Дунё  махлуқлари  ичра  бир-бирига  зулм  қилишнинг  турлари  кўп. Инсоннинг  бир-бирига  қиладиган  зулми, ҳайвонлар  зулмидан  ёмонроқдир.  Инсон  ҳайвонлардан  фарқли ўлароқ  ақлларини  ишлатиб  шундай  зулмлар  ўйлаб  топадики,  уни   айтиш  ёки  ёзишнинг  ўзи бўлмайди.   Золимларни  эса  Аллоҳ  лаънатлаган.

Аммо  бу  мақоладаги  зулм  инсон  ўз  жонига  ўзи  қасд  қилиши  ҳақида.  Ҳозирги  вақтда  ўз  жонига  қасд  қилишлар  камайиб йўқ бўлиб  кетмаяпти. Бу эса  бизларни  ва  бошқа  мутасадди  раҳбарларни  ташвишга  солаяпти.

Эр-хотин  ўртасидаги  арзимаган  уруш  жанжаллар  туфайли,  ёки  фарзандларнинг   ота-оналарига  фалон  қиб  бермадинг, фалон  нарсани  олиб  бермадинг  деб,  ёки  бўлмаса  ҳаёт  қийинчиликларига  сабр  қилмай, ношукрлик  қилиб  ва  ҳоказоларни  деб,  инсон  боласи   ўзини  ўзи  осиб  ўлдириши,  баландликдан  ташлаши,  ўзини  ёқиб  юбориши,  бу  даҳшат!  Бундай  ишларни  қилиши  инсон  болаларининг  дунёдаги  энг  даҳшатли  зулмларидандир.  Чунки  бу  зулм  инсон  учун  ҳаётининг  охирги  азоби  эмас.

Диний нуқтаи  назардан  олиб  қарасак,  Пайғамбаримиз  Муҳаммад  (с.а.в.) ҳадиси  шарифларидан  маълумки,  инсон  бу  дунёда  ўзини  ўзи  қандай  зулм  билан  азоблаб  ўлдирган  бўлса  нариги  дунёда  ҳам  худди  шундай  азоб  билан  абадий  азобланади.  Пайғамбаримиз  бир  ҳадиси  шарифларида  шундай  деганлар;  “Кимки  тоғдан  ўзини  ташлаб жонига  қасд  қилса, у  жаҳаннам  оловида  абадул-абад  ўзини  пастга  ташлайди.  Кимки  заҳар  ичиб  жонига  қасд  қилса, у  қўлида  заҳарини  тутиб  жаҳаннам  оловида  ўзини  заҳарлайди.  Кимки  ўзини  темир  билан  ўлдирса, у қўлида  темирни  тутиб, жаҳаннам  оловида  у  билан  ўзини  уради”  (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)   Бир  киши  жароҳатининг  оғриғига  чидолмай, ўлимини  тезлатиб  қиличнинг  тиғи  билан  ўзини  ўлдирди.  Пайғамбар (с.а.в) у ҳақда:  “У дўзах  аҳлидандир”  дедилар.  (Имом Бухорий ва Муслим ривояти.)  Ва  яна:  Жундаб  ибн  Абдуллоҳ  (р.а) ривоят  қиладилар:  “Пайғамбар  (а.с)  айтдилар:  “Сизлардан  илгари  ўтганлардан  бир  киши  жароҳатланди.  Бесабрлик  қилиб  пичоқ  олдида  қўл  томирини  кесиб  ташлади  ва  кўп  ўтмай  қон  йўқотиб  вафот  этди.   Аллоҳ;  “Бандам  жонига  қасд  этди,  унга  жаннатни  харом  қилдим”, деди”.

Шундай  экан,  инсон  ўзига  берилган  ақл  неъматини  ишлатиши,  но  шукрлик  қилмаслиги,  атрофидаги  яхши  инсонлардан  ибрат  олиб  яшамоғи лозим.  Ахир тарихга  назар  ташласак,  ота  боболаримиз  қандай  азобли  ҳаётни  бошларидан  ўтказганларига  гувоҳ  бўламиз.  Уруш ва қирғинбаротлар, зўравонликлар, мажбурий  оғир  меҳнатлар,  очгарчиликлар ва ҳоказо.  Бундай  қийинчиликларни  ота  боболаримиз  бошларидан  ўтказганлар. Ҳозирги ҳаётимиз,  тараққиётимиз  ва  ҳоказолар  шу  даражадаки,  санаб  тугатолмаймиз, минг  шукр  қилиб  шукрини  адо  қила  олмаймиз.  Ахир  ҳаммамиз  Худонинг бизга  берган  неъматларидан  бир  кун  сўралгувчилармиз.

“Қадимий  Дарбанд” жомеъ  масжиди 

имом  хатиби:   Ў.Алимов.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here