Дунё шундоққина қалқиб турган бир томчи сувга ўхшайди.У яралгандан бери одамларнинг бир бирларига қилаётган ёвузликларидан тўлиб бормоқда. Бир кун келиб унинг парчаланиши учун Яратган Эгамнинг биргина қахри кифоя. Аллоҳ асрасин. Инсон ҳаёти давомида ана шу ҳақиқатни англаб етса ва Худонинг қаҳридан қўрқсагина ёвузликларини бас қилган бўлар, яхшиликларини эса янада зиёда этар эди.
Минг афсуски, бугун атрофимизга қараб туриб мураккаблашиш ва янада мураккаблашишни ҳис этамиз. Бу сиёсий тил, борингки, замон одамларининг тили билан айтганда “Диний экстремизм”дир. Аъмоли дин, бироқ қилаётган иши бутунлай динсизлик, имонсизлик бўлган бу ёвузликнинг мураккаблиги шундаки, хунрезликлар, қон тўкишлар, талончиликлар умуман уларга хос нимаики бўлса, буларнинг бари Муқаддас Ислом динининг номи остидалигидир. Бу ҳақда чуқурроқ ўйланишнинг ўзи қўрқинчли. Чунки динимизда бировнинг жонига қасд қилиш у ёқда турсин кўнглига озор бериш ҳам қаттиқ қораланади. Экстремистларнинг қилаётган ишлари, ҳам ҳаётий, ҳам диний мезонларнинг бирортасига тўғри келмаётганлигини билиб туриб, уларнинг сафига қўшилаётган айрим ёшларимиз нимани мақсад қилаётганликларини тушуниш қийин. Суқрот айтганидек: “Жисмнинг ҳаёти ёвузликдан ва ёлғондан иборат”. Ўлим ҳақ. Истаймизми йўқми бу ҳамманинг қисматида бор. Қисқагина берилган бу умрни шу қадар жаҳолатга кўмишдан нима наф? Энг катта гуноҳларидан бири бўлган ўз жонига қасд қилишдан-чи? Ўзгаларнинг ҳаётига дахл қилишдан-чи? “Алҳамдулиллаҳ мусулмонман” деган одам учун Ислом динини ўрганаман деса, Аллоҳ таоло нозил қилган Қуръони карим ва Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлганҳадислар бор. Бундан ташқари мусулмон урф одатларимиз, гўзал хулқ, бобомерос ахлоқий тарбиямиз бор, яна нима керак? Юртимизда мавжуд диний билим юртларинику айтмаса ҳам бўлади. Ахир шулар каби инсоний эзгуликлар хазинаси турганда, динимизни тарғиб қилиш бир тўда ғаламисларга, оят билан ҳадиснинг фарқига бормайдиган чаламуллаларга қолмаган-ку? Наҳот шуларни англаш, оддийгина ҳақиқатни тушуниб етиш шу қадар қийин бўлса? Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб муқаддас ислом динини ўзгартириб ўз нафслари йўлида фойдаланишларига тўсиқ бўлишимиз, уларга қарши қатъий курашишимиз керак эмасми? Бу борада бериладиган саволлар шу қадар кўпки, ягона жавоб “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашишдир”, Бу маърифат нима эканлигини билган одам учун оддий ва жўнгина жавоб ёки ечим эмас балки ҳаёт ва мамот масаласи бўлиб қолади.Чунки ўқиш ва ўрганиш китоб мутолаа қилиш инсонни дунёни англашга, яхшиликларга ўргатади. Зотан Жомий хазратлари айтганидек:
Қулоқдан қалбинга гар кирмаса нур,
Сичқон кавагидан не фарқи бўлур.
Нодиржон Холиков