Ҳақиқатда инсонларга нима бўлди? Ҳамма ўзгариб кетди, қаёққадир шошади, нима биландир банд, нимадир етишмайди, ҳотиржамлиги йўқ, кимдан сўрамасанг – ҳамма шикоят қилади. Вақт етишмаслиги, яхши иш йўқлиги, юқори ойлик йўқлиги, соғлигининг ёмонлиги, адолатсиз бошлиқлардан, қўпол ўқитувчилардан, ўзларининг тарбиясиз фарзандларидан шикоят қиладилар, одамларни камчилигини ахтаргани ахтарган…. Аллоҳни кам эслаётгани, масжидни кам зиёрат қилаётгани, яқинларига ёрдам бера олмаётгани, тунларини бедор ўтказа олмаётганидан, ёки Аллоҳга фақат ёмон кунларида итоат қилиш эмас, балки яхши кунларида ҳам етарли шукрона келтира олмаётганлигидан шикоят қилувчилар жуда кам!!! Ўз ҳаётидан қониқиб, Аллоҳга шукрона келтириб, бўш вақтини ибодат билан, кечаларни бедор, Қуръон тиловати ва зикрда, ёки тахажжудга турувчи ва Аллоҳ йўлига мол-мулкини сарфловчи одамлар кам.
Аввалда мусулмонлар қандай бўлган, бу ҳақда хабар ва ривоятлар мавжуд, китобларда ҳам битилган. Мисол учун солиштириш ўтказишимиз мумкин.
Аввалги даврларда мусулмонлар жуда содда ҳаёт кечиришган, чунки келажакда уларни ўлим ва Аллоҳнинг олдида ҳисоб-китоб кутаётганини эсдан чиқаришмаган. Улар Аллоҳнинг Расули саллаллоҳу алайҳи вассалом сўзларига итоат қилганлар. Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладилар: Аллоҳнинг Росули саллаллоҳу алайҳи вассалом менинг елкамни қучиб туриб айтдилар: “Бу дунёда мусофир ёки йўловчи каби бўл”. Ибн Умар айтади: “Кеч тушса, тонг отишини кутма, тонг келса, кеч тушишини. Соғ вақтингдан касаллик келгунча фойдаланиб қол, ҳаётингдан эса ўлим келгунича” (ал-Бухорий).
Уларнинг ҳаётида биз ҳозир ҳис қилаётган ортиқча хирс, ҳаяжон, ғараз ва хасад бўлмаган. Улар жуда озга қаноат қилганлар, шу озда ҳам шубҳалардан эҳтиёт бўлганлар, ҳаромга асло яқинлашмаганлар. Инсонларни камбағаллиги сабаб камситмаганлар, бойлиги учун эса кўкларга кўтармаганлар. Танаю дашномларга ўрин бўлмаган. Кимники таъна қилинса, фақатгина гуноҳ ишлари учун, намозга эътиборсизлиги ёки Ислом меъёрларини риоя қилмаслиги учун бўлган. Инсон тўғри ҳаёти тарзининг тарози эса – Ислом шариати бўлган. Диний олим тарафидан айтилган сўз, уни таъна қилиниши ёки қўллаб-кувватланиши учун асос бўлган. Художўй инсонлар хуфтон намози адо этилгандан сўнг барвақт ётишган, зеро тонгги намоз ва тахажжудга ухлаб қолмасликлари учун.
Оламларнинг Роббиси айтади (маъноси): “Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қилурлар” (Қуръони Карийм, “Сажда” сураси 16 оят).
Яна Раббимиз айтади (маъноси): “Албатта, тақводорлар жаннатлар ва булоқлардадир. Роббилари берган нарсаларни олувчилардир. Чунки улар бундан олдин эҳсон қилувчилардан бўлганлардир. Улар кечалари оз ухлар эдилар. Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар” (Қуръони Карийм, “Аз-Зориёт” сураси, 15-18 оятлар).
