ДИН ИНТЕРНЕТДАН
ОЛИНМАЙДИ. ОГОҲ БЎЛИНГ !
Бугунги кунда интернет фойдали томонлар нинг баҳоси йўқ даражада бўлиши билан биргаликда, турли халқлар ўртасида турли низоларни келтириб чиқарувчи алоқа воситаси ҳам ҳисобланади. У ерда турли ёлғон хабарлар тарқатилади. Шу сабабли инсонларни оммавий норозиликлар чиқаришга даъват этади. Муқаддас ислом дини инсонлар орасига турли бўлмағур фитналарни солишни қаттиқ қораланган. Фитнага алданган инсоннинг қалбида нотўғри тушунча пайдо бўлиб, ўз ака-укаси, ёру-биродарларининг қилаётган ишини нотўғрига чиқаради. Натижада, ўртада катта жарликлар пайдо бўлиб, меҳр-оқибат дея аталмиш муқаддас туйғу йўқолади.
Аллоҳ таоло инсонларни турли ёлғон хабарларга ишонмаслик, уларни ўзгаларга тарқатмаслик тўғрисида қуйидагича марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Агар бир фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.
Бу оятдан олинадиган фойда шуки, инсон хар-ҳил ёлғон хабарларни тўғрилигига ишонч хосил қилмасдан, унга ишониб кетиши, унга фикр билдириб, уни бошқаларга ҳам тарқатишда ниҳоятда эҳтиёт бўлиши керак экан.
Мусулмон инсон ўзига берилган умр неъмати азиз экани, ундан унумли фойдаланиш ўзининг муқаддас бурчи экани, охиратда унинг ҳар бир лаҳзасида сўралиш борлигини унутмаслик керак. Интернетга кириб олиб, беҳуда нарсаларга соатлаб вақтини сарфлаши қаттиқ қораланади. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, кишининг ўзи учун бефойда нарсаларни тарк қилиши исломнинг ҳуснидандир”, дедилар.
Интернетдаги имкониятлар кўпайиб кетганини баъзилар суистеъмол қилиб, ёлғон хабарлар, турли суратлар ва видеолавҳалар тарқатишга одатланишган.
Бу каби ҳолатлар фақат бизнинг замонда бўлаётгани йўқ. Аввалги даврларда ҳам гап-сўзга уста, аслида эса, илмсиз ва жоҳил кишилар одамларга “фатво” айтиб, ўзларини машҳур қилишга уринганлар бўлган. Уламоларимиз азалдан “Шаръий саволларга жавобни эл-юрт олдида илми ва тақвоси ила танилган олимлардан олиш керак” эканини таъкидлаб келганлар. Машҳур тобеинлардан бири Муҳаммад Ибн Сийрин раҳимаҳуллоҳ “Шаръий илм бу – дин демакдир! Уни кимдан олаётганингизга эътибор беринг!”, – деганлар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ эса: “Ушбу илм – диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг! Мен етмишга яқин уламо суратидаги кимсаларнинг Масжиди набавий устунлари олдида: “Расулуллоҳ ундай дедилар, бундай дедилар” деганини эшитганман. Лекин, уларнинг ҳеч биридан илмдан бирор нарса олганим йўқ!”, – деганлар.
Демак, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги номаълум, келиб чиқиши ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди, уларга қулоқ солинмайди. Чунки, фатво бу диндир! Шариатимизга кўра эса уни ким етказаётгани муҳимдир. “Ҳадис айтди, оят келтирди, демак унга эргашиш керак”, дейилмайди. Балки, фатво беришга лойиқми ёки йўқми, ишончли уламолардан таълим олганми, динда холисми ёки ғаразли мақсади борми? Шуларга қаралади.
Ана шу диндаги одоб меёрларига амал қилинмаслиги сабабли бугунги кунда бўлаётган фитналар бир-бирларига диндош бўлган халқларнинг қанчалик бир-бирларига душман сингари бўлиб, тош отаётганлари ва ҳоказолар ҳеч кимга сир эмас. Бундан тўғри хулоса чиқариш ҳар кимнинг виждонига ва иймонгина ҳавола.
✍️✍️Бойсун туман «Саид Баҳромхон» масжиди имом хатиби Ў. Алимов
https://t.me/surxonmuslimuz