Тарихий манбаларда Термизни Имом Аъзамнинг ватани сифатида қайд этиш ҳолатлари ҳам учрайди. Бу эса Термизнинг Ислом билан боғлиқ илк тарихини ўрганиш ва баҳолашда муҳим аҳамиятга эга.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (80-150/699-767) тўғрисида бизгача етиб келган дастлабки батафсил маълумот Хатиб Бағдодийга (392-463/1002-1072) тегишли бўлиб, бу унинг машҳур “Тарихи Бағдод” асаридадир. Ушбу асарда Имом Аъзамнинг ватани ҳақида10 хил қараш келтирилиб, улар қуйидагилар.

1.Абу Муслим Солиҳ ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Солиҳ Ижлий деди: “Менга отам ривоят қилди ва деди: “Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Кўфий Таймий, Ҳамза аз-Зайётнинг гуруҳидан. У хаззоз бўлиб, хазз(жун ва ипакдан тўқилувчи мато) сотар эди”.

2.Юсуф ибн Асбот шундай дейди: “Абу Ҳанифа туғилганида унинг отаси насроний эди”. Тарихи Бағдод” тадқиқотчи ношири дейди: “Ушбу ривоят санади заиф бўлиб, бу Юсуф ибн Асботнинг ровийлик жиҳатдан заифлиги туфайлидир. Унинг матни Абу Ҳанифа ва унинг отаси Исломда туғилганлиги ҳақидаги саҳиҳ ривоятларга зиддир”

3.Умар ибн Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа, яъни, Абу Ҳанифанинг неварасидан ривоят қилинишича, у деди: “Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зуто. Аммо Зутога келсак, у Кобул аҳлидандир. Собит эса Исломда туғилди. Зуто Таймуллоҳ ибн Саълабанинг мамлуки эди ва улар уни озод қилди. Унинг валоси Таймуллоҳ ибн Саълабага, сўнг Бани Қафолгадир. Абу Ҳанифа хаззоз бўлиб, унинг дўкони Амр ибн Ҳурайснинг уйида машҳур эди”.

4.Абу Нуъайм Фазл ибн Дукайн дейди: “Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зутонинг асли Кобулдан”.

5.Абу Жаъфарнинг шундай деганини эшитдим: “Абу Ҳанифанинг исми Атийк ибн Зутра. Сўнг у ўзини Нўъмон, отасини эса Собит деб номлаган”. Асар ношири дейди: “Ушбу ривоят санади заиф бўлиб, бу Абу Жаъфарнинг кимлиги номаълумлиги туфайлидир”.

  1. Язид ибн Зурайъ дейди: “Абу Ҳанифа набатий эди”. Набийт – икки Ироқ- Кўфа ва Басра оралиғида яшаган элат дейилади. Яна Шом набатийлари ҳам бўлган. Яна набатийлар калдонийларга бориб тақалувчи Бобил аҳли ҳам дейилади. У ҳолда Имом Аъзамнинг бобилий ва набатий дейилиши бир маъно касб этади. Бу ривоят ҳам ношир томонидан санаддаги ровий Зориъ ва ундан олдинги Аткийлардаги камчилик туфайли исноди заиф дейилади.

7.Абу Абдураҳмон Муқриъ дейди: “Абу Ҳанифа Бобил аҳлидан эди. Ва яна у дер эди: “Бобилийнинг (яъни, Имом Аъзамнинг – Ж.Ч.) қавлида бундай”.

8.Яҳё ибн Назр Қураший дейди: “Абу Ҳанифанинг отаси Наса (Нисо)дан эди”. Айтилишича, ушбу ривоят санади ҳасандир.

  1. “Нахаъий деди: “Бизга Сулаймон ибн Робийъ ривоят қилди ва деди: “Ҳорис ибн Идриснинг шундай деганини эшитганман: “Абу Ҳанифанинг асли Термиздан”.

Ушбу ривоят ҳам Сулаймон ибн Робийъ Наҳдийнинг камчилиги туфайли заиф дейилади.

  1. “Нахаъий яна дейди: “Бизга Қози Абу Жаъфар Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Баҳлул ривоят қилди ва деди: “Отамнинг бобомдан шундай ривоят қилганини эшитдим: “Абу Ҳанифанинг отаси Собит Анбор аҳлидан”.

