Мана муборак Рамазон ойи бизнинг ўлкамизга соя ташлади. Бу муборак ойни ҳақиқий мўмин кишилар ўзгача бир соғинч ва хурсандлик билан кутиб оладилар. Айниқса, саҳарлик ва ифторлик вақти ҳар бир оилага ўзига хос қувонч улашади. Аллоҳ таоло бандаларига ушбу рўза ойида еб-ичиш ва бошқа лаззатлардан нафсини тийишга буюради ва бандалари эса бундан хурсанд бўлишади. Мана шу бир ой ичида банда энг олий фазилат бўлмиш сабр қилишни ўрганади. Чунки нафсининг ҳар хил хоҳишларидан сабр қилади, ён-атрофдаги содир бўладиган ҳар қандай вазиятларга сабр қилади. Шунинг учун бу ойни сабр ойи ҳам деб атайдилар чунки ҳадиси шарифда “Рўза сабрнинг ярмидир ва сабр эса иймоннинг ярмидир” Яна бир ҳадиси муборакда Пайғамбаримиз саллаоҳу алайҳи васаллам “Ҳар бир нарсанинг закоти бўлади. Жасаднинг закоти рўзадир. Овқат жасадга озуқа бўлгани каби рўза ҳам руҳга озуқадир. Овқатсиз яшаб бўлмаганидек, руҳ ҳам рўзасиз яшолмайди, маънан чарчайди, ўлади, ибодатга ярамайдиган мажруҳ бўлиб қолади. Рўза нимадан иборат? Албатта, очликдан иборат, очликнинг эса фойдалари кўп. Инсонда очлик ҳолати қалбдаги иллат ва ғуборларни, мутакаббирлик ва манманликни кетказади. Аллоҳнинг балоси ва азоби қаттиқ бўлишини эсга туширади, гуноҳ амалларга мойил бўлишнинг олдини олади, уйқуни камайтириб, бедор бўлишга чорлайди, доимий ибодат ва шукр қилишга ўргатади. Очлик ҳолатини бошидан кечирган одам беҳосдан қийинчиликка учраб қолса, сабр-тоқат билан уни осон енгади. Доимо маишатда юрган тўқ одам ҳаётда озгина қийинчиликка йўлиқса, қаттиқ талвасага тушиб, ўзини йўқотиб қўяди ва уни енгиб ўтишга иродаси етмайди. Бир сўз билан айтганда, рўза инсонни бандачиликка ўргатади. Узрсиз рўза тутмайдиган кишиларнинг қалби ўлик, руҳи мажруҳ ва улар ҳайвондан фарқи қолмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда шундай зикр қилган: “Улар ҳайвон каби, балки улар ҳайвондан ҳам тубанроқ”  Энди кимики “Рўза инсонни заиф қилиб қўяди” деса, жуда катта хато қилган бўлади. Чунки руҳи тетик инсоннинг ишлари ҳам чиройли ва самарали бўлади.Улуғларимиз “Рўзани фақат жасадингга тутдирма, руҳинг ҳам рўзадор бўлсин” деганлар. Имом Ғаззолий дейдилар: билгилки, рўза 3 даражададир: омманинг рўзаси, хоснинг рўзаси ва хоснинг хос рўзаси.

  1. Омманинг рўзаси – емаслик, ичмаслик ва нафсоний-жисмоний эҳтиёжлардан тийилиб туриш. 2. Хоснинг рўзаси – қулоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдир. Булар солиҳ бандалардир. 3. Хоснинг хос рўзаси эса – ўзни оғир ташвишлар ва дунёвий фикрлардан рўза туттириш, Аллоҳ таоло зикридан бошқа нарсани батамом тўсишдир. Бу рўзада оғиз очилиши Аллоҳ таоло ва охират кунидан бошқани фикрлаш, яъни дунёни ўйлаш билан ҳосил бўлади. Бу пайғамбарлар, сиддиқлар ва муқарраб зотлар даражасидир. Бизлар оддий мусулмонлардан эмас, балки бизлар хосларнинг фарзанддимиз, Имом Бухорий, Имом Термизий Баҳоуддин Нақшбанд, каби машҳур олимлар, қорилар улуғ инсонларнинг қонлари бизнинг томирларимизда оқмоқда. Ҳикоя қилинишича: Расулуллоҳ саллаоҳу алайҳи васаллам. замонларида икки аёл рўза тутдилар. Кун охирида уларни очлик ва чанқоқлик ҳолдан тойирди, ҳатто ҳалок бўлаёзишди. Шунда Расулуллоҳ саллаоҳу алайҳи васалламга рўзаларини очишга изн сўраб одам юборишди. Пайғамбаримиз саллаоҳу алайҳи васаллам уларга бир идиш юбордилар ва: “Уларга айтинг, еган нарсаларини бунга қуссинлар” дедилар. Идишнинг ярмига уларнинг бири тиниқ қон ва янги гўшт қусди. Бошқаси ҳам шундай қусиб, идиш тўлди. Одамлар бундан таажжубга тушишди. Шунда Расулуллоҳ саллаоҳу алайҳи васаллам: “Бу икковиси Аллоҳ ҳалол қилган нарсадан рўза тутишди ва Аллоҳ уларга ҳаром қилган нарсадан рўза очишди, одамларни ғийбат қила бошлашди. Бу гўштлар ғийбат қилиб ейилган гўштлардир”дедилар. Ҳар бир ибодатнинг зоҳири ва ботини, пўсти ва мағзи борлиги ҳаммамизга маълум. Рўзанинг зоҳири, яъни пўсти бу – емаслик, ичмаслик ва нафсоний-жисмоний эҳтиёжлардан тийилиб туриш. Мағзи эса бу юқорида айтиб ўтилган ҳадисларга амал қилишликдир, яъни – қулоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдир. Энди ихтиёр ҳар биримизнинг қўлимизда, Қиёматда Парвардигорнинг олдига борганда пўстлоқ билан борамизми ёки пўстлоқнинг мағзи билан бирга олиб борамизми.

Олтинсой туман “Раҳмонберди ҳожи”

жомеъ масжид имом-хатиби:                                                            З.Абсаломов

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here