Бугун жуда ҳам долзарб масалалардан бири хусусида суҳбатлашамиз. Айни пайтда бутун дунёнинг энг катта муаммоларидан бири бўлган сеҳр, фолбинлик ва мунажжимлик замонамизнинг бошига битган бало бўлди, десак хато қилмаймиз.

Ислом уламолари сеҳргар шак-шубҳасиз, кофир бўлади, деган ҳукмни ўқишган. Бунга ҳужжат сифатида қуйидаги оят келтирилади: «Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара сураси, 102).

Лаънатланган шайтоннинг одамларга сеҳр ўргатишдан кўзлаган бирдан-бир мақсади– уларни мушрикка айлантиришдир. Аллоҳ ўзига шерик қилган инсонни ҳеч қачон кечирмайди.
Бугунги кунда кўплаб гумроҳ кимсаларнинг сеҳрга аралашиб юрганига гувоҳ бўласиз. Улар сеҳрни фақатгина ҳаром деб ўйлайдилар ва унинг куфр эканлигини ҳис қилмайдилар. Бу ҳол айниқса, эр-хотин орасидаги муносабатларда – иссиқ совуқ ва шу каби нарсаларни қилишда яққол намоён бўлади. Улар бу ишларида аксарият қисми ширк ва куфр бўлган сўзларни қўллайдилар.Исломда сеҳргарнинг жазоси – ўлим, қатл этмоқ. Чунки у Аллоҳга куфр келтирган ёки шунга яқинроқ, ўхшаш иш қилган бўлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалокат қилувчи гуноҳлардан сақланинглар», деб улардан бири сеҳр эканлигини баён қилганлар (Бухорий, Муслим).
Ҳар бир банда Аллоҳ таолодан қўрқиши ва дунё-ю охиратини куйдириб юборадиган бунингдек ишлардан сақланиши лозим.

Жундуб (розийаллоҳу анҳу) айтган эдилар: «Сеҳргарнинг жазоси – қилич билан чопиб ташлаш».

Бужола ибн Убда айтади: «Умардан (розийаллоҳу анҳу) вафот этишларидан бир йил олдин мактуб олдик. Унда, «Сеҳргар эркагу сеҳргар аёлнинг ҳар бирини ўлдиринглар», дейилган эди (Аҳмад, Абу Довуд).

Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтадилар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мендан ўзга илоҳ йўқ. Сеҳр қилган ва сеҳр қилдирган, фол очган ва фол очирган, шумланган ва шумлантирган кимсалар Мендан эмас», дейди», деб айрим китобларда ўқидим.

Али ибн Абу Толиб (розийаллоҳу анҳу): «Фолбин — сеҳргар, сеҳргар эса кофирдир» деган.

Абу Мусо (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Уч тоифа одам жаннатга кирмайди: «Маст қилувчи нарсага одатланиб қолган кимса, қариндош-уруғлар билан алоқани узган кимса ва сеҳрни тасдиқловчи кимса» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким).

Ибн Масъуд (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Албатта, афсун ўқиш, тумор тақиш ва иссиқ-совуқ қилиш ширкдир» (Ибн Ҳиббон, Ҳоким).

Кимки тумор ёки мунчоқ тақиб, бу кўз тегишидан сақлайди, деб эътиқод қилса ширк келтирган бўлади.

Иссиқ-совуқ эса Аллоҳ таоло тақдирига таъсир қилади, деб эътиқод қилишади. Бу эса ширкдир.

Хитобий (розийаллоҳу анҳу) айтадилр: «Агар Қуръон ёки Аллоҳ таолонинг исмлари билан дам солса, бу мумкиндир. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн (розийаллоҳу анҳумо)га дам солиб: «Сизларни Аллоҳнинг тўлиқ калималари ила ҳар бир шайтону ҳашаротдан ва ҳар бир ёмон кўздан  паноҳида сақлашини сўрайман», дер эдилар. (Ҳоким. Саҳиҳ ҳадис).

Аллоҳ паноҳ сўралгувчи зот, суянишга лойиқ зот ҳам Удир.
«(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма. Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ва ишонган ҳар бир нарсаси учун киши қиёмат кунида жавоб беради)» (Ал-Исро сураси,36).
«(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма», оятининг тафсирида Калбий: «Билмаган нарсанг ҳақида гапирма», деган бўлсалар, Қатода: «Эшитмаган нарсангни эшитдим, кўрмаган нарсангни кўрдим ва билмаган нарсангни билдим, демагин», деганлар.
«Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур», оятини тафсир қилиб, Ибн Аббос(розийаллоҳу анҳу): «Аллоҳ бандаларидан бу аъзоларни қандай ишларга ишлатганини сўрайди», деганлар.

Бу ояти карима ҳалол бўлмаган нарсага қараш, ҳаром нарсани эшитиш ва жоиз бўлмаган нарсани ирожа қилишдан қайтаришга ҳужжат бўлади. Аллоҳу аълам.
«(У зот) ғайбни билгувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирон кимсани огоҳ қилмас. Фақат Ўзи рози бўлган пайғамбарнигина (Ўзининг ғайбидаги сир-асрорининг айримларидан огоҳ этар)» (Жин сураси, 26–27).

Мазкур ояти карима юлдузлар ғайбга далолат қилади, деб иддао қилган кимса кофир бўлишига далилдир. Аллоҳу аълам.

Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки башоратгўй ёки фолбиннинг олдига бориб, айтаётган гапини рост деб билса, у шубҳасиз, Муҳаммадга тушган нарсага куфр келтирибди» (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа).

Зайд ибн Ҳолид Жуҳаний (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан бомдод намози ўқидилар. Туни билан ёмғир ёғиб чиққан эди. Намозни ўқиб бўлгач, одамларга юзланиб: «Раббингиз нима деганини биласизларми?» дедилар. Улар: «Аллоҳнинг Расули билгувчироқ», деб жавоб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «У зот айтдики: «Бандаларимдан айримлари менга иймон келтириб, айримлари куфр келтириб тонг оттирди. Кимки: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила бизга ёмғир ёғди», деса у Менга иймон келтириб юлдузларга куфр келтирибди. Аммо кимки: «Бу ва бу ходисалар (шамол, булут) бўлиб бизга ёмғир ёғди», деса, у Менга куфр келтириб, юлдузлар (осмон жисмлари)га иймон келтирибди» (Муттафақун алайҳ).

Уламолар айтадиларки: «Агар бир мусулмон: «Фалон ҳодиса бўлиб ёмғир ёғди», деса ва бу гапини шу ҳодиса, масалан ҳаво булут бўлишининг ўзи ёмғирни пайдо қилади, вужудга келтиради ва ёмғир ёғаверади, деган маънода айтган бўлса, у шубҳасиз, муртад бўлиб кофирга айланади.

Агар бу гапни шу ҳодиса ёмғир ёғишининг аломати, одатда шу ҳодиса бўлганда ёмғир ёғади, бироқ ёмғирнинг яратувчиси Аллоҳ таоло ва у Аллоҳнинг фазли ила ёғади, деган маънода гапирган бўлса, кофир бўлмайди.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, бу жумла кофирлар гапи бўлгани боис уни айтиш макруҳдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки башоратгўйнинг олдига бориб, ундан бирон нарсани сўраса ва уни тасдиқласа, қирқ кунгача унинг биронта ҳам намози қабул қилинмайди» (Муслим ривояти).

Оиша розийаллоҳу анҳо айтдилар: «Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. У зот розийаллоҳу анҳо: «Улар ҳақ эмаслар», дедилар. Улар: «Ё Расулуллоҳ, улар гоҳида шундай гапларни айтадиларки, у ҳақ бўлиб чиқади», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ҳақ калимани жин ўғирлаб (ўғринча билиб) олади-да уни дўсти (фолбин)нинг қулогига қуяди. Фолбинлар эса унга юзта ёлғонни аралаштириб юборадилар», дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Оишадан розийаллоҳу анҳо, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фаришталар булутга тушадилар ва осмонда ҳукм қилинган ишни зикр қиладилар. Шайтон ўғринча қулоқ тутиб, эшитиб олади-да, уни фолбинларга «ваҳий» қилади (уқтиради). Улар эса унга ўзларидан юзта ёлғон қўшиб, ёлғон гапирадилар» (Бухорий ривояти).

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки юлдузлар илмидан (мунажжимликдан) биронта илмни эгалласа, сеҳрнинг бир бўлагини ўғирлаган бўлади. У зиёда бўлган сайин бу ҳам зиёда бўлаверади» (Абу Довуд ривояти).

Али ибн Абу Толиб (розийаллоҳу анҳу) айтганлар: «Фолбин – сеҳргар, сеҳргар эса кофирдир». 

 

 

Чориев Низомиддин қори Тошболта ўғли-Термиз шаҳар бош имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here