Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

 

Оламларнинг Рабби Аллоҳга ҳамду санолар ва жаноб Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбаримизга саловатлар бўлсин.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганлари Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мўминнинг саховати — унинг дини, гўзал хулқи — унинг мартабаси, мардлиги — унинг ақлидир” (Ибн Ҳиббон ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом саховатли бўлишга чақирмоқдалар, саховатли инсон қандай бўлиши кераклигини ушбу ҳадисдан билиб олишимиз мумкин:

Абу Ҳурайра (р.а.) дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Саховат соҳиби Аллоҳга яқиндир, инсонларга яқиндир, жаннатга яқиндир, жаҳаннамдан узоқдадир. Хасис эса, Аллоҳдан узоқдадир, инсонлардан узоқдадир, жаннатдан узоқдадир, жаҳаннамга яқиндир. Аллоҳ жоҳил сахийни хасис обиддан кўпроқ севади” (Термизий ривояти).

Ҳозирги кунда тўй ҳашам, маъракалар ким ўзарга ўтказилиши, уларда ноз неъматларни ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйилиши муқаддас ислом динимизда қаттиқ қораланган.

Зеро, тўй — тинчлик, фаровонлик рамзи. Яхши ният билан элга дастурхон ёзиб, икки ёшнинг никоҳ базмини ёру дўстлар даврасида нишонлашга нима етсин?! Лекин тўйни дабдабага, пулнинг кучини кўрсатадиган маросимга айлантиришдан қандай наф бор? Бунга қасд қилган киши «зўр» одамга эмас, аксинча, оёғи ердан узилган ношукр кимсага ўхшаб қолаётганига ақли етармикан?!

Дарҳақиқат, муқаддас динимиз ҳам айни шундай авж олаётган исрофгарчилик ва бидъатларга доимо қаршидир.

Қуръони каримда: “Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди (Исро сураси, 27-оят).

Довуд ва Насаий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Енглар, ичинглар, кийининглар ва садақа қилинглар, исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бас”, дедилар.

Олимларнинг таърифича, саховат муносиб нарсани муносиб инсонга бериш, ўзи ишлаб топган маблағдан эвазсиз сарфлаш бўлиб, бу энг яхши хулқлардан бири.

Энг қиммат ресторанда базм уюштириб, танишу нотаниш, маст-аласт оломоннинг хурмача қилиқларини виқор билан томоша қиламиз. Элнинг расм-русумини қиляпмиз деб ҳаддан ошамиз. Хаётда хаммамиз кўп бўлмасаям ҳеч бўлмагандан бир марта шундай ҳолатларга гувоҳ бўлганмиз. Тўйхонага оппоқ либосларда шаҳзодаю малика бўлиб келин билан куёв кириб келишади. Келин салом қилиш мақсадида бир оз эгилар экан, ҳижолатдан катталарнинг нигоҳи ерга қадалади. Атрофдан: “Жуда очиқ кийинибди”, “Этагини узун қилгандан кўра елкасига ташласа бўлар экан”, деган дашномлар қулоққа чалинади. Келин-куёв тўрдаги ўриндиқларга бориб ўтиришади. Куёв креслода ясаниб ўтирар экан, ҳудди “Мана кўриб қўйинглар, менинг маликамни”,  деяётгандек эди. Жўралар, ҳатто тўйга келган аксар эркакларнинг нигоҳи шоҳсупада “малика”лардай ўтирган ҳушсурат келинга қадалган…

Келин юзини очиб, бемалол ўтирди. Лекин ҳарир парда ортидаги чеҳрани, бу нозик вужудни кўз-кўз қилиш асло мумкин эмас.

“Даюс жаннатга кирмайди”, дейдилар пайғамбаримиз алайҳиссалом. “Даюс”— хотини, синглиси, қизи ёки бошқа қариндошларининг зинога юраётганларига рози бўлган шахсдир.

Кетма-кет келган таниқли хонандалар қўшиқларидан давра ёшлар дискотека залига айланди-қолди. Ҳатто келин-куёвни ҳам даврага олиб чиқишди. Ҳинд сериалларида куйланадиган қўшиққа ҳамоҳанг келин-куёв қучоқлашиб вальсга тушишди. Бу манзарани қандай изоҳлаш мумкин?! Ҳамманинг назари икки ёшда. Атрофни ўраб олган йигитларнинг қий-чуви… Сўнг келин отаси билан, кейин қайнотаси билан ҳам рақсга тушди… Қани шарқона одоб-ахлоқ, ибо-ҳаё?! Буни оддий ҳолатдек қабул қилаётганларнинг орияти, ҳамияти қаерда қолди?

Аллоҳ каломининг “Нур” сурасида “Албатта, мўминлар ичида фоҳиша ишлар тарқалишини хоҳловчиларга бу дунёю у дунёда аламли азоблар бордур…”—деган. Шариатга кўра, ҳатто эр-хотинга ҳам ўз ораларида бўлиб ўтган ишларни ўзгалар ҳузурида гапиришга руҳсат йўқ. Демак ўзгалар олдида гапиришга рухсат берилмаган бўлса-ю, кўпчилик йиғилган даврада вальсга тушишни нима деб баҳолаш мумкин.

Ҳаммамизни тўйларга етказсин. Халқимиз ҳаётини тўйсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Орзу-истакларимиз, жамики саъй-ҳаракатларимиз фарзандларимиз камоли, бахт-саодати билан боғлиқ. Юртимиз тинч, турмушимиз фаровон, ҳаётимиз тўкис. Қанча тўй қилсак, ярашади. Қандай ота-она ўз фарзандини соғлом ва баркамол этиб тарбиялашни, унинг бахту иқболини кўришни истайди. Ана шундай эзгу мақсадда меҳнат қилиб, яхши кунлар учун йиғинамиз, “топган-тутганимизни” тўйларга атаймиз. Бироқ сўнгги пайтларда бундай ҳою-ҳаваслар миллий қадрият ва урф-одатларимиз кўзгуси бўлган тўй-ҳашамларимизнинг дабдабабозлигу ким ўзар пойгага, исрофгарлик томошасига айлантириб қўяётгани кўпчиликни ташвишга солиши табиий. Чунки дабдаба билан ўтказилаётган тўй-ҳашамлар оқибати турли муаммоларга, энг ачинарлиси, ёш оилаларнинг ажралишларига ҳам сабаб бўлмоқда.

 

Чориев Маъсидхон Амириддинович Термиз шаҳри “Мурч бобо” жомеъ масжиди имом ноиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here