шунинг учун фарзандларимизга доимо қўшниларга яхшилик қилиш, уларга азият етказишдан сақланиш, қўшничилик одоблари ҳақида насиҳатлар қилишимиз зарурки, токи улар комил фарзандлар бўлиб етишсинлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳ таолога ва Қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисини ҳурматласин”, дедилар. Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Кишининг ёмонликларидан қўшниси омон бўлмаса, у жаннатга кирмайди”, деганлар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан доимо Аллоҳ таолонинг ибодати билан машҳур, лекин қўшнилари билан яхши муамилада бўлмасдан, уларга хунук, қўпол гапирадиган аёл ҳақида сўралганда у зот: “У хотинда ҳеч яхшилик йўқ. У жаҳаннамга киргувчидир”, дедилар. Юқоридаги ҳадислардан кишининг яхши амаллари мақбул бўлишида, жаннатий бўлишидек орзуси амалга ошишида яхши қўшничиликнинг аҳамияти беқиёс эканлиги, қўшниларини норози қилган ҳолда Аллоҳ таолонинг розилигини топиш мумкин эмаслиги тушунилади.
Қўйидагилар қўшничилик ҳақларидан эканлиги ҳадисларда зикр қилинган. Қўшни ёрдам сўраса, ёрдам бериш, қарз сўраса қарз бериш, бемор бўлса ҳолини сўраш, қўшнига бирор яхшилик етса табриклаш, бирор мусибат етса, таъзия билдириб, тасалли бериш, қўшни оламдан ўтса жанозасида қатнашиш, у рози бўлмаса, уйининг деворини унинг уйи деворидан баланд қилмаслик, тансиқ таомлар пиширганда қўшнига ҳам улашиш, қўшни бирор жойга кетганда уйи ва манзилидан хабардор бўлиш ва сақлаш, чақирса жавоб бериш, қўшничилик ҳақларидандир.
Ислом дини таълимотига кўра қўшничиликда миллатнинг, динининг ва насабнинг аҳамияти йўқ. Қўшни ким бўлишидан қатъий назар, уни ҳурматлаш, ҳаққини адо қилиш вожиб, унга озор етказиш ҳаромдир.
Ҳазрати Умар р.а нинг ўғли Абдуллоҳнинг бир яҳудий қўшниси бор эди. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бир куни туя сўйдилар. У киши хизматкорларига “Қўшнимизни унутма деди ва бир оз вақт ўтиб яна, “Яҳудий қўшнимизни утутмадингми?” деб сўрадилар. Хизматкор, тақсир ҳозир айтиб эдингиз. Қўшнига гўшт ажратиб қўйдик, ҳозир олиб чиқиб берамиз, деди. Уч-тўрт дақиқа ўтиб Абдуллоҳ хизматкорни чақириб, яна сўради. Шунда хизматкор : Узр сўрайман, шу пайтгача сизга итоатсизлик қилган эмасман, биласиз. Кейин ҳам қилмайман. Нега қўшни ҳақида бунча қайғурасиз? деб сўради. Шунда Абдуллоҳ р.а: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Жаброил алайҳис салом менга ҳамиша қўшни ҳақида васият қилар эдики, мен яқинда қўшнига ҳам мерос берилса керак, деб ўйлардим” деганларини эшинганман дедилар.
Кишига қўшнилари берган баҳо энг тўғри баҳодир. Бир киши: “Ё Расулуллоҳ, яхшилик ё ёмонлик қилганимни қандай биламан?” деб сўради. Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар қўшниларингиз “яхши қилдингиз” деса, яхшилик қилган, “ёмон қилдингиз” деса, ёмонлик қилган бўласиз”, дедилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кимни қўшниси яқинлари ва йўлдоши мақтаса, унинг яхшилиги ҳақида шубҳа қилманг”.
Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу айтдилар: “Қўшнига азият бермаслик яхши қўшничилик эмас, яхши қўшничилик, қўшнидан етаётган баъзи азиятларга сабр қилишдир”.
Борини қўшнилар билан баҳам кўриш, қўшнида бор нарсадан таъма қилмаслик қўшничиликнинг чиройли бўлиши сабабларидандир. Қўшничилик чегараси ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Билингки, қирқ ҳовли қўшнидир”, деганлар. Уломаларимиз бу ҳадисни шарҳлаб: “Олди томондан қирқ ҳовли, орқа томондан қирқ ҳовли, ўнг томондан қирқ ҳовли, чап томондан қирқ ҳовли, қўшнидир” деганлар. Мусулмончиликда қўшни ҳаққи мана шундай улуғдир. Мусулмон киши бу ҳақларни тўғри тушиниб, унга амал қилиб, чиройли қўшничилик қилмоғи, меҳр оқибатли бўлмоғи лозимдир.
Музработ туман Дустмухаммад бобо жоме масжиди имом-ноиби Х.Боботожиев