Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин, Юртимизда умра ибодатига кенг йўл очилиб, Байтуллоҳни тавоф қилувчилар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Илоҳим кўпайишда давом этаверсин!
Умра ибодатининг ўзига хос бир қанча фазилатлари бор. Ўшалардан бири гуноҳларнинг ўчирилиши. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиб айтади:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : “العمرة إلى العمرة كفارة لما بينهما، والحج المبرور ليس له جزاء إلا الجنة
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Бир умра кейинги умрагача бўлган оралиқдаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти эса фақат жаннатдир! (Имом Бухорий).
Умра фазилатларидан яна бири шуки, зиёратчилар Аллоҳнинг меҳмонлари ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
الغازي في سبيل الله والحاج والمعتمر وفد الله دعاهم فأجابوه وسألوه فأعطاهم
Аллоҳнинг йўлида душманга қарши қурол олганлар, ҳожилар ва умра қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир. Уларни Аллоҳ чақирган улар лаббай деб борганлар. Улар Аллоҳдан ҳожатини сўраган Аллоҳ эса ато этган. (Ибн Можа).
Умра ибодати умрачиларни гуноҳларини ўчиргани каби улардан фақирликни ҳам кўтаради. Умра зиёратини амалга оширганларнинг молига Аллоҳ барака беради. Бу Ҳам Умранинг бир фазилатидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар:
تابعوا بين الحج والعمرة، فإن متابعة بينهما تنفي الذنوب بالمغفرة كما ينفي الكير خبث الحديد
Ҳаж ва умрани бир-бирига эргаштириб қилинглар. Чунки бу икки ибодатни кетма-кет бажармоқ худди темирчи темирни тозалагани каби гуноҳларни мағфират билан тозалаб ташлайди. (Имом Термизий). Бу ҳадисга кўра ҳажнинг ортидан умра қилмоқ мустаҳаб экани тушунилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёти давомида тўрт марта умра қилганлар. Шунинг тўртинчиси ҳаж сафарида ҳаж ибодати билан бирга адо этган умралари эди.
Маълумки, шарафли вақтларда амалга оширилган ибодатнинг савоби ҳам шунга яраша кўп бўлади. Шунга кўра, имом Ибн Жавзия раҳимаҳуллоҳ айтган эканлар: Рамазони шариф ойида бажарилган умранинг савобли икки ҳисса кўп бўлади. Ибн Баттол эса: “Рамазонда қилинган умранинг савоби ҳажникига тенг келади. Бироқ у ҳаж фарзини соқит қила олмайди холос”—деган.
Ундан ташқари яна шуларни алоҳида келтириш ўринли бўладики, умрачилар Байтуллоҳнинг атрофида тавоф қилиб айланар экан уларнинг ҳар бир қадамига бир ҳасана ёзилиб, биттадан гуноҳлари ўчириб борилади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилган, ул зот айтганлар:
من طاف بالبيت، لم يرفع قدما ولم يضع أخرى إلا كتب الله له حسنة: وحط عنه بها خطيئة ورفع له بها درجة
Кимки байтуллоҳни тавоф қилар экан бир оёғини ердан кўтариб, иккинчисини ерга қўйгунича Аллоҳ унга бир ҳасана ёзади, битта гуноҳини ўчиради ва даражасини бир поғонага ошираверади. (Имом Аҳмад).
Аллоҳ таоло барчамизни Байтуллоҳни қайта-қайта тавоф қилиш бахтига муяссар этсин!
Cирожиддин МУХИДДИНОВ
Сурхондарё вилояти олтинсой тумани «Саййд Мухиддинхон»
жоме масжид имом хатиби