Никоҳ риштасини бузиш ниятида айтилган сўзлар ражъий талоқни ифода этмайдиган сўзлар туркумидан бўлса, уларнинг ҳаммаси билан боин талоқ воқе бўлади.Бир марта ҳам жинсий яқинлик қилмаган ва жинсий алоқа имкони мавжуд вазиятга эга бўлмаган эр сариҳ лафз билан талоқ қўйса ҳам боин талоқ воқе бўлади.Фуқаҳоларимиз боин талоқнинг икки тури борлигини уқтирадилар: кичик ва катта боин талоқ. Кичик боин талоқ деб уч талоқдан бошқасига яъни бир ва икки боин талоққа, катта боин деб эса, уч талоққа айтилади. Никоҳ боин талоқ билан бузилган тақдирда, ражъий талоқдан фарқли ўлароқ эр-хотинлик алоқалари ҳам тамом бўлади.

 

Кичик боин талоқ

 

Ражъий талоқнинг иддаси тўлиқ ўталиши билан, орадаги талоқ ражъийликдан кичик боинга айланади. Унинг ўзига хос ҳукмлари қуйидагилар: Кичик боин талоқ никоҳ билан боғлиқ барча ҳукмларни кўтариб юборади. Шундай бўлсада янгидан никоҳ ақдига йўл қолади;

Аёл эрнинг уйида идда ўтиради;

Кичик боин талоқ қилинган аёл то иддаси тугагунга қадар идда сақлаётган манзилидан ташқарига заруратсиз юмушлар билан чиқмайди;

Боин талоқнинг иддасида ўтирган аёл авратларини яшириб юради, ҳар доим ўзи ва эри орасида парда тутади;

Эр-хотиндан бири аёлнинг иддаси давомида вафот этса, тирик қолгани марҳумнинг молидан мерос ололмайди;

Эр хотинини қайтариб олмоқчи бўлса, бунга имкон бор. Бунда аёлнинг розилиги, янги никоҳ ақди (барча шартлари билан) ва тўлиқ маҳр лозим бўлади;

Иддада ўтирган вақтида, эридан бошқаси билан никоҳланиб кетиши мумкин эмас.

 

Катта боин талоқ

Катта боин бу – саҳиҳ никоҳ билан никоҳланган ҳур аёлни учта талоқ қилишдир. Хоҳ у бир сўз билан айтилсин ёки ажратиб-ажратиб айтилсин, бир вақтда айтилсин ёки орада қайтиш билан учта бўлсин, ёки духул (биринчи марта жинсий яқинлик қилиш)дан олдин айтилсин ёки кейин айтилсин, булардан қатъий назар, аёл эрига ҳаром бўлади. Токи у бошқа эрга шаръий никоҳланиб у билан яқинлик қилиб ва ундан ажраб чиққанидан кейин, ёки эри ўлгач иддасини ўтаб бўлганидан кейин, шундагина собиқ эрига ҳалол бўлади.

 

Катта боин талоқ эрнинг аёли устидаги эгадорлик ҳуқуқи ва орадаги ҳалолликни дарҳол зоил қилади. Эр унга эгалик қила олмайди ва бир-бирларига ҳалол бўлишмайди;

Агар иккинчи эр яқинлик қилишдан олдин ўлиб қолса, аёл аввалги эрига ҳалол бўлмайди;

Агар иккинчи эр ўлса ёки талоқ қилса, аёл иддасини ўтаб бўлгач янги саҳиҳ никоҳ ва маҳр билан эрига қайтиши мумкин.

Катта боин қилинган аёл ҳомиладор бўладими ёки йўқ бундан қатъий назар Ҳанафий мазҳабига кўра, эрининг уйида идда сақлайди. Шунингдек, Умар ибн Ҳаттоб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Суфён ас-Саврий ва Шурайҳ розияллоҳу анҳумларнинг мазҳаби ҳам шундай бўлган…

                             

 

Сирожиддинхон  Мухиддинов         

Олтинсой тумани Саййид мухиддинхон жомеъ масжид имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here