Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда собит бўлишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз анбиёлар жамоасининг динимиз бирдир”, деганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Ким исломдан бошқа динни истаса, бас, ундан ҳаргиз қабул қилинмас”, деган (Оли Имрон сураси, 85-оят)
Шунга биноан, ҳамма замонларда дин битта — Ислом дини бўлган, лекин шариатлар турлича бўлган.
Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти бунга далилдир: “Сизлардан ҳар бирингизга алоҳида шариат ва маслак қилиб қўйдик” (Моида сураси, 48-оят). Дин аслий нарсалардан иборат бўлиб, у биттадир. Шариат эса фаръий нарсалардан, амал қилиш йўлларидан иборат бўлиб, у турличадир.
Ислом Аллоҳ таоло Ўз бандаларига Ўз пайғамбарлари орқали юборган кўрсатмалари тўпламидир. Бу диннинг асли ҳам, фарълари ҳам пайғамбарлар томонидан ривоят қилингандир. Дин жуда ҳам очиқ-ойдин нарсадир. Унга ҳар бир вояга етгану етмаган, катта-ю кичик, фасиҳ ҳам, ажам ҳам, закий ҳам, нозакий ҳам энг қисқа муддатда кириш мумкин. Лекин бу диндан чиқиш эса киришдан ҳам тез, яъни биргина сўзни инкор қилиш билан, ёлғонга чиқариш ёки қарши туриш билан бўлиши мумкин. Шунингдек Аллоҳга нисбатан ёлғон тўкиш, Аллоҳ таолонинг сўзига гумон билан қараш, Аллоҳ таоло нозил қилган нарсани рад қилиш, Аллоҳ шак-шубҳага ўрин қолдирмаган нарсада шаккоклик қилиш ва шунга ўхшаган диндан чиқишга сабаб бўладиган нарсалар билан бўлиши мумкин.

Ислом ҳаддан ошиб, чегарадан чиқишни кечирмайди ва атайлаб камчилликка йўл қўйишни ҳам кечирмайди. Балки, ўртача йўл тутади.
Далил: “Эй аҳли китоблар! Динингизда ноҳақ ҳаддан ошманг…” деб айт” ( Моида сураси, 77-оят).

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни харом қилманг. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас” (Моида сураси, 87-оят).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир нечта асхоблари у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларидан у зотнинг ошкор бўлмаган амаллари ҳақида сўрадилар. Улардан бири: “Аёлларга уйланмайман”, деди. Бошқа бири: “Гўшт емайман”, деди. Яна бири: “Кўрпада ухламайман”, деди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга нима бўлдики, бундоқ, бундок, дейишибди?! Лекин мен (тунда) намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, (Нафл) рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам юраман,аёлларга уйланаман ҳам.
“Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, дедилар” (Муслим ривоят қилган).

Сурхондарё вилояти Олтинсой туман
«Хидиршо Ота» жомеъ масжиди имом-хатиби: Абдусалом Султонов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here