Даражалар 70 маротаба кўтариладиган ой

Жаннатмакон юртимизда муборак ой шукуҳи давом этмоқда. Дуолар ижобат бўладиган ой, гуноҳлар кечириладиган ой, мақому дарожотлар кўтариладиган ой, чексиз савоблар ёзиладиган ой, файзу бараканинг чеки йўқ бўлган ой, мўминни хурсанд, мунофиқни хафа қиладиган ой, Парвардигори оламнинг меҳри жўш урадиган ой, осмон эшиклари очилиб илоҳий раҳматлар ёғиладиган ой, кечаю-кундуз фаришталар ва Жаброил алайҳиссалом ер юзига тушиб сайр қиладиган ой, ҳақиқий тақводор мўмин бандалар учун ғанимат бўлган ойдир. Бу моҳи шарифи Рамазондир. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Бу ойнинг аввали раҳматдир, ўртаси мағфират ва охири эса дўзахдан нажотдир”. Бундай имтиёзлар, бундай имкониятлар Рамазондан бошқа қайси ойда бор.
Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Ва бу Рамазон ойида мўминнинг ризқи зиёдаси билан берилади. Кимики бу муборак ойда рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади”. Саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам бизларнинг ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб беролмаймиз?! Шунда Расули Акрам саллолоҳу алайҳи васаллам “Кимики рўзадорни бир ҳўплам сут билан ёки бир дона хурмо билан ёки бир қултум сув билан бўлса ҳам оғзини очтирса, Аллоҳ таоло унга Ўзи биладиган даражада савоб ёзади. Ва кимики бир рўзадорни тўйдирса, уни Парвардигори олам гуноҳларини кечиради, ичгандан кейин ҳечам чанқамайдиган оби кавсардан ичиради ва ҳатто жаннатга киритади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан қисқартирилмаган ҳолда шунча савоб берилади” — деб марҳамат қилдилар.
Мана шу ойда ҳар бир мўмин инсонлар рўзадорларга ифторлик қилиб бериб, ўзларини мағфират мақомига сазовор қилишга ҳаракат қиладилар. Ва холислик билан қилинган ифторликлар ўз соҳибини албатта, дўзахдан қутқариб, жаннатга олиб боради. Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлашлиги Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби орттириб берилади ва гуноҳи кечирилгандир”- деб марҳамат қилдилар.
Рамазон ойи шундай муборак ойки, ҳар бир тақводор зот учун бу ойда туришликнинг ўзи ибодат, бу ойда бўлишликнинг ўзи ибодат. Рўза тутадими ибодат, рўза ҳолатда ухлайдими ибодат, ҳаттоинки гапирмасдан жим турса ҳам ибодат, ифторликда овқат еса ҳам ибодат. Ахир бунчалик даражада савоблар, бунчалик мақомда файзлар ва ҳар бир оддий амал ибодатга айланади. Рамазон ойида саҳар вақтдан олдин туриб саҳарлик қиламиз бу ибодатга айланади, кейин саҳардан то шомгача рўза ҳолда юрамиз, ишлаймиз, ухлаймиз ибодат, сўнгра шомда яна овқатланамиз ибодат, кечаси таровеҳ намозларида қоим бўламиз ибодат, дуолар қиламиз ибодат, яна эртанги кун учун, рўзага куч тўплашлик учун дам оламиз у ҳам ибодатга айланади. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам. “Бу Рамазон ойи барака ойидир” – деб бежизга айтмадилар.
Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам дедилар, “Эрталаб рўзадор одам рўзғори учун, нафақаси учун ишлаб меҳнат қилса ва азбаройи чарчаганидан пешиндан кейин ёки асрдан сўнг бироз мизғиб олса, уни Аллоҳ таоло ҳар бир чиқарган нафаси учун зикр қилди деб номаъи аъмолига ёзиб қўяди”. Рўзадорнинг мартабасини Худои таоло азиз қилиб қўйганини мана шундай билиб олсак ҳам бўлади.Ва яна Расули Акрам саллолоҳу алайҳи васаллам.– рўза тутган кишининг гапирмаслиги, жим туришлиги тасбеҳдир. Яъни рўзадор одам вақтида ҳар хил хунук сўзларга ўрганган бўлса, эндиликда Аллоҳ таолонинг фарзини бажараётганда бу хилдаги одатни тарк этиб, яхши сўз билмаса унда жим турсин. Мана шу ҳолда Парвардигори олам у инсонга сукут сақлагани учун “Субҳаналлоҳ” деди деб ҳисоблайди. Ҳадиснинг давомида келади– рамазонда қилинган савобли ишларнинг ажри орттирилади. Яъни рамазонда қилинган ибодатлари, бошқа вақтларда қилинган ибодатлари билан бир хил бўлса-да, аммо муборак ойда қилинган хайрли ишларнинг савоби етмиш даража кўтарилади. Бу озмунча фарқ эмас, жуда ҳам бир яхши мукофот. Рамазонда кунига таровеҳ 20 ракаат ўқилади. Бу дегани 1400 ракаат намоз ўқилганнинг ажри берилади. Энди бу ойда садақалар, хайрли ишлар, зикрлар 70 маротаба зиёда қилинади. Шунинг учун ҳам баъзи ақлли инсонлар закотларини ушбу муборак Рамазон ойида адо этадилар. Чунки Рамазон ойида қилинган ҳар бир эзгу амалга 70 марта кўп савоб берилади. Ва яна– рўзадорнинг гуноҳлари кечирилади, деб марҳамат қиладилар Сарвари коинот саллолоҳу алайҳи васаллам рўза тутган мусулмон пайтларида кўпроқ истиғфорлар айтса, албатта гуноҳлари кечирилади. Ва яна ҳадиси шарифда ушбу мазмундаги ҳадис зикр қилинадики “Рамазондан рамазонгача бўлган орада мўмин кишининг кичик гуноҳларига кафоратдир”. Рамазон ойига бефарқ қарайдиган инсонларга Расулуллоҳ с.а.в. шундай ҳадислари бор: “Узрсиз бир кун рўза тутмаган одам умр бўйи рўза тутиб ўтса ҳам ўша куннинг ўрнини тўлғиза олмайди”, деганлар. Яна бошқа ҳадисда “Бир кун рўза тутмаган одам қирқ йил жаннатнинг исини ҳам ҳидламайди”, деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифлардан билиниб турибдики, бу ойнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб кўпроқ тақвога берилайлик, шайтонлар кишанланган вақтда гуноҳли-хунук одатларимиздан қутулайлик, истиғфору тасбеҳларни айтиб номаъи аъмолларимизни ажру ҳасанотларга тўлдирайлик, кўпроқ хайру эҳсонлар қилиб савоблар шодасига эга бўлайлик. Аллоҳ таоло ҳаммамизни айтилган ушбу сўзларга муваффақ айласин.

Сурхондарё вилояти Олтинсой туман бош имом хатиб котибаси: Давлатова Турдихол

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here