Кўп куладиган кишининг ҳайбати камаяди
Одамлар орасида юриб, айрим кишиларнинг имо-ишоралар орқали бўлаётган суҳбатининг гувоҳи бўлиб қоламиз. Уларнинг ўз фикрини бир-бирларига зўр бериб тушунтираётгани, баъзи гапларини тушунтириш учун эса ерга, ҳавога ёки қоғозларга ёзиб қийналаётганини кўриб уларга ачиниб ҳам қўямиз. Чунки, “тил қалб кўзгуси” дейишади. Қалбимиздан чиқаётган гапларни тилимиз орқали ифода этиш бизлар учун жуда ҳам осон иш. Улар эса ана шундай қулайликдан маҳрумдирлар.
Тил – Аллоҳнинг бизларга берган улуғ нематларидан биридир. Гарчи у жисман кичик аъзомиз бўлса-да, фойдаси ё зарари жуда ҳам каттадир. У туфайли хайрли сўзларни айтиб, ўзимизга яхшилик ва савоб келиши ёхуд қабиҳ сўзларни айтиб, ўзимизга зарар ва гуноҳ етиши мумкин. Тилнинг фаолият ва таъсир доирасига чек йўқ: яхшилик сари юрса, у орқали чексиз имконият ва манфаатлар бисёр. Ёмонлик йўлига кирса, хатар ва адашишлар уммонига ғарқ бўлиб, тубсиз тубанликка кетиш мумкин. Шунинг учун динимизда тилга эътибор борасида жуда муҳим кўрсатмалар берилган. Уламоларимиз ҳам тил офатлари, уларнинг турлари ҳамда улардан сақланиш борасида ўз тавсияларини бериб ўтганлар.
Ана шундай тил офатларидан бири ҳазил – мазах ва алдамчиликдир. “Мазах” арабча сўз бўлиб, аслида ҳазил-мутойибани англатади. Ҳазил- бошқалар билан бўлган сўзлашувда енгил ва беозор кулгили гап маъносида бўлиб, дўст- биродар ва тенгдошлар орасида бўлса, жоиз ҳисобланади. Албатта, озор, ғийбат, мазхара, айблашга ўхшаш нарсалардан четда бўлиш шарти ила.
Меъёридаги ҳазил-мутойибада меҳнат чарчоқлари ва кўнгил сиқилишларидан бироз енгиллашиш бор. Кишининг ўз оиласи, фарзандлари билан ҳазил мутойиба қилиши эса мусулмонларнинг одати ва Набийларнинг ахлоқларидан бўлган. Ҳа, Расули Акрам соллаллоҳу алаҳи васаллам ҳам ҳазиллашардилар, фақат ҳазилларида ёлғон бўлмасди. Ул зот бир кишига: “Эй икки қулоқли”, бошқа бировга эса “сени туянинг боласига миндирамиз” – дея ҳазил қилганлар. Бир сафар бир қари кампир: “мен ҳам жаннатга кираманми, ё Расулуллоҳ” — деб сўраганларида, ул Зот: “Кампирлар жаннатга кирмайди” — дедилар. Кампир эса йиғлай бошлади. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Албатта, сиз ўша куни кампир бўлмайсиз” – дедилар ва ушбу оятни ўқидилар: “Кейин уларни бокира қизлар қилдик” (Воқеа сураси, 36-оят)
Анас ибн Молик розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом биз билан аралашиб юрар эдилар. Ҳатто, бир куни укамга:
“Йа абу Умайр , маа фаъалан нуғайр” яъни
Эй абу Умайр, нима бўлди нуғайр – деганлар”
Абу Умайр ҳазрати Анаснинг укалари бўлиб, чумчуққа ўхшаш бир қуши бўлган экан. Бола ўйнаб юрган қуш ўлиб қолган. У йиғлаб ўтирганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васаллам келиб қолиб, боланинг кўнглини кўтариш учун ана шундай ҳазил қилиб уни овутганлар.
Кўриниб турибдики, динимизда ҳаддан ошмасдан, тўғрилик билан ҳазил-мутойиба қилиш бор экан. Лекин ҳаддан ошиб, бошқаларга озор бериб, уларни масхара қилишлик бирор ўринда кўрсатилмаган. Чунки, бундай одатлар мусулмонлар орасини мустаҳкамлаш ўрнига, уларнинг бир-биридан хафа бўлиб, ўзаро гина – кудуратга боришига сабаб бўлади.
Айни кунларда кўпгина халқлар қатори бизнинг юртимизда ҳам ҳазил мутойиба куни 1-апрель санаси яқинлашмоқда. Бу кунда кўпчилик, айниқса, ёшлар ўзаро ҳазиллашиб, ҳар-хил алдов ва ёлғонлар билан бир-бирларини масхара қилиш, қийин аҳволга солиб қўйиш ҳолатлари учрайди. Баъзилар эса дўсти ё бир яқинига жиддийроқ ҳазил қилиш оқибатида, унинг кўнглини ранжитиб қўйиб узоқ муддат аразлашиб қолади. Бу каби ҳазил-мутойиба ҳеч бир ақлли кишига тўғри келмайди. Айниқса, бировнинг устидан кулиш, уни масхара қилишдан динимизда қаттиқ қайтарилган. Аллоҳ таоло: “Эй, мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасин)! Эҳтимолки, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлса. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилмангиз ва бир-бирларингизни лақаблар билан атамангиз! Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан) зулм қилувчилардир” деб марҳамат қилган. (Ҳужурот сураси, 11-оят)
Албатта, ўзгаларни масхара килиш, устидан кулиш ва алдамчилик ёмон одатлардан бўлиб, одамлар ўртасидаги меҳр-оқибатнинг сустлашишига олиб боради. Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситса, устидан кулса албатта, масхара қилинган одамнинг аччиғи чиқади, у ҳам унга нисбатан жавоб беришга уринади. Орада уруш-жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заифлашади. динимиз эса, доимо жамиятни мустаҳкам, тинч, хотиржам бўлишга чақиради.
Шундай экан, бир-биримизни ҳурмат қилиб, меъёрида ҳазил – мутойибада бўлайлик. Меъёридан ошган кулги ҳам қалбни ўлдирар экан.
Умар розиаллоҳу анҳу айтадилар: “Кўп куладиган кишининг ҳайбати камаяди. Ҳазиллашаверадиган киши ҳазилни енгил санайдиган бўлади. Ким нимани кўп қилса, шу билан танилади. Ким кўп гапирса, нуқсони кўпаяди. Нуқсони кўпайган кишининг ҳаёси кетади. Ҳаё кетса, тақво камаяди. Тақво камайса, қалб ўлади”.
Ҳар бир кунимизни ғанимат билиб, ўзимизга фойда бўладиган яхши ва савоб ишларга сарфлайлик. Ана шунда бир-биримизга нисбатан ҳурматимиз ошиб, жамиятимиз ҳам янада мустаҳкам бўлиб бораверади.
Қизириқ тумани “Такия ота” жомеъ масжиди имом-хатиби: Х.Чоршанбиев