Ислом динимиз бизларга ўзимизнинг ўқитувчиларимиз ва устозларимизга қандай муносабатда бўлишимиз, илм аҳлини ҳурмати қандай жойига қўйишимиз кераклигини ўргатади. Бугунги кунга келиб, мусулмон бўлиб ёки мусулмонларнинг фарзанди бўла туриб, ўзимизнинг устозларимиз, муаллимларимизга нисбатан ҳурматимиз, муомаламиз тамоман юз тубан бўлиб, жаҳолатга қараб кетмоқда. Ҳаттоинки айрим ота-оналар ўзларининг шириндан шакар фарзандларининг гапига қулоқ солиб, илм нурини тарқатадиган устозларини, билимсизлик ботқоғидан қутқариб, илмли доно қилиб қўйган муаллимларини кўнгилларига тегадиган гаплар қилишадилар. Аммо ўша устоз шу бола келажакда ҳаётда ўз ўрнини топган авлод бўлиб етишиши учун туну-кун ҳаракат қилишади. Ҳар бир устоз учун ўз шогирдларининг ютуқлари ўз ютуғи ҳисобланади ва бундан хурсанд бўлади.

Ҳазрати Али дедилар: Менга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Хоҳласа мени сотсин, хоҳласа мени қул қилиб ишлатсин”. Устоз дея аталмиш инсонлар ёшларга билим беришдан ташқари катталарга ҳурматда бўлишни, кичикларга иззатда бўлишни, дину-диёнатли, меҳрибон, ота-онани ва қавму-қариндошларни қандай ҳурмат қилишни ўргатади. Ҳар бир ўзини мусулмон деган киши илм аҳлини ҳурмат қилиши лозим. Чунки Аллоҳ таолонинг  Билимдон деган сифати бор. Шунда мана шу сифатини улуғлаган бўлади. Кимки Қуръонни ёки бирор оят ёзилган қоғозни олиб кўзига тўтиё қилиб ҳурмат қилиши бу Парвардигорнинг Гапирувчи сифатини улуғлагани каби.

Қуръони каримда шундай дейилади:Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарадир. Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир”.

Ибн Аббос р.а. айтадилар: “Олимларнинг даражаси илм олмаган мўминларнинг даражасидан 700 даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси 500 йиллик йўлга тенг”.

Бизлар ҳам бизларга ва фарзандларимизга илм ўргатган устозларимизга мана шунчалик даражада таъзимда бўлишимиз даркор!

 

 

Олтинсой туман «Имом Бухорий» жоме масжид имом хатиби       М.Жуйриков  

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here