Тунги намознинг муҳимлиги ҳақида Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг хадисларида ҳам таъқидланган. Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий САВ айтадилар: “Туннинг учдан бирида Роббимиз Ўз раҳматини Ер юзига энг яқин осмонда нозил қилади ва айтади-ки: “Бор-ми, Менга дуо ва ибодат билан илтижо қилувчи? Мен унинг илтижосини қабул қиламан! Борми, Мендан сўрагувчи? Мен унга ҳоҳлаганини бераман! Борми Мендан гуноҳларини сўрагувчи? Мен унинг гуноҳларини кечираман!” (Ал-Бухорий, Муслим ривоятлари).
Замон ўзгаряпти Техника ривожланиши натижасида замон жуда тез ўзгармоқда. Бу ўткинчи дунёга, унинг ҳою хаваслари, эрмакларига қизиқиш ортиб бормоқда, чунки уларга етишиш осон бўлиб қолмоқда. Одамлар телевизор, аудио- ведеомагинтафонларни харид қилишни бошладилар, қайта қуришдан сўнг биринчи бўлиб сериаллар ҳаётимизга кириб кела бошлади. Ҳамма, ёшимиз ва жинсимиздан қатъий назар, биз учун умуман фойдасиз бўлган “Бойлар ҳам йиғлайди” ёки “Оддий Мария” каби сериаллар томошаси билан машғул бўлдик, уларниг томошаси жараёнида худди ҳаёт “тўхтаб” қолар, барчамиз сериал қаҳрамонлари тақдирига қайғурардик. Эртасига эса, кўрганларимиз кўрмаганларга айтиб берардик. Қолган уддабуронлар эса видеозаллар очиб, 24 соат давомида видеофильмларни “айлантира” бошлади: кундузи – жангари, кечқурун эса – “18+” фильмлар. Одамлар худди сеҳрлангандек эди. Бунинг ҳаммасига, импорт ва мода асосида кийинишга бўлган интилишни ҳам қўшимча қилиш лозим.
Сўнг компьютерлар ва компьютер заллари пайдо бўла бошлади. Компьютерлар нафақат офис балки уйларни ҳам “безаги” бўла бошлади. Уларни асосан катталар ва болалар “ўйин”ларини ўйнаш учун ола бошланди. Одамлар аста-секин унга “боғланиб” қола бошладилар. Бу дунёдан “узилиш” оддий ҳол бўлиб қолди. Бошқа турдаги “ҳаётий қизиқиш”лар пайдо бўлди, вақтни фойдали ишлардан кўра кўпроқ компьютер ўйинларига бағишланадиган бўлди. Ота-оналар учун эса энг муҳими – фарзанднинг уйдалиги бўлиб қолди, ҳаттоки бутун кунини компьютер ўйини ўйнаб ёки телевизор қаршисида ўтказса ҳам. Йўлдош телевидения ўрнатиш осонлашди, икки ёки учта зерикарли канал ўрнини, турли ва мавзу ва қизиқишдаги минглаб телеканаллар эгаллади. Ёшлар тарбияси — тўлиқ оммавий ахборот воситалари “қўлига топширилди”. Улардан сўнг “жаноб Интернет” етиб келди! Нима учун “жаноб”? Чунки Интернет худди ошхона пичоғи каби, нон кесса ҳам, одам ўлдирса ҳам бўлади, зеро кўпгина сайтларнинг негатив “юки” бўлиб, инсонларнинг маънавияти, қарашлари, вақт ўтказиши ва ҳаётини ўзгартира бошлади.
Интернет кўпчиликни боши берк кўчага киритди, тўғри йўлдан адаштирди, баъзилар Интернетда ўз ҳаётлари мазмунини йўқотган бўлсалар, баъзилар эса “онлайн-муҳаббат” соҳибига айландилар баъзилари онлайн орқали бошқа дин вакилларига турмушга чиқди. Кўнгиллар Интернетга боғланди, у инсонлар қўлидаги “шайтоний тўр”га айланди. Одамлар кечаларини “онлайн-мулоқотлар”га бағишлайдиган, кераксиз маълумотлар ва видеороликлар томошаси билан банд, уларнинг мазмуни ва бошқа тарафларини гапирмаса ҳам бўлади. Интернет юқорида қайд этилган барча электрон воситаларни — инсоннинг вақти ва онгини ўғирлаши ҳамда қўлга киритиш осонлиги жиҳатидан “ортда қолдирди”. Асосийси – Интернет янаям мобил бўлди. Қайсики ерда мобил алоқа ва “вай-фай” мавжуд бўлса, телефон, смартфон, айфон, айпад, коммуникаторлар, нетбуклар, ноутбуклар орқали одамлар Интернетдан ҳаммаёқни ва ҳамма нарсани кўриш имконини қўлга киритдилар.
