Яратган Тангри таъолога хамду санолар Пайғамбаримиз Мухаммад алайҳиссаломга дуруд ва раҳматлар бўлсинки,бизни аҳли имон қилиб яратди. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган хадиси шарифда бундай дейилган: “Бир катта ёшдаги қария Набий (с.а.в)ни йўқлаб келди, қавм унга йўл очишда кечикиб қолди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в) кичкинамизга раҳм қилмаган, каттамизни улуғламаган биздан эмас дедилар”. Демак, ёши улуғларга хурмат кўрсатишни, уларни қадрлашни Пайғамбаримиз (с.а.в) амр қилмоқдалар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қиладилар: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилган бўларди”. Демак,  Аллоҳ таоло кексаларнинг дуоси ва гўдакларнинг бегуноҳлиги туфайли халқларни ўз паноҳида асрайди, турли бало-офатлардан омон сақлайди.

Қадимда ота-боболаримиз пахсадан қурилган уйларда умр гузаронлик қилган, қиш ойлари уйларининг томидаги қорни кураб ташлаганлар. Ўша чоғларда агар уйда ёши улуғ инсон бўлса, у киши бошқа хонага олиб ўтилмагунича, шу уйнинг томига чиқилмаган. Чунки бу ҳурматсизлик саналган. Бу кексаларга ҳурмат туйғуси бизнинг қон-қонимизга сингиб кетганининг бир исботидир. Ота-онамиз кексалик ёшига етганларида уларга эҳтиром кўрсатиш, хизматларидан малолланмаслик, аксинча ота-она истакларини адо этишда қойим туришни ўзимизга шараф деб билишимиз лозим.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда  ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга уф! дема ва уларни жиркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт” (Исро 23 оят). Демак ота-онага яхшилик қилиш ибодат каби улуғ иш экан. Шунинг учун ҳар бир инсон ота-онаси ёш бўладими қари бўладими, соғломми, бемор бўладими ҳар қандай ҳолатда ҳам уларни ҳурмат қилиш, чиройли сўз айтиш севиб ардоқлаш ва хизматларида доим қоим туриш ҳар бир фарзанднинг энг муҳим бурчидир.

Қарияларимизга ғамхўрлик қилиш, уларни парвариш этиш ёшларнинг бурчи бўлиб, бунга катта ажрлар берилади. Ҳадиси шарифда айтилади: “Аллоҳнинг розилиги отанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби отанинг ғазабидадир”. Ҳозирги вақтда баъзи бир ёшлар ота-онани ҳурмат қилмасдан уларни панду насиҳатларига қулоқ солмасдан ҳатто муқаддас она  ватанининг яхшилигини билмай тузини еб туздонига тупурган нобакорлар соф ислом динини тушунмайди. Турли бузғунчи оқимлар ғоялари ва ақидалари таъсирига тушиб қолиб, яна нима эмиш биз ислом давлати тузамиз, бу йўлдан бизни ҳеч ким ҳатто ўз ота-онамиз ҳам қайтара олмайди. Ота-она дунёга келишимизга бир воситачи холос деб: Ҳар хил ислом динига тўғри келмайдиган гапларни гапирадилар, ҳаттоки ота-онам мени оқ қилса ҳам бу жиҳоддан қайтмайман дейди.

Пайғамбаримиз  (с.а.в) инсонларни ғазо (уруш)га чақирганларида бир инсонни ота-онаси шунчалар ҳам йиғлаб доду-вой қилди фарзандини ғазога боришига норози бўлди. Ўша фарзанд Пайғамбаримиз  (с.а.в) ёнларига келиб бу ҳолни айтганида Пайғамбаримиз  (с.а.в) айтдилар: “Ота-онангни қандай йиғлатган бўлсанг шундай кулдир, қандай ўзингдан норози қилган бўлсанг шундай рози қил, ана шу амалинг ғазодан афзалдир”, дедилар. Бир улуғ зотдан сўраган эканлар кексаларни хурмат қилишнинг сабаби нимада?  “Ўзингдан ёши улуғни эъзозлаш сабаби шундаки, у Аллоҳ таолони сендан олдинроқ таниган, ўзингдан ёшларни эхтиром қилиш сабаби эса, у ҳали гуноҳи сендан камроқ” деб, марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таоло улуғ ёшдаги ота-оналаримизни ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб халқ тинчлиги ва фаровонлигини тилаб қилаётган дуоларини мустажоб айласин. Фарзандларимизга инсоф ва тавфиқ бериб, ота-оналарини эъзозлайдиган, уларга ҳурмат эътибор кўрсатадиган солиҳ инсонлардан бўлишларини насиб айласин: Омин.

                                                                                                         

Сариосиё туман “Сўфи Оллоҳёр” Жомеъ масжиди

имом-ноиби А.Розиқов.   

 09.01.2018  

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here