- 2018 йил 23 октябрь куни azon.uz сайтида эълон қилинган “Уйи томсиз қолган имомга ёрдам берайлик!” номли хабарда Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида жойлашган жоме масжидда имом вазифасида хизмат қилиб келган Сафар ака қизини даволатиш учун пул топа олмай уйининг шиферларини сотгани, қиш фасли яқинлашиб келаётгани учун у кишига уйининг том қисмини беркитишга моддий ёрдам зарурлиги айтилган.
Диний идора Масжидлар бўлими томонидан мазкур ҳолат ўрганилганда, унда келтирилган маълумотлар нотўғри экани аён бўлди. Мақоладаги имом деб номланган шахс аслида, имом эмаслиги, берилган телефон рақамлар ҳам имом-хатибга тегишли бўлмагани, ҳатто пластик карточка ҳам бегона шахсга қарашли экани аниқланди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, айни пайтда Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани “Наврўз” маҳалласида жойлашган “Саид ибн Абу Ваққос” жоме масжидида Чориев Анвар имом-хатиб вазифасида бир неча йиллардан буён хизмат қилиб келмоқда.
Ушбу ҳолат бўйича идора Ҳуқуқшунослик бўлими мутахассислари фикри сўралганда, улар аввало, ОАВ уставида хайрия уюштириш ваколати бўлсагина, бундай ишларга қўл уриши мумкинлигини изоҳлашди. Акс ҳолда бундай фаолият билан шуғулланиш қонун ҳужжатларига мувофиқ эмаслиги, шунингдек, ОАВ тарқатган ҳар қандай хабар асосли ва текширилган бўлиши кераклигини таъкидлашди.
ОАВ оид қонун ҳужжатларида ҳам бирор-бир ташкилот ёки шахс фаолиятига оид ҳар қандай хабарни тарқатишдан аввал, албатта, ташкилот билан келишиш, шахс розилигини олиш зарурлиги белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунининг (янги таҳрири) 5-моддасида: “Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади”, деб белгиланган.
Тошкент ислом институтининг устоз ва мураббийлари эса интернет сайтларида хайрия тадбирларини амалга ошириш учун аввало ҳуқуқий асос бўлиши кераклиги, шаффофлик ва очиқлик таъминланиши зарурлигини алоҳида қайд этишди. Бундай ишларни нотўғри ташкил этиш ёки ёлғон маълумотлар асосида уюштириш фуқароларда ишончсизлик пайдо бўлишига олиб келишини билдиришди.
Мазкур хабар бўйича azon.uz сайти бош муҳаррири Темур Аъзам ва муассиси Мубашшир Аҳмад билан суҳбатлашилганда, у фейсбук саҳифаларидаги маълумотлар асосида тайёрлангани, энди ушбу ҳолат бўйича маълумотларни текшириб кўришларини айтишди. Аввал ишончсиз маълумотни тарқатиб, кейин аниқлаштириш, бу қандай ҳолат?!
Қуръони каримда баён қилинган “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!”, ояти каримасидаги хабарни текшириб кўрингиз мазмунидаги Аллоҳ таолонинг буйруғига нимага амал қилинмаган?
Бир ўйлаб кўрайлик, мана шундай нотўғри маълумот билан одамларни чалғитиш гуноҳ эмасми? Ҳар бир киши бирор хабарни тарқатишдан олдин унинг тўғрилигига, бошқаларнинг шаънига зарар етказмаслигига ишонч ҳосил қилиш керак-ку? Аксинча, ҳолатни тўлиқ ўрганмай, шов-шув кўтариш ёки бошқа мақсадлар билан қилинган ишнинг оқибати қандай бўлади?! - Алиакбар Сайфуддинов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Сурхондарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби