Абу Ҳурайра (розияллоҳу анху) дан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан жаннатга энг кўп киритадиган амал ҳақида сўралди:  «Аллоҳга тақво ва ҳусни хулқ» , дедилар. У зотдан яна дўзахга энг кўп киритадиган амал ҳақида сўралди: «Оғиз ва фарж» , дедилар” (Имом Бухорий)…

 

Уламоларимиз: «Аллоҳга тақво қилиш У зотнинг азобидан қўрқишдир, Аллоҳ азобидан қўрқиш, гуноҳ ишларни тарк қилиш ва савоб амалларни кўпайтириш билан бўлади» , дейдилар.

Хусни хулқ энг яхши сифатларни  жамлаш, демакдир. Хусни хулқ борасида ўрнак олишга энг муносиб зот Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дирлар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Эй имон келтрганлар!) Сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбаридан гўзал наъмуна бордир”. (Ахзоб,21).

 

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади:  “Набий (соллаллоху алайҳи ва саллам) фахш ишларни қилмас ва фахш гапларни гапирмас эдилар. У зот (алайҳиссалом) : «Энг яхшиларингиз хулқи гўзалларингиздир» , дердилар”. (Имом Бухорий).

У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларнинг энг одоблиси, энг гўзал хулқлиси эдилар. Барчага муомалада ўта одобли, марҳаматли ва самимий бўлганлар, ҳеч кимга қаттиқ гапирмаганлар, ўзганинг дилини оғритмаганлар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: «Албатта мен гўзал аҳлоқларни баркамол қилиш учун юборилганман», дедилар.

 

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) айтади: “Росулуллоҳ (соллаллоху алайхи ва саллам) менга : «Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил. ёмонликдан сўнг яхшилик қил, уни ўчиради. одамларга ҳусни хулк ила муомала қил» , дедилар” (Имом Термизий).

 

Одамлар орасида улар қалбига ҳузур, ҳаётига мазмун бахш этадиган сўз ва ҳаракатлар билан муомала қилиш жамиятга кўп манфаатлар келтиради. Наввос ибн Самъон Ансорий (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади:  “У киши  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўради. У зот алайҳиссалом: «Яхшилик — хусни хулқ.  ёмонлик — кўнглингни ғаш қиладиган ва одамлар кўриб қолишини ёқтирмаган нарсанг» , дедилар. (Имом Бухорий).

Мўмин киши ҳусни хулқ билан, Росули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гўзал хулқлари билан зийнатланиши лозим.

 

 Абдусалом Султонов

Олтинсой туман «Хидиршо Ота» жомеъ масжиди имом-хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here