Мазкур кинонинг тарғиботи бўйича вилоятлар бўйлаб юрган фильм режиссёри Абдухалил Мингноров Термиздаги кинотеатр бинолари борасида муаммолар борлигини айтмоқда.
Сурхондарё вилоятида “Ёшлар ва кино“ шиори остида ўтказилаётган миллий фильмлар намойиши доирасида ижодий учрашувларни ўтказиб келган Абдухалил Мингноров Шўрчи туманида тадбиркор ўзи қуриб битирган кинотеатр биносини йўлга қўйишда қийинчиликларга дуч келаётганини айтмоқда.
Кинотеатрнинг ташқари томонида реклама учун махсус қурилма ҳамда ён томонида алоҳида томошабинлар учун қулай 80 ўринли кутиш, сув, ширинликлар, музқаймоқ сотадиган жой қурилган.
Кинотеатр буфети замонавий совиткич ва иситгичлар ҳамда икки томонда катта плазмали фильмлар рекламаларини тинимсиз бериб борувчи экран билан жиҳозланган шинам жой бўлибди.
Кинотеатр қуриб битказилганига бир ойдан ошиқ вақт бўлибди. Лекин, ҳануз тадбиркор иш фаолиятини юритишига тусиқлар бўлаётганини гувоҳи бўлдик.
Ҳокимият томонидан (яна ўша гап) ҳеч ким кўринмади. Бу йигитнинг саъй- ҳаракатларини ҳам қўллаб-қуватлайдиган кимса ўз тумани мутасаддилари ичида топилмаётган экан.
Бизнинг қўлимиздан фақат йигитнинг сабрли бўлишини, ҳали, албатта, ишлари юришиб кетишини бот-бот гапириб, ўзимизча кўнглини кўтаргандек бўлдик. Лекин менинг ҳадигим шундаки, эртага бу тадбиркор йигит «Э,бор-е», деб «қўлини ювиб қўлтиғига урмаса», вақт ўтиб бу жойни ошхона ёки тўйхона қилиб юбориши ҳеч гап эмас.
Фильмларимизнинг вилоят ва туманларда прокатини ташкил этиш бўйича “Ўзбеккино” томонидан режалар тузилиб, жойларга ижодкорларни жўнатиб, шу фильмларимизнинг тарғиботи бўйича озми-кўпми ишлар қилиняпти.
Тўғри, бу йўналишда ўзига хос муаммолар бор. Лекин жойларда тўсқинликлар бўлаётгани бизни жуда ажаблантирди. Тадбиркор ўз пулига кинотеатр қурса, ёшларга шароит яратса, чипта пулини ҳам меъёрида (Агентлик билан келишилган меъёрларда) белгиласа-ю, туман ҳокимиятидаги, айнан ёшлар билан ишловчи мутасаддилар бунга қаршилик қилиб ўтирса…
Умуман, жойларда кинотеатрлар қуриш, уларнинг сонини кўпайтириш борасида олиб борилаётган бугунги ишлар, аввало, ҳокимиятларда ўтирган ана шундай кимсаларнинг онгида бурилиш ясаш, уларнинг бу йўналишдаги саводини оширишдан бошлаш керак, менимча”, дейди Абдухалил Мингноров.