Аҳмад ибн Ҳанбалдан қачон роҳат бўлиши ҳақида сўралганида у: Жаннатга оёғингни қўйишингнинг ўзи роҳатдир, деб жавоб берди.
Жаннатдан аввал роҳат йўқдир. Бу дунёдаги нарсалар ташвиш-безовталик, фитна, турли ҳодисалар, мусибатлар, бахтсизликлар, касаллик, ғам-андуҳ, алам ва умидсизликдан иборатдир.
Салаф уламоларидан бири бўлган Масруқ намозда сажда қилган ҳолатда ухлаб қолди. Шунда унинг дўстлари: Озгина дам олгин, дейишди. Масруқ: Шундай дам олишни истадим, деб жавоб берди.
Тарки вожиб эвазига нақд роҳатни истовчилар, нақд азобни истабдилар.
Албатта роҳат солиҳ амал, керакли фойда, Оллоҳга яқинлаштирувчи нарса ҳамда вақтнинг самарасидадир.
Албатта кофирлар ўз насиба ва роҳатларига шу дунёда эришишни истайдилар, шунинг учун улар айтадилар: «»Парвардигоро, бизларга (ваъда қилинган азобдан иборат) насибамизни ҳисоб-китоб Кунидан илгариёқ (яъни, шу ҳаёти дунёдаёқ) тезроқ келтира қолгин». (Сод сураси, 16-оят).
Баъзи муфассирлар бу оятни шундай тафсир қиладилар, яъни, кофирлар яхшилик ва ризқдан иборат насибаларини қиёмат Кунидан аввал берилишини хоҳлайдилар.
«Албатта ана у (кофир)лар нақд (дунё)ни суюрлар…». (Инсон сураси, 27-оят). Улар эрта, келажак ҳақида фикр юритмайдилар, шунинг учун ҳам улар бугун, эрта, амал, натижа, бошланиш ва ниҳоя борасида зиён топурлар.
Ҳаёт шундай яратилган, унинг хотимаси фанодир, у кир ичимликдир, тинмаган лойқа аралашмадир, неъмат ва нафратдир, кенглик ва торликдир, бойлик ва фақирликдир.
Уларнинг ниҳояси будир: «Сўнгра (бандалар) ҳақиқий Хожалари — Оллоҳга қайтарилурлар. Огоҳ бўлингизким, ҳукм қилиб Унинг Ўзигагина хосдир ва У жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчидир». (Анъом сураси, 62-оят).
Кийимини мулойимлик билан ечган одам уни саломат ҳолда бўлишини кафолатлаган бўлади, аксинча уни куч билан тортиб, улоқтирган кимса кейин унинг тугмаси узилганидан, йиртилганидан шикоят қилади.
Ҳаётимиз мурувватга муҳтождир.
Турклар анҳор устига бино қилинган ёғоч кўприк олдига: Аста-аста, деган сўзни ёзиб қўйишди. Демак, секин ўтган одам кўприкдан тушиб кетмайди, шошилган эса анҳор тубига тушиб кетмоққа лойиқдир.
Чумчуқ асалари каби мулойим эмасдир. Ҳадисда айтилади: «Мўмин асаларига ўхшайди, хушбўй нарсани ейди, хушбўй маҳсулот беради, бирор бир дарахт шохига қўнса уни синдирмайди».
Гул асаларини ўзига қўнганини сезмайди. У гул моддаларига асталик билан қўниб, ўз мақсадига осонлик билан эришади. Чумчуқ асаларига қараганда бесўнақайроқ бўлганлиги сабабли сунбулаларга қўнаётганини бошқаларга билдириб қўяди. қаттиқ тушади, қалтис сакрайди.
Бир воқеа ҳеч ёдимдан кетмайди: Ҳинд рассомларидан бири лавҳга гўзал санъат асарини чизди, унинг қисқача баёни: Чумчуқ буғдой бошоғига қўнган, бу бошоқ донга тўлган бўлиб, айни яшнаган, қад кўтарган пайти эди. Подшоҳ бу суратни сарой деворига илиб қўйди. Одамлар подшоҳни бу сурат билан табриклашар, рассомнинг санъатига таҳсинлар айтишар эди. Шу пайт одамлар орасига номаълум, фақирона бир киши келиб қўшилди, сурат олдига туриб, унинг хато чизилганини айтди. Одамлар унинг гапидан сўнг шовқин кўтаришди. Чунки у бир ўзи бошқаларга хилоф чиқаётган эди. Подшоҳ уни мулойимлик билан ҳузурига чорлаб деди: Нима демоқчисан? У: Бу суратнинг чизилишида хатолик, намойишида янглишлик бор, деди. Подшоҳ: Нима учун, деб сўради. У: Рассом чумчуқни бошоқ устида турганлигини тасвирлаб, бошоқнинг ўзини тўғри – чўзилган ҳолатда турганча қолдирган, камчилик шу ерда. Буғдой бошоғига қўнган чумчуқ бошоқни эгиб, тебрантиради, чунки чумчуқ оғирдир, у мулойимликни билмайди, деди. Подшоҳ: Тўғри айтдинг, деди. Одамлар ҳам подшоҳнинг сўзини маъқуллашди. Подшоҳ суратни девордан олди, рассомга берилган совға-саломлар ҳам тортиб олинди.
Табиблар беморни даволаётганда, амалиёт бажаришда мулойим бўлишни тавсия этадилар.
Мана бу ўз қўли билан тирноғини юлиб олса, мана буниси тишини синдирган, бошқасининг оғзидаги луқмаси томоғига тиқилиб қолган.
Салафлардан бирининг мана бу гапларини ўқидим: Кишининг билимдонлиги унинг ўз уйига кириб-чиқишлиги, кийимларини кийиш-ечишлиги, уловига минишлигидаги мулойимлигидадир.
Ишлардаги шошқалоқлик, енгилтаклик, нодонлик зарарли ҳосил олиб, манфаатдан қуруқ қолиш учун етарлидир. Зеро, эзгулик мулойимлик устига бино қилинур. «Мулойимлик қайси нарсада бўлса, уни зийнатлайди, йўқ бўлса уни айбдор қилади».
Муомаладаги мулойимлик сабаб руҳлар бўйинсинур, қалблар эргашур, нафслар итоатгўй бўлур.
Инсоннинг мулойимлиги барча яхшиликнинг калитидир, ундай кишига осий нафслар таслим бўлур, ёвуз қалблар унга бўйинсинур.
Хулоса
Тоҳа Ҳусайн учинчи шахс тилидан ўзи ҳақида шу сўзларни айтади: У ўзини инсон деб атар, инсонлар каби туғилиб, улар каби яшаяпман, улардек вақт, ҳаракатимни тақсимлаяпман, деб ўйлар эди. Лекин у бирортаси билан дўстона муносабатда бўлмаган, бирор нарсадан хотиржамлик топмаган эди. У билан инсонлар ўртасида парда бор эди гўё, у парданинг таши мамнуният, тинчлик бўлса, ичи норозилик, хавф-хатар, изтиробдан иборат эди. У на чек-чегараси, на белги аломати бўлмаган кимсасиз саҳрода яшар, у ерда юриш учун йўл йўқ, ғоя-мақсади эса ниҳоясиз эди.
Ҳайбатуллоҳ РАШИДОВ
Шўрчи тумани «Толли ота» жоме масжиди имом хатиби