Бу кўҳна дунёда кўплаб жаҳонгирлар, императорлар, олимлар ва фозиллар яшаб ўтдилар. Улардан кимдир ўзининг инсон бўлиб яралганига шукрона сифатида кўплаб яхши ишларни қилди, юрт обод қилди, шаҳарлар қурди, боғ-роғлар барпо қилиб эл корига яради. Яна кимдир ўзининг золимлиги, бузғунчилиги билан ном чиқарди. Юртбузарлик ва фитна-фасодни ўзига касб қилди. Алалоқибат барчасининг борар жойи ер қаъри бўлди.
Ислом динида ноҳақ қон тўкиш, ер юзида фитна-фасод уюштириш қаттиқ қораланади.
Ислом дини инсон қонини ноҳақ тўкишни қатъий ҳаром қилган. Бунда ўша инсоннинг қайси дин, ирқ ёки миллатга тааллуқли эканининг аҳамияти йўқ. Ҳатто уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кекса ҳамда ибодатхоналарда ибодат билан машғул бўлган дин арболарини ўлдириш, шунингдек уй-жой, иморат ва умумхалқ иншоатларини вайрон қилиш, ҳаттоки экинзорларни пайҳон қилиш, дарахтларни кесиш, синдириш қатъий таъқиқлаган. Бунинг акси ўлароқ, исломий либосларга бурканган бузғунчи террорчилар ўз ғаразли мақсадлари йўлида Аллоҳ инъом қилган ҳаётга тажовуз қилиш ва барча вайронкорлик ишларни амалга оширмоқдалар. Натижада турли дин вакиллари, аёллар, кексалар ҳатто ёш болалар ҳам террор қурбонига айланмоқда. Боз устига фисқ-фужур ишларининг ортидан “Аллоҳу акбар” (Аллоҳ буюкдир) деб сайҳа солиб, йиртқичдек наъра тортиб, жирканч қилмишларини Аллоҳ таолонинг муборак зотига боғламоқдалар.Бундайлар, ер юзида яратилган нарсаларни ҳалок этиб, йўқ қилаётганлар Ислом динида “фасодчилар” дейилади. Бу каби шахслар ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда:«…Ва бурилиб кетганда, ер юзида фасод учун ҳамда экин ва наслни ҳалок қилиш учун ҳаракат этади. Ҳолбуки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас», (Бақара, 205-оят)деган бўлса, бошқа бир оятда: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!” (Аъроф, 56 оят), – дейди.Аллоҳ таоло ер куррасини яратиб, ундаги жамики нарсалар ўрни-ўрнига қўйиб яратган. Инсон Аллоҳнинг ердаги ўринбосари ўлароқ ҳар жиҳатдан тузатиб-безатилган ер юзида оқилона иш кўриши, фасод-бузғунчилик қилмаслиги керак. Яратувчи чиройли тартибда жорий қилган нарсалардан тўғри фойдаланмаслик, тўғри йўлда юрмаслик бузғунчиликдир. Аллоҳ таоло эса бузғунчиларни ёқтирмайди. Қуръони каримда: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, гўё барча одамларга ҳаёт берибди”(Моида, 32-оят) дейилади.Демак бир бегуноҳ одамни ўлдиришнинг гуноҳи бутун инсониятни қириб ташлагандек бўлса, минглаб маъсумларни ўлдиришни қандай баҳолаш мумкин Ҳадиси шарифлардан бирида Муҳаммад алайҳиссалом«Ким ўз биродарига темир парчаси ила ишора қилса ҳам фаришталар (ўшани қўймагунча) уни лаънатлаб турадилар. Агар ўша ўзининг ота бир ёки она бир ака-укаси бўлса ҳам»,
– деганлар (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилган). Бу ерда бировга зулм қилиш, қон тўкиш у ёқда турсин темирни ўқталиб яъни пичоқ ва шунга ўхшаш нарсани ўқталиб бировга ишора қилиб бўлмаслиги ҳақида сўз кетмоқда. Бу ишни қилаётган одам қўлидаги темир парчасини қўймагунича уни фаришталар лаънатлаб турадилар дейилмоқда.Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча-оятларида эзгу ишларга, ўзаро аҳиллик ва тотувликка амр қилади ва ёвузлик ва зулмдан қайтаради. Наҳл сурасининг 90-оятида шундай дейилади:
А лбатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюрар ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтарур. (У) эслатма олурсизлар, деб сизларга насиҳат қилур”.Бошқа бир оятда эса:“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир!” (Моида сураси, 2-оят) – дейилади. Бунда, Аллоҳ таоло одамларга яхшилик ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга, солиҳ амаллар қилишда бир-бирига ёрдамлашишга, бадниятлик ва жанжал-ғавғолардан чекинишга буюрмоқда.
Ислом динида аёллар эъзозланади.Аёл – биринчи навбатда онамиз, қолаверса жуфти ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Уларни эҳтиром қилиш, уларга ғамхўрлик қилиш барчамизнинг вазифамиз. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса демак, жамият соғлом бўлади. Чунки, келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келадилар. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни кекса онахон-момохонларимиз ўргатадилар. Шундай экан, келажак авлоднинг солиҳ бўлишлиги бугунги кун аёлларининг солиҳа бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир. Ислом шариати уларни эъзозлашга, уларнинг нозик хилқатлигини доимо риоясини қилишга чақиради. Уларга доимо “барака рамзи” дея қаралади. Ҳатто қиз бола тарбиялаган от-оналарга охиратда улкан мақомлар ваъда қилинган. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом “Кимнинг учта қизи бўлса-ю, уларнинг харҳашалари, оғирликлари ва енгилликларига сабр қилса, Аллоҳ уларга кўрсатган меҳрибончилиги туфайли уни жаннатга киритади”, – деганлар (имом Аҳмад ривояти).Қуръони каримда 176 оятли бир суранинг номи “Аёллар” деб номланиб, унда аёлларга доир кўплаб ҳукмларнинг баён этилиши, ҳадиси шарифларда аёлларга хос алоҳида кўрсатмалар берилганлиги ислом динида аёл кишининг нақадар юқори эътиборга молик эканидан далолатдирРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга нисбатан гўзал муносабатда бўлишга буюриб: “Мўминларнинг имони комилроғи хулқи яхши бўлганларидир. Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳли аёллари билан яхши муносабатда бўлганларингиздир” – деганлар. Урушлардан бирида душман томондаги бир аёлнинг ўлдирилгани Расулулоҳни жуда ҳам ғазаблантирган эди. У киши: “Мен сизларни аёлларни ўлдиришдан қайтармаганмидим? Ахир бу урушмаганди-ку!”, – деб бу иш содир бўлганлигидан афсусланган ва уни амалга оширилишини қоралаган эдилар. Демак, ислом дини ҳарбий ҳолатда ҳам барча инсоний ва маданий тамойилларни мана шундай ҳимоя қилади.
Чориев Низомиддин қори Тошболта ҳожи ўғли Термиз шахар бош имом хатиби