Не-не орзулар ила кутганингиз-хонадоннинг суюкли жуфти халоли эрта-индин остона хатлаб кириб келади. У нафақат жуфти ҳалол, оила бекаси балки бўлажак фарзандларингиз, наслингиз давомчиларининг онаси, биринчи ва асосий тарбиячиси бўлади. Қадами қутлуғ келсин, имонли-инсофли, маьрифатли бўлсин, Илохим! Тўй бошлаган ҳар бир кишининг ҳаёлидан мана шундай ўйлар ўтаверади.Исломда никоҳ муқаддас саналади. Шу муқаддас никоҳ эр-хотинни жисман ва руҳан якинлаштиради. Келин-куёвнинг ҳис-туйғулари, орзу-умидлари, сир-асрорлари, дарду ғамлари, бахту-саодатлари, барча-барчаси бирлашиб, қовушиб кетади. Бу, Аллоҳ таоло ҳалол никоҳ туфайли бандаларига берган муҳаббат самарасидир. Ана шу мухаббат билан қўша қаришлари учун куёв хам, келин хам астойдил ҳаракат килишлари керак. Бунинг учун хар бири ўз хақларини, зиммасидаги вазифаларини билиб, шунга амал килса, оила тинч ва саодатли бўлади.
Ҳар бир жойда бошлиқ бўлганидек, оилада ҳам бошлиқ бўлиши керак. Аллох таоло: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қойим турувчидирлар”, (Нисо.34) деб эркакларга оила бошлиғи вазифасини юклаб қўйган. Сўнгги пайтларда эркаклар, айниқса, тўй-хашам масалаларини, ёш оилалар муаммоларини хал этишда тизгинни кўпроқ хотинлар қўлига бериб қўймокдалар. Оила бошлиғи- эркакларнинг фикри, қарори эса, қадрсиз. Фақат илоҳий кўрсатмалар, набавий таълимотлар, дину-диёнат, гўзал ахлоқ асосида қурилган оилагина мустахкам ва бахтли бўлади. Кайси хонадонда шу илохий конун бузилиб, оила бошқаруви жилови хотинга ўтса, масканда тартиб ўзгариши, жанжаллар ва қўйди-чикдилар кўпайиши мумкинлиги ҳаётий тажрибада исботини топган. Оила тотув бўлиши учун уй бекаси ўз зиммасидаги ишларини ўрнида бажармоғи лозим. Рўзғорнинг ҳаловатли бўлишида аёл асосий сабабчи эканини унутмаса, уй-ховлисини тоза-озода бўлишига аҳамият берса, рўзғор ишларида тадбирли бўлса, эрининг топганига ҳам тополмаганига ҳам шукр қилиб билса эр ундан рози бўлади, Аллоҳ таоло ҳам у аёлдан рози бўлади ва ҳаёти ширин ва мазмунли ўтади. Умму Салама р.а онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в): “Қайси бир аёл эрини рози килган ҳолда оламдан ўтса, у аёл жаннатга киради”, деганлар. Имом Термизий ривояти.
Албатта оиланинг бахту иқболи, барқарорлиги эр ва хотиннинг ўзига боғликдир. Оилада эр ўзининг бурчини, хотин ўзининг вазифасини билиши, уларнинг оқиллиги, мулоҳазакорлиги оилада тотувлик ва барака бўлишини таъминлайди. Оилада солиха аёл эрига итоатли бўлса , фарзанд тарбиясида оқила бўлса , эр буюруғига доим лаббай деб турса, аёл эр олдидиги вазифасини яхши тушунса, эр билан ади бади айтишмай бир гапдан қолса ҳеч қачон эр уйидан безиб қолмайди. Ривоятларнинг бирида шундай дейилади.
Бир чўпон ҳамиша уйидан олисда яшашни маъқул кўрарди. Ваҳоланки унинг хотини ва икки қизи бор бўлиб чўпон оиласи билан умр кечиришни истамас экан. Ҳар икки ойда бир бора келиб оиласи учун егуликларни тахт қилиб бераркану, сўнг яна тоғу тошларга қайтиб кетаркан. Кунларнинг бирида хотини эридан шубхаланибди. Нега ҳамиша уйга икки ойда келади. Тоғда бирортасини топиб олдимикан деган гумон кўнглига оралабди. Сунг қозига бориб эридан шикоят қилибди. «Эрим уйдан олисда яшашни хохлаб қолган. Ҳар икки ойда егулик ташлаб кетгани келади холос. Гохида болаларим билан оч қолиб кетаман» дебди аёл кўзига ёш олиб. «Негалигини ўзидан сўрамадингизми» дебди қози. «Айтмайди, мен билан гаплашишни ҳам истамайди. Менимча бошқа аёлни топиб олган бўлса керак. Илтимос у билан гаплашиб кўринг, фақат менинг келганимни айтманг» дебди хотин қозига. Қози одам жўнатиб чўпонни тоғдан олиб келтирибди. «Эй чўпон нега уйингизда яшамаяпсиз. Тоғ билан уйингизнинг ораси узоқ эмас-ку, ҳар куни келиб кетсангиз бўлади. Бунинг устига совуқ кунларда тоғда яшаш шартми?» Қозининг саволини эшитган чўпон мийиғида кулиб. «Тақсир бир кеча бизникида меҳмон бўлинг» дебди. Қози ёнига икки одамни олиб чўпоннинг уйига йўл олибди. Дарвоза ёнига яқинлашишганда остонанинг чанг тупроқ бўлиб ётганини кўрган қози чўпонга ҳайрат нигоҳи билан боқибди. Чўпон эса индамай дарвозани тақиллатибди. Эшикни чўпоннинг сочлари тўзғиган катта қизи очиб келганларга салом бермай ичкарига кириб кетибди. Чўпон меҳмонларни ўзи бошлабди. Ҳовли қараб бўлмас даражада ифлос эди. Ҳамма нарса ёйилиб сочилган. Чўпон катта қизига чой қўйишни буюрибди. «Нега мен. Ана кичик қизингизга айтинг» деб лабини бурибди тўнғич фарзанда. «Сенга айтди-ку, нега мени қўшасан.» Бақирибди уйдан туриб кенжа қиз. Бир зумда меҳмонлар кўз ўнгида опа сингил уришиб кетишибди. Қизларни қаргаганча ховлида она пайдо бўлибди. Ҳамма гапга тушунган қози чўпонга қараб. «Сиз уйингиздан безор бўлган экансиз-да» дебди. Тақсир аҳволни ўзингиз кўриб турибсиз. Хулоса чиқариш сиздан деб жавоб қилибди чўпон. «Узр биродар сизга бу уйдан кўра тоғу тошлар афзал экан» деганча қози ҳовлини тарк этибди. Қиссадан хисса. Бугун аёлларимизнинг нолиганларини кўп эшитамиз. Жуфти ҳалоли бошқа аёл ёнига кетиб қолганидан ўзи билан яшашни истамаётганидан шикоят қилишади. Аммо яхшилаб ўйлаб кўринг балки эркак уйдан безор бўлгандир. Қаердадир ўзимиздан хато ўтгандир. Саришталик ҳам, фаришталик ҳам аёлларга хос фазилат. Шу фазилатларни ёддан чиқариб қўймадингизми. Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин эканлигини унутмадикми азиз аёллар? Эримизни уйдан бездирмайлик улрни ширин гапларимиз билан махлиё қилайлик, оилада тинчлик бўлади. Ҳар бир хонадон фаришталик бўлсин!
Х.Қосимова ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг
хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси