Аждодларимизнинг миллий қадриятлари сарчашмаси бўлган бой тарихий меросини келажак авлодга чуқур ўргатиб, ёшлар онгига сингдирмоғимиз керак. Чунки, тарих ёшларни ҳаёт воқеа-ҳодисаларига онгли муносабатда бўлишга ундайди. Болаларнинг мурғак қалбида ватанга бўлган меҳр-туйғуларини бугунги куннинг қадрига етиш ҳиссини уйғотади.
Ёшларни она ватанга садоқатли қилиб тарбиялашда аввало, иймон- эътиқод, меҳр-оқибат, диёнат, адл, инсоф, орият ва ғурур, авф яъни кечиримлилик ва бир-бирига ишонч, ушбу ишончни оқлаш каби эзгу фазилатларни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу фазилатлардан авф яъни кечирим сўраш ва кечиримлилик ҳамда ўзаро ишонч ва ушбу ишончни оқлаш масъулияти тўғрисида тўхталишни лозим топдик.
Авф-кечиримлилик мақтовга сазовор бўлган сифатлардан бўлиб, у билан зийнатланган инсонни одоб деб номланадиган чўққининг юқори даражаларига олиб чиқади. Чунки, кечиримлилик яъни авф фақат катта ақл эгаси бўлган бошқаларнинг душманлиги ва озорларига сабр қила оладиган кишилардагина содир бўлади. Бизга нисбатан бошқаларнинг душманлиги, қалбидан фақат ёмонлик жой олган кишилардагина пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам биз уларни кечирмоқлигимиз яхшидур. Кўпинча ўзимиздан ҳам хатолар содир бўлиб, ўзгаларнинг кечиришига муҳтож бўлиб қоламиз. Агар бизга ёмонлик қилганни кечирмасак, ўзгалар ҳам бизни кечирмайдилар. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда бир- неча ўринда авфни яъни кечиримлиликни мақтаган: “Авф қилмоғингиз кўнгилни кенг тутмоғингиз ва кечирмоғингиз яхшидур, албатта Аллоҳ кечирувчи ва раҳмдилдур” (Тоғобун сураси, 14-оят).
Ҳар-бир жамиятнинг мустаҳкамлиги ва унинг аъзолари орасида ўзаро ишонч пайдо бўлиши учун, садоқат зарурдир. Шунинг учун ҳам ишонч, оила ва жамият тузилишидаги асосий устунлардан ҳисобланган. Қаердаки мана шу сифат йўқолса, ўрнига ишончсизлик ва ўзаро ёрдам ҳамда меҳр-оқибат йўқолади.
Садоқат — яъни ростгўйлик ва ишонч жамият учун зарур нарса бўлганидан, оила ва тарбия муассасаларида катта аҳамиятга эга бўлиши керак, чунки садоқат барча яхшиликларнинг боши ҳисобланади. У оркали инсонлар бир-бирларига ишонадилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом шундай деганлар: “Садоқатли бўлинглар, чунки садоқат яхшиликка бошлайди, яхшилик эса жаннатга етаклайди, агар инсон ўзига садоқатни лозим тутса ва бардавом бўлса Аллоҳнинг ҳузурида садоқатли банда деб ёзилади. Ёлғончиликдан ҳазар қилинглар, чунки ёлғончилик ёмон ишларга бошлайди, ёмон иш эса Худо сақласин дўзахга бошлайди. Бир киши ёлғон гапираверса, шу ишда давом этса Аллоҳ хузурида ёлғончи деб ёзилади”. Ушбу ҳадисда садоқат ёлғончиликнинг тескариси яъни ростгўйлик маъносида келган. Демак ким ростгўй бўлса, одамлар унга ишонади ва эргашадилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом пайғамбар бўлмасларидан олдин ўзининг қавми ўртасида Муҳаммад Содиқ яъни, ростгўй Муҳаммад ишончли одам, Муҳаммад Амин яъни, омонатгўй Муҳаммад, омонатга хиёнат қилмайдиган одам деган номларга мушарраф бўлганлар шунинг учун ҳам минг-минглаб инсонлар у зотга ишондилар ва эргашдилар, оқибатда икки дунёнинг бахту-саодатига эришдилар.

Музработ тумани “Назари” жомъе масжиди
имом ноиби Худоймурод хожи Боботожиев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here