Инсоният илм билан юксак даражаларга эришади ва хақиқий тўғри йўлни топади. Илм ўргатувчи устозлар икки дунёда ҳам ҳурматга лойиқдир, уларни тинимсиз меҳнати, ғайрати таҳсинга сазовордир. Шунинг учун барча устозларни зъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш айни савобли ишлардандир. Устозга мехр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирд ҳеч қандай илмни ёки касбни пухта эгалламайди. Устозлар ҳам ўз шогирдини ўз фарзандидек кўриши, шогирдларини маънавий тақдирлаш ва рағбатлантириш афзал деб билмоғи лозимдир. Мамлакатимизда 1-октябрни “Устоз ва мураббийлар” куни деб байрам қилиниши ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.
Бугунги кунда мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида таълим олаётган ўғил-қизлар устозларга ўзгача ҳурмат ва эҳтиром билан фаҳр билан устоз деб мурожаат қилишликлари уларга бўлган ҳурмат эътибор катта эканлигидан далолатдир.Инсон ҳаётида билими, маърифати билан жамият аъзолари ўртасида қадр қиммат ва обрў эътиборга эга бўлади, ҳатто Одам алайҳиссаломни барча фаришталардан ҳам юқори мақомда туришида ҳам илм-маърифат сабаб бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда илмли кишиларнинг ва устозларнинг мартабаларини юксак даражаларга кўтаришини баён қилиб,бундай дейди: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этган зотларни (баланд) даражаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган барча яхши ва ёмон амалларингиздан хабардордир” дейди. (Мужадала 11 -оят).
Илм-ирфон тарқатиш,ёшларга таълим тарбия бериш нақадар улуғ фазилат ва савобли иш эканлиги ҳақида Абдуллоҳ Ибн Аббос р.а дан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилган. “Дарҳақиқат инсонларга яхшилик ва илму-маърифатни ўргатган барча жамики ҳайвонот ҳаттоки денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади” дейилади. Биз дунёга донғи кетган улуғ олимларнинг ва мутафаккирларнинг, дунёвий ва диний илм пешқадамларининг ворисларимиз. Ўтмишдаги олимларимиз ва уларнинг меърослари билан фақат фаҳрланиб юриш юрт равнақига ҳам дин ривожига ҳам, кишилар ҳаётига асло манфаат келтирмайди. Замонавий ва диний билимларни ҳам баравар ўрганиш жоиздир.Юртимиз мустақилликка эришгач унут бўлаёзган миллий ва диний қадриятлар,урф-одатлар халқимизга қайтариб берилди.Шулар қаторида минг йиллар мобайнида сайқал топиб келган Устоз-шогирдлик анъаналари ҳам қайта тикланди.
Бугунги кунда мактаблар, коллеж ва лицейларда, олий ўқув даргоҳларида таҳсил олаёгган ўғил-қизларимиз ўз муаллимларига фаҳр билан “Устоз” дея мурожаат этишмоқда.Устоз ва мураббийларнинг қадри юксалди. Мана қадрнинг исботи сифатида ҳар йили юртимизда 1-октябр кунини “Устоз ва мураббийлар байрами” кенг нишонланиб келинмоқда. Аллоҳ таоло барчаларимизга азиз устозларнинг билим маърифатларидан доимо баҳраманд бўлиб боришга насиб айласин.
Олтинсой туман “Абдурахмон ибн Авф” жоме масжиди
имом хатиби в/б А.Рахимов