Бидъат ва хурофотдан сакланайлик!

Аввало бидъат — Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин одамлар томонидан динга киритилган янгиликлардир.Уламоларимизнинг  айтган  фикрлари  буйича бидъат икки хил бўлади:

  1. Бидъати ҳасана (яхши саналган бидъат), масалан: мавлид ўқиш, таровиҳ намозида хатми Қуръон қилиш кабилар.
  2. Бидъати саййиа (ёмон деб саналган бидъат), масалан: Пайғамбар алайҳиссалом кўрсатиб берган мотам кунларига қўшимча мотам тутиш, ислом динида байрам қилиб белгиланган ҳайит кунларини мотамсаро кайфиятда ўтказиш, қабристонларга бориб шам ёқиш кабилар.

Хурофот эса халқ ўртасида одатга айланган, аммо дин кўрсатмаларига зид бўлган амаллардир. Масалан: аёлларнинг фарзанд талаб қилиб, дарахтга латта боғлашлари, янги келин-куёвларнинг никоҳ кечаси аланга ёқиб, унинг атрофида айланишлари ва шу кабилар. (Муфтий Усмонхон Алимов, “Сўраган эдингиз”)

Жамиятга, ҳатто динга зарар келтирувчи зарарли одатлар бор. Биз уларни умумий тарзда «Бидъат ва хурофот» деб юритамиз. Энди сўз шу ҳақда. жанозадан фотиҳа ўқиш учун қайтганларга атаб жонлиқ сўйилиб, ноз-неъматли дастурхонни безаб қўйишади. Бу дастурхон уч кун давомида ёзиғлиқ туради. Марҳумнинг вафотидан сўнг еттинчи, йигирманчи, қирқинчи кун ва бир йилда дастурхонни тўйлардан ҳам дабдабалироқ тарзда ёзилиб “эҳсон” қилишади. Марҳумни “гуноҳлардан поклаш”мақсадида ўқилмаган намозларини, тутилмаган рўзаларини ҳисоблаб, нақд пулни ё автомашинани ёки бир буқани ипга боғлаб давра қилишади. Жаноза намозига келганларга марҳумнинг “вафотимдан сўнг тарқатасизлар” деб тўплаб қўйилган пулини тарқатишади.Ҳозирги кунда кўпгина маҳалла ва  хонадонларда бу ишларнинг бидъат эканини тушуниб, ушбу ишларни қилишмаяпти. Аслида тирикликда қилиниши лозим бўлган ибодатлар ва хайр-эҳсонларнинг вафотидан кейин қилингани қанчалик манфаати бор. Шу ўринда бир ривоятни эслаб ўтиш жоиз: Бир мамлакатнинг одил ва доно подшоси қарилик ёшига етгач, тахтни ўғлига топшириб, дебди-ки:
— Эй кўзимнинг нури, умидим чечаги, бу обод мамлакатни сенга топшираяпман. Ақл билан иш юритгин ва унинг хорланишига йўл қўйма. Мен мамлакат хазинасидан ташқари ўзимнинг бойлигимни ҳам қўлингга топшираман. То менинг жоним бор экан, сен унинг бир мисқолига ҳам тегмагин. Менинг  вафотимдан   сўнг бу хазинани очасан-да, мискин-камбағалларга улашиб чиқасан. Токи уларнинг дуоларидан руҳим баҳраманд бўлгай.
Не бахтким, ўғил ҳам отаси каби доно экан. Мамлакатни яхши идора этиб, юртни янада обод қилиб, раият дуосини олибди. Аммо унинг бир одати бор эканки, на сарой аҳли ва на шаҳар аҳли тушунаркан. Бирон бир кишининг «Эй подшоҳим, бу қилиғингизни тушунмоққа ақлларимиз косирлик қиляпти, бизга бунинг маъносини англатиб қўйинг», демоққа юраги бетламас экан. Вақтики келиб, кекса подшоҳ собиқ ва содиқ мулозимларини чорлаб, ўғлининг ҳол-аҳволини сўраганда улар юрак ютиб, воқеани баён қилган эканлар. Ўғлининг қилиғидан ҳайратланган подшоҳ дарҳол уни чорлатиб, бу ҳаракатининг маъносини сўрабди. Ўғил фарзандлик бурчига, одобига риоя қилган ҳолда дебдики:
— Отажон, сиз менга хазинангизни вафотингиздан сўнг халққа улашишни васият қилган эдингиз. Рости, мен бу амрни бажармоққа бурчли ва мажбур бўлганим туфайли сиз зоти олийларига эътироз билдирмоққа журъат этмадим. Бироқ, ҳар тун шаҳарга чиққанимда фонус-чироқни олдинда эмас, орқа томонда олиб юрмоқни амр этдим. Сабабки, вафотидан сўнг эҳсон улашмоқ — қора тунда чироқни орқа томонда ёритиб бормоқ каби эмасми? Орқа томондаги фонус ёруғидан йўловчига не фойда? Олдинда ёқиб бормоқ афзал эмасмикин?
Ота ўғлининг бу доно тадбиридан қувониб, бойлигини ўзи камбағалларга улашиб берган экан.

Ўтмишда одамлар  бир қишлоқдан иккинчисига етиб келгунча от-аравада узоқ йўл босишган. То жанозага етиб келгунларича очиқишган, чанқашган, хоришган. Уларга дам бериш, тўйдириш учун овқат пишириб қўйишган. Қайтиб кетишларига асқотар деб озгина пул ҳам беришгандир. Энди эса бунга зарурат йўқлигини ҳамма билади. Ҳозир қишлоқлар ораси унча узоқ эмас, автомашина деган беминнат дастёримиз ҳам бор. Жанозага келганларнинг шу ернинг ўзида овқатланишига, айниқса бериладиган беш-ўн сўм пулга муҳтожликлари йўқ. Жанозадан кейинги барча бидъатларни таҳлил этсак, марҳумга, унинг руҳига фойдасиз эканини кўрамиз. Лекин  уч кундан сўнг вафот этганларни унутиш мумкин, дейиш мумкин эмас. Инсон тирик экан, ўтганларини эслашга, дуо қилишга буюрилган. Инсон ҳар куни Яратганга муножот қилиб, марҳумларни мағфират этишини сўрайди. Зеро, «дуо»нинг луғавий маъноси — «илтижо»дир. Марҳумлар бизнинг дуоларимизга муҳтождирлар. Марҳумларнинг руҳи яхши ишларимизнинг савоблари, поклигимизда қилган холис дуоларимиздан баҳраманд бўладилар.

Динда эҳсон-худойиларнинг аниқ муддатлари белгиланмаган. Бу маъракаларни ўтказиш учун бировнинг ўлимини ёки бошга ташвиш тушишини кутиш шарт эмас. Кимнинг қачон имкони бўлса, исроф қилмаган, барча одамларни тенг кўрган ҳолда ўтказавериши мумкин. Абу ат-Туфайл Омир ибн Восила (розиёллоҳу анҳу) айтдилар: Ҳазрат Али (карамаллоҳу важҳаҳу)дан сўралганда, ҳазрат Али: «Пайғамбаримизнинг (соллалоҳу алайҳи васаллам) ўзимизга ҳос айтган гаплари фақат мана шу қиличимнинг қинидагилардир»,- дедилар-да, ундан бир саҳифа қоғоз чиқардилар. Бу саҳифада: «Аллоҳ таолодан бўлак нарсалар номига атаб бирон жонлиқни сўйган кишига, ота-онасига лаънат ўқиган кишига ва шариатда бўлмаган нарсаларни дин номидан пайдо қилганларга йўл берган (имконият туғдирган) кишига ҳам Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин», деган ҳадиси шариф ёзилган экан.

Демак, ёмон деб саналган бидъатлардан доимо эҳтиёт бўлайлик!

Манбалар асосида:

Бойсун тумани “Пулхоким” жомеъ масжиди имом-хатиби:           А.Тошматов

 

 

 

 

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here