Оламлар сарвари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам милодий 571-йил Рабиъул аввал ойининг 12-муборак кечасида дунёга келдилар. Бу кеча “Мавлудун набий” деб аталиб, у зотнинг нури билан зулматдан ёруғликка чиқилган кечадир. Бу кеча у зотнинг ҳурмати учун барча умматларига раҳмат ва марҳамат ёмғири ёғилган кечадир.

Аллоҳ таоло чексиз раҳмати сабаб инсониятга уларни тўғри йўлга бошлайдиган пайғамбарларни юборди. Пайғамбарлик илоҳий фазл бўлиб, Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган бандаларини бунга мушарраф айлаган.

Пайғамбарликка на ақл, на касбу маҳорат, на ортиқча ибодат билан ва на мерос йўли билан эришиб бўлади. Балки, Аллоҳ ўз бандаларидан хоҳлаганини танлаб олади ва пайғамбарлик даражасига кўтаради. Бу даражага фақатгина Аллоҳнинг тавфиқию илҳоми ила етишилади. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва салламни даражаларини бошқа барча пайғамбарларга нисбатан баланд қилган. Чунки у кишидан илгари ўтган пайғамбарлар фақат бир қавмга  юборилган, пайғамбаримиз эса бутун инсониятга охирги пайғамбар этиб юборилдилар. Аллоҳ  таоло бу ҳақида пайғамбаримизннг ўзларига хитоб қилиб айтадики: “( Эй Муҳаммад!) Биз Сизни, ҳақиқатдан, барча одамларга хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи бўлган ҳолингизда (пайғамбар қилиб) юбордик …” ( Сабъа сураси , 28- оят).

Аллоҳ таоло мўминларга энг гўзал аҳлоқ эгаси бўлмиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни намуна қилиб юборар экан, у зотни севишни, суннатларига амал қилишни ояти карималарида амр этди. Буни Пайғамбар  алайҳиссалом нинг ўзлари тасдиқладилар:

“Мени ота-онангиздан, бола чақангиздан ва барча одамлардан кўпроқ яхши кўрмагунингизча комил мўмин бўлолмайсиз!”( Имом Бухорий ривояти )

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиш билан фахрланиш, У зотга Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан кейинги ўринда турадиган чин муҳаббат қўйишга, У зотни ўзимиз, ота-онамиз, болаларимиздан-да афзал кўришимиз, ҳабибимиз алайҳиссаломнинг сийратлари билан хулқланишимиз, суннат ва муборак ҳадисларига риоя этишимиз, ҳақларига кўплаб саловатлар айтишимиз чин умматлигимиздан далолат бўлади, у зотга нисбатан қалбимиздаги муҳаббат янада зиёда бўлаверади, шафоатларидан умидворлик ҳисси вужудимизни чулғаб олади.

Бу дунёда ул зотни танисак Пайғамбаримиз алайҳиссалом  бизни маҳшаргоҳда танийдилар. У кишига итоат қилсак, эҳсонлари ила бизни сарафроз этадилар. Бироқ бу ишларни Рабиъул аввал ойида қилиб, бошқа пайтда унутсак, муҳаббатимиз шунчаки даъво  бўлиб қолади.

Бизнинг Пайғамбаримиз ана шундай ажойиб инсон бўлганлар. Шунинг учун биз у кишига ҳурмат-эҳтиром кўрсатамиз. Айтган ҳамма ўгитларига амал қиламиз. Буюрган амалларини қилиб, қайтарганларидан қайтамиз. Бизнинг ана шу ҳаракатларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам  суннатларига риоя этганимиз бўлади.

Келинг, эй азизлар! Мана шундай муборак ойда қўлларимизни очиб дуолар қилайлик: “Ҳаммамизга Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига амал қилишни насиб этсин, Аллоҳ таоло ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин! Омин!

Сариосиё тумани Имом Низомиддин Сангардакий жоме масжиди имом хатиби

Обиджон Исмоилов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here