Одамларнинг қизиқишлари, асосан ёшларнинг дунёқарашлари, ҳаётий мақсадлари, психикаси, мулоқот, бандлик, илм олиш, ҳурмат, ўзаро тушуниш каби ҳислар кескин ўзгарди. Инсонларнинг тушунчалари, мулоқот тарзи ва кайфияти ўзгарди. Тушунчалар “бузилиши” билан одамлар ишлатадиган “сўзлар заҳираси” ҳам ўзгарди. Ҳурмат, илтимос ва узр маъноларини билдирувчи сўзлар ўрнини сўкиниш, ҳақорат тарзидаги сўзлар эгаллади. Бунинг натижасида – болалар ва ота-оналар орасидаги ҳаётий қарашларда ўзаро номутаносиблик юзага келди. Болалар учун ота-оналар – хаётда ҳеч нарса тушунмайдиган қариялар, ота-оналар учун эса улар – ардоқли фарзанд.
“Одноклассники” каби ижтимоий тармоқлар ва унга ўхшашлар эса, ёшга доир чекловларсиз барчани ўз “доми”га тортиб кетди. Хўш? Шу ҳаммаси-ми? Етарли бўлдими? Инсонлар ўзларига “эрмак”лар сотиб ола бошлади, бунинг учун нафақат пул, балки вақтларини ҳам аямай сарфлай бошлади. Тунларини жойнамоз устида ўтказиш ўрнига, кўпчилик компьютер столи ва телевизор олдида ўтказмоқда. Вақт эса баракасиз, худди яшин каби ўта бошлади, қарашга ҳам улгурмай – тун ўтиб кетмоқда, агарда уни ибодатга сарф қилишни синаб кўрилса, тонг отиши уларга жуда узоқдек туюлар эди. Шундай қилиб, одамлар вақтнинг “барака”сини йўқотиб қўйдилармуҳтарам азизлар.
Эй мусулмонлар, охират тўғрисида ўйлаш фурсати келмадими, бизларга берилаётган бу техналогиялар инсонларни яхшилигига хизмат қилишлиги керак аслида лекин афсуски ундай эмас энг яқин дустлар ҳам бир-бирлари билан гаплашса диктафонга запис қилиб олади инмонлар бир бириларини айбларини ёзиб олган,ёки бирор нохуш ҳолатларни афтоҳалокатларни ведеога олиб каналларга чиқарган шу ишлари билан фахрланишлар купайгандан купаймоқда. Биз учун фойдали бўлган ва ҳаётдаги устивор мақсадларимизни қайта кўриб чиқиш ҳамда вақтни бефойда нарсаларга сарфлашда таъқиқ қўйиш вақти келмадими? Зеро, кун келиб Аллоҳни зикрисиз ўтказган ҳар бир нафасимиз учун, беҳудага кетган вақтимиз учун афсус надоматлар қиламиз…
Росули акрам саллаллоҳу алайҳи вассалом айтадилар: “Қиёмат кунида банда Аллоҳнинг олдида бу ўткинчи дунёдаги ҳаёти тўғрисида ҳисоб беради: қандай ҳаёт кечирди, қандай илмларни ўрганди ва ундан қандай фойдаланди, қанча бойликка эришди, уни қандай қўлга киритди ва қайси эхтиёжлари учун сарфлади, ўз аъзоларини қандай сақлади ва қандай мақсадларда улардан фойдаланди” (ат-Термизий).
Шунингдек ёзилишича, Қиёмат кунида инсон энг афсус надомат қиладигани — бу ўткинчи дунёда Аллоҳнинг зикрисиз беҳудага сарфланган умри бўлар экан. Эй Аллоҳим, биз бандаларингга бу ҳақиқатни тўлиқ тушунишда Ўзинг тавфиқ бер! Амийн!
Шўрчи туман бош имом-хатиби А. Ҳабибуллаев