Бугун ҳаммамиз исрофгарларнинг исрофгарига айланиб кетдик. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, ҳамма нарса бараварига исроф қилиняпти. Хонадонларимизда ортиб қолган таомлар ташлаб юборилмоқда. Ахлат уюмлари орасида энг азиз неъмат бўлмиш нон ҳам пайдо бўлгани ачинарли. Тўйлар, байрамлар, тантаналар ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетади. Бут-бутун, ҳали кийишга яроқли кийимларимизни, пойабзалларимизни «урфдан қолди» деган сабаблар билан чиқариб ташлаяпмиз. Бошқалардан ортда қолмаслик учун деярли янги уйларни бузиб, ўрнига бошқасини қуряпмиз.
Ҳаётимиз учун энг зарур неъмат – сувнинг исрофи ҳаммасидан ошиб тушяпти. Ҳозир жаҳонда ичимлик суви энг долзарб муаммога айланди. Дунёда бир миллиондан ортиқ киши, яъни жами аҳолининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувига муҳтож. 470 миллион киши сув тақчиллиги кескинлашган минтақаларда, 2,4 миллиард киши эса сув тозалаш қурилмалари ва дренаж тизими орзулигича қолаётган ўлкаларда яшайди. Яна йигирма йилдан кейин сув етишмайдиган ўлкаларда яшовчилар сони олти бараварга кўпайиб, уч миллиард кишига етиши кутилмоқда. Сифатли ичимлик суви етишмаслигидан жаҳонда йилига ўн миллион киши касалланиб, нобуд бўлаётир. Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида миллионлаб одамлар тоза ичимлик сувига ташна, бир челак сув учун жанжал-можаролар бўлаётган бир пайтда бизда қишнинг совуқ кунларида ҳам тоза ичимлик суви жўмраклардан оқиб ётади. «Нега жўмракни ёпиб қўймайсиз?» деган саволга, «Совуқда музлаб қолади», деб баҳона топилади. Тоза ичимлик суви билан экинларимизни суғорамиз, машинамизни ювамиз, ичимлик сувини салқинлатиш учун ҳовлиларимизга, кўчаларимизга сепамиз. Таҳорат ва ғусл қилишда одамларнинг қанчалар сув исроф қилаётганини кўрганда айниқса тежамкорлик деган нарсани батамом унутилганига иқрор бўласиз. Ваҳоланки, Сарвари коинот алайҳиссалом бир литрча сув билан таҳорат олганлар, ғуслга эса уч литрча сув ишлатганлар. Бизларга ўхшаб бир марта чўмилиш учун ваннани тўлатиб сув сарфламаганлар.
Гугурт тежаш учун ёки хонани иситиш мақсадида газимиз кун бўйи ёқилганича қолади. Зарурати бўлмаса ҳам уйларимизда, хонадонларимизда, ишхонамизда электр чироқлари соатлаб ёниқ туради, ҳеч ким кўрмаётган телевизорни ўчириб қўймаймиз, компьютерларимиз зарурати бўлмаса ҳам ишлайверади. Ахир ҳамма нарсанинг уволи бор. Халқимиз «Нимани хор қилсанг, ўшанга муҳтож бўласан», дейди.
Жуда кўп юртларда бўлганман, ўша ердаги одамларнинг исрофнинг олдини олиш, ҳар бир нарсани тежаб-тергаб ишлатиш борасидаги ишларини, тажрибаларини кўриб, биздаги исрофгарчиликлардан кўп марта ўкинганман. Хорижий юртлардаги аксари мусофирхоналарида сув жўмракларига махсус мослама ўрнатилган, қўлингизни жўмракка яқинлаштирсангиз, сув тушади, тортиб олишингиз билан келаётган сув таққа тўхтайди. Бундай сув жўмракларини Туркия ва Олмонияда ҳам, Финландия ва Эронда ҳам кўрганман. Жуда кўп мамлакатларда хонадонга кираверишдаги ёритиш чироқларига махсус асбоб қўйилган шекилли, калитни эшик қулфига солиб, очгунингизгача чироқ ёниб туради, маълум вақт ўтиши билан дарров ўчади. Болгарияда бўлганимда, кўча ва йўлкалар четига ёнма-ён учтадан ахлат қутилари қўйилганини кўрдим. Таржимондан бунинг сабабини сўрасам, бири кераксиз ахлатлар учун, иккинчиси елим баклашкалар, халталар учун, яна бири эса қоғоз, латта, металл каби қайта ишласа бўладиган нарсалар учун экан. «Тежамкорлик бундоқ бўпти» дея роса ҳавасим келганди.
Исроф жамиятнинг истисносиз барча табақалари орасида тузалмас бир дардга айланиб бўлди. Одамларимиз ҳатто исрофгарликлари билан мақтанадиган бўлишди. Болаларимиз катталардан ўрнак олиб, неъматнинг қадрини билмайдиган, нарсаларини бўлар-бўлмасга ташлаб юборадиган ҳолга келишди. Улар китоб-дафтарларини, ўйинчоқларини, кийим-бошини авайламайдиган, ота-оналари машаққат билан топган пул ва мулкини тежамайдиган бўлиб тарбия топяпти.
«Исроф» деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди. Машаққат ва ҳамма нарсадан ўзни қайтаришлар эвазига йиллаб йиққан молини ном чиқаришга қилинган кераксиз бир маросим, тўй-маърака учун бир кечада совуриб юборади. Бирор буюмнинг (масалан, улов, рўзғор ашёси ёки кийим-кечакнинг) арзонроғи тургани ҳолда бошқаларни лол қолдириш мақсадида энг қимматини сотиб олади, ҳатто «кимошди» савдосидан харид қилади