Ватан остонадан, инсоннинг киндик қони тўкилган тупроқдан бошланади. Кишининг туғилиб ўсган уйи, маҳалласи, қишлоғи, яқинлари – Ватан деган тушунчада мужассам. Ватан меҳри аввало, инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр-муҳаббатидир. Бу ҳақда: “Ватанни севмоқ имондандир”дейилган ҳикматни эсга олиш кифоя. Ҳазрати Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): “Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлган”, деганлар. Ватанни севиш ҳисси инсонда туғма бўлса ҳам, албатта уни ривожлантириш ва тарбия қилиш лозим. Бутун мусулмон оламига диний билимларни ўргатиб келган Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий, Қаффол Шоший каби буюк боболаримиз ҳам Ватанга бўлган кучли муҳаббатлари туфайли ўзларининг тахаллусларини киндик қонлари тўкилган юрт номи билан боғлаганлари ҳам ана шундай эътироф ва эътиборнинг ўзига хос амалий ифодаси ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Мадинага ҳижрат қила туриб, Макка чегарасига етганларида орқаларига қараб: “Эй, туғилган она юртим, агар ўз қавмим мени мажбур қилмаганида, сени тарк этмас эдим”, – дея ноиложликдан кўчиб кетаётганларини изҳор қилганлар. Ватан – муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу тўғрида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримимз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам; “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, – деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти). Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ  савоб ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб кириш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади. Ҳар бир инсон ўз ватани, оиласи ва халқини кўз қорачиғидек асраб-авайлаши лозим. Зеро, инсон ўз Ватанининг равнақи учун фидойилик кўрсатиши, бу йўлда керак бўлса, жонини ҳам фидо қилиши лозим бўлади.Умар ибн Хаттоб (р.а.): “Аллоҳ таоло юртларни ватан муҳаббати билан обод қилди, агар ватан муҳаббати бўлмаганида юртлар хароб бўларди” деган. Пайғамбаримимз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламҳадисларининг бирида: «Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун «Аллоҳга ҳамд бўлсин» деса, шунда у ўша неъматидан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади», дея марҳамат қилганлар. Аллоҳ таолога ҳадсиз ҳисобсиз шукроналар бўлсинки, тинчлик дея аталмиш неъматга эгамиз. Бунинг эвазига шу заминнинг ҳар сатҳини кўзқорачиғидек асрамоғимиз муҳимдир.

Музработ туман бош имом хатиби Бобохон Қосимов.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here