Шуниндек, Исмоил ибн Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа (яъни, Абу Ҳанифанинг невараси)дан шундай ривоят қилинади: “Мен Исмоил ибн Ҳаммод ибн Нўъмон ибн Собит ибн Нўъмон ибн Марзубон ҳур форслар авлодиданман. Худо ҳаққи, бизнинг бўйнимизга ҳеч қачон қуллик тушмаган. Бобом саксонинчи йилда туғилган ва Собит уни гўдаклигида Али ибн Абу Толибнинг олдига олиб борган. У зот у ва унинг зурриётлари ҳаққига барака сўраб дуо қилган. Биз Аллоҳ Али ибн Толибнинг бизнинг ҳаққимиздаги ушбу дуосини ижобат қилганлигини Аллоҳдан умид қиламиз”. Деди: “Нўъмон ибн Марзубон Абу Собит Наврўз куни Али ибн Абу Толибга (мевадан шакар қўшиб тайёрланган) қиём ҳадя қилган ва у зот деди: “Бизнинг ҳар кунимиз Наврўз”. Яна дейилади: “Бу Меҳржонда бўлган эди ва у зот деди: “Бизнинг ҳар кунимиз Меҳржон”.

Бу ривоят ҳам ношир томонидан санадидаги кўплаб кишиларнинг камчилиги туфайли исноди заиф дейилади.

Кобул – ҳозирги Афғонистон ҳудудидаги йирик шаҳар.Бобил ҳақида турли қарашлар бор. У Кўфа унда жойлашган ноҳия номи. Қуръонда Бобил шаҳри зикри келади (2/102) ва муфассирлар уни турлича тафсир қилишган: Ироқ Бобили, Данбованд Бобили ва Кўфа Бобили ёки калдонийлар яшаган Бобил. Дейиладики, энг аввал унда яшаган киши Нуҳ алайҳиссалом бўлиб, у зот тўфондан сўнг ўзлари билан бўлган кишилар билан бирга ушбу жойга яшаш учун қулай шароит излаб тушишган ва унда ўрнашиб, кўпайишган. Сўнг кейинчалик унинг аҳолиси кўпайиб, ҳудуди кенгайиб, Фурот ва Дажлагача етган. Сўнг у бутун Ироққа ёйилган давлат бўлган ва подшолари Бобилда турган. Унинг қурилиши ҳақида яна турли қадимги асотирлар келтирилади. Халифа Умарнинг бир деҳқондан уларнинг мамлакати ҳақида сўргани ва у Бобилнинг етти шаҳардан иборат бўлиб, ундаги ажойиботларни сўзлагани ҳам айтилади.Термиз – Мовароуннаҳрдаги шаҳарларнинг оналаридан бўлган машҳур шаҳар. Жайҳун дарёсининг шарқий тарафи бўйида жойлашган бўлиб, Чағониён билан чегарадош.

Наса (Нисо) – Хуросондаги шаҳар бўлиб, у ҳақда турли фикрлар бўлса-да, ушбу шаҳар ҳозирги Ашхободдан 18 километр шимоли-ғарбдаги майдони 28 гектар бўлган Янги Наса ва ҳудуди 20 гектар бўлган Эски Насага тўғри келади.Анборҳам иккита. Бири Балх яқинидаги шаҳар бўлиб, у Жузжоннинг ноҳияларидан бўлган касаба (пойтахт ёки асосий шаҳар ёхуд шаҳарча). Яна бир Анбор эса Фурот дарёси бўйида жойлашган Бағдод ғарбидаги, у билан ораси ўн фарсах (60-80 км.) масофада бўлган шаҳар. Уни Форслар Ферузсобур дейишар эди. Уни биринчи обод қилган шахс Собур ибн Ҳурмуз Зулактоф. Сўнг аббосийларнинг илк халифаси Абулаббос Саффоҳ унда қаср қуриб, уни ўзига то вафотигача макон тутди. Яна дейиладики, Анбор Бобилнинг чегарасида бўлиб, унинг шу ном билан аталишига сабаб унда кўп маҳсулотларнинг энг яхшиси жамланган.

Абу Ҳанифанинг ватани борасидаги мана шу каби баҳслар юқоридагидек тўла санадда келтирилмаса-да, Ибн Халликон (608-681/1211-1282), Нававий (631-676/1233-1277), Миззий (654-742/1256-1341), Заҳабийда (673-728/1274-1348)  қисқача тарзда келтирилади. Ҳанафийларнинг табақот китоблари ва баъзи маноқибларда ҳам шу каби берилади. Энг аввалги ҳанафийларнинг табақот китобини битган Абдулқодир Қураший (696-775/1297-1373) у зотнинг аждодларини Тақийиддин Абу Исҳоқ Сарийфинийга (ваф. 641/1243) таянган ҳолда Одам алайҳиссаломгача етказган (…ибн Кавус ибн Марзубон ибн Баҳром…). Ушбу китобда у зотнинг қайси шаҳарда туғилганлиги масаласи келтирилмаган. Аммо насабни Одам алайҳиссаломгача етказиш баъзи саҳобалар ва кейинги олимлар томонидан маъқул кўрилмаган иш ҳисобланади.

Яна бир табақот китоби соҳиби Тақийиддин ибн Абдулқодир Ғуззий (ваф. 1010/1601) эса “Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зуто”, яна бир қавлга кўра “Завто” (машҳури Зуто) деб келтиради ва Зутонинг бани Таймуллоҳ ибн Саълабанинг мавлоси бўлганлигини айтади. Кўринадики, бунда Абу Ҳанифа асли Кобулдан эканлиги устунроқ кўрилмоқда. Шунингдек, у мавлуд борасида юқоридаги шаҳарларни келтиради ва бундан бошқа қавллар ҳам мавжудлигини айтади. Аммо ўша бошқа қавлларни келтирмайди. Яна ушбу китоб муаллифи Қурашийнинг “Жавоҳир ул-музийя”сида у зот насабининг Одам алайҳиссаломгача етказилгани ҳақидаги хабарни унинг сиҳҳати йўқлиги – ишончсизлиги туфайли тарк қилганини айтади. Қуръонда: “Сизга ўзингиздан олдин ўтган Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва улардан кейингиларнинг, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиганларнинг хабари келмадими?” (14/9) дейилган. Шунинг учун саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) насабда чуқур кетганларни ёлғончи деган. Шунга ўхшаш маънолар яна бир саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)дан ҳам ривоят қилинган. Табаъ тобеъин Имом Молик ибн Анас ҳам буни хушламаган. Бу ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан ҳам маъқул кўрилмайдиган иш дейилади.

Машҳур ҳанафий олим Мулла Али Қорий (ваф. 1014/1606) ҳам Абу Ҳанифа аждодлари масаласига тўхталиб, Ҳорис ибн Идриснинг нақлини ўзига хос тарзда келтиради: “Ҳорис ибн Идриснинг зикр қилишича, у зот мадинат ур-рижол (эранлар шаҳри – Ж.Ч.) бўлган Термиздандир”.

Абу Ҳанифанинг асли Термиздан эканлигини айтган Ҳорис ибн Идриснинг алоҳида таржимаи ҳолини учратмадик. У манбаларда ҳанафийларга яқин инсон сифатида қайд қилинишини кузатиш мумкин. Унинг Абу Ҳанифанинг асҳобидан бўлган зуҳд имомларидан бири Довуд Тоийдан (ваф. 165/781) насиҳат қилишини сўрагани ва Суфён Саврийдан (97-161/716-778), шунингдек, Абу Ҳанифанинг шогирди бўлган Имом Муҳаммаддан (Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Фарқад Шайбоний (мавло), 131-189/748-804) ривоят қилгани маълум.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, у зот замонавий тадқиқотчи Зириклий келтирганидек, форс ўғлонларидан. Кобулдан эканлиги борасидаги сўзлар қувватлироқдек кўринади. Аммо Абу Ҳанифа ва унинг аждодлари ҳаётида Термизнинг ўз ўрни бўлганлигини эътироф этиш лозим. Ислом Мовароуннаҳр диёрига кириб келганидан сўнг Термиз тез орада муҳим илмий марказлардан бирига айланган. Буни Абу Ҳанифанинг туғилган ўрни борасидаги баҳсларда истисносиз тарзда Термизнинг доимий келтирилиши ҳам кўрсатиши мумкин. Бу ривоятлар фақат Ҳорис ибн Идрисдан келтирилади ва унинг ҳанафийларнинг илк олимлари билан алоқада бўлганлигини унутмаслик лозим бўлади. Қолаверса, манбаларда Абу Ҳанифа билан яқин алоқаларда бўлган Холид ибн Зиёд Термизий ва унга шогирд тушган унинг ўғли Абдулазиз ибн Холид Термизий ва Исроил ибн Зиёд Термизийлар ҳақида маълумотлар мавжуд. Охирги Термизий эса у зотнинг маноқибини битгани ҳам қайд қилинади. Холид ибн Зиёд ва Абу Ҳанифаларнинг саҳоба Абдуллоҳ ибн Умарнинг мавлоси Нофеъдан таълим олишганини ҳисобга олсак, уларнинг тенгдош ва сабоқдош эканликлари ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Холид ва, айниқса, унинг ўғли Термизда қозилик қилишганида ҳанафийлик мазҳабига майл кўрсатишганига шубҳа йўқ.

Бу масалада Сирож Ҳиндийнинг ушбу хулосаси айни мақсадга мувофиқдир: “Бу ривоятлар орасини мувофиқлаштириш масаласи шундайки, у зотнинг бобоси Кобулдан, сўнг ундан Насага кўчган, сўнг Термизга келган ёки у зотнинг отаси Термизда туғилган, Анборда улғайган ва ҳоказо”. Бунинг мисолини тарихда учратиш мумкин. Худди Абулмаъолий Фазл ибн Саҳл Исфаройиний каби. Унинг отаси Исфаройиндан. Ўзи Мисрда туғилган. Ҳалабда ўсган. Сўнг Бағдодда яшаган ва унда вафот қилган. Шунинг учун Мисрий, Ҳалабий, Бағдодий дейилади”. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Кифоя” китобида келтиришича, Абу Ҳанифанинг оталари Собит ибн Зутий асли форсий қавмлардан, боболари асли кобуллик. Оталари Термиз, Наса ва Анбор шаҳарларида яшаб, Кўфада қарор топган ва Абу Ҳанифа унда дунёга келган.

Таъкидлаш лозимки, Термиз нафақат Мовароуннаҳрдаги ҳанафий мазҳабининг илк марказларидан бири бўлган, балки кейинчалик ҳам бу борадаги муҳим нуқта сифатидаги ўрнини сақлаб қолган. Қуйида кўриб ўтиладиганидек, ҳали II/VIII асрдаёқ Термиз қозиси Холид ибн Зиёд Термизий Имом Аъзам билан яқин алоқада ва сабоқдош бўлган бўлса, кейинчалик шаҳар қозилиги Имом Аъзамнинг бевосита шогирди бўлган унинг ўғли Абдулазиз ибн Холид Термизийга ўтди. Бу Мовароуннаҳр шаҳарлари орасида ҳанафийларнинг расман қозилик мансабини эгаллаши борасида илк қадам дейиш мумкин.

Манбаларда келишича, раъй асҳобининг машҳур вакилларидан бўлган, шунингдек, турли ўлкаларда ҳадис тинглаган нишопурлик Абу Саъид Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Ҳасака Ҳоким Ҳанафий (ваф. 374/985) Бухорога кирган, сўнг Термиз қозиси бўлган.

Абулфазл Муҳаммад ибн Амр (ёки: Умар) Термизий эса машҳур ҳанафий олим Имом Таҳовийнинг (239-321/853-933) шогирди ҳисобланиб, унинг машҳур “Шарҳу маъоний ал-осор” (Хабарлар маънолари шарҳи) китоби халифаликнинг шарқий ҳудудлари, яъни, Хуросон ва Мовароуннаҳрга ушбу шахс орқали ёйилгани ва Мовароуннаҳрнинг баъзи олимлари Термизга келиб, ушбу ва Имом Таҳовийнинг бошқа китобларини ундан таълим олганлиги қайд этилади.

Абдулқодир Қурашийнинг хабар беришича, ҳанафий мазҳаби намояндаси, дастлаб Қримга, кейинчалик Мисрга бориб, у ердаги жомеъда имомлик қилиб, ҳанафийлар тоифасига то вафотига қадар дарс берган Имом Қивомиддин Муҳаммад Какий (ваф. 749/1348) бошқа бир ҳанафий олими, фиқҳ ва усул илмларида денгиз дейиладиган, Баздавий, Аксикатийлар асарлари ва “Ҳидоя”га шарҳ битган Имом Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Бухорийдан Термизда таълим олиб, фақиҳ бўлган.

Термизийлардан баъзилари бошқа ўлкаларда ҳам ҳанафий мазҳаби бўйича қозилик лавозимларида бўлган. Улардан бири Баҳоуддин Термизий (ваф. 675/1276) Шомдаги Акрод қалъасининг қозиси бўлган.

Ушбу маълумотлар янада батафсилроқ тарзда қуйидаги ўринда нашр этилган: Жўрабек Чўтматов. Термизнинг безавол қалъалари ёхуд Термиз тарихи. Тошкент: “Yangi nashr”, 2017.

Жўрабек Чўтматов. Ўзбекистон мусулмонлар идораси Сурхондарё вилояти вакиллиги котиби.

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here