Аҳли сунна вал-жамоа мазҳабимизга кўра, инсон дунёдан ўтиб қабрга кирганда Мункар ва Накир номли икки фаришта томондан сўроққа тутилиши ҳақдир. Бу масалада аҳли сунна вакилларининг барчаси, иттифоқ қилган. Мазҳаббошимиз имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:

 

و سوال منكر و نكير حق كائن  فى القبر

 

Мункар ва Накирнинг қабрда саволи ҳақдир, қабрда бўлади. (ал-Фиқҳ ал-акбар).

 

Одам боласи дунёдан ўтар экан, у кофир бўлиб яшаганми, мусулмон бўлиб яшаганми, солиҳ бўлиб яшаганми ёки фосиқ бўлиб яшаганми, ким бўлишидан қатъий назар албатта бу дунёдаги қилмишларидан сўроққа тутилади. Мўминга Аллоҳ ёрдам бериб саволларга тўғри жавоб беради. Кофир ва мунофиқлар эса нима дейишни билмасдан ғўлдирайдилар холос.

 

Қуръони карим, суннат ва ижмоъи уммат маййитдан қабрида ҳисобот сўралишини очиқ-ойдин исбот этган. Бу масалада баъзи мўътазилийлар ва жаҳмийлар хилофий фикр билдиришган бироқ, уларга эътибор йўқ.

 

Имом Омидий раҳимаҳуллоҳ айтган:

و مذهب اهل الحق من الإسلاميين القول بالحشر و النشر و عذاب القبر و مساءلة منكر و نكير

 

Ислом оламида ҳақ аҳлининг мазҳаби: ўлимдан кейин қайта тирилиш, маҳшар майдонига йиғилиши, қабр азоби ва Мункар-Накирнинг саволга тутишини ҳақ деб эътиқод қилишдир. (Ғоят ул-маром / 293-Б).

 

Ватандошимиз Аллома Тафтазоний ҳам “Шарҳ ал-мақосид”да худди шу гапни айтганлар. (Шарҳ ал-мақосид. 2-Ж. 220-Б).

 

Қабрда сўроққа тутувчи фаришталарни “Мункар” ва “Накир” деб номланишининг сабаби: уларнинг хилқати инсон зотига мутлақо нотаниш бўлади. Улар одамга ҳам, фариштага ҳам, чорпога ҳам ўхшамайди. Уларнинг қиёфаси мутлақо нотаниш ва даҳшатли бўлади. Уларга ўхшаш жонзотни инсон зоти ҳеч қачон кўрмаган ва уларнинг шакл-шамойили ҳаёлига ҳам келмаган. Шунинг учун ҳам уларга “нотаниш” маъносининг англатувчи “Мункар” ва “Накир” деб ном берилган.

 

Ҳадисларда уларнинг баъзи тавсифлари айтилган. Ранглари қорамтир кўк, кўзлари қозондек, озиқ тишлари билан қабрни тешиб кирадилар. Маййитдан Раббиси ким, пайғамбари кимлигини сўрашади.

 

Аллоҳ таоло эътиқодимизни ислоҳ қилсин! Залолат аҳлига қўшилиб қолишдан асрасин! Қабрга кирганда берилган саволларга тўғри жавоб бериб, имтиҳондан ўтиб олишни Ўзи насиб этсин!                                          

 

 

Сирожиддинхон Муҳиддинов

“Саййид Муҳиддинхон” жомеъ масжид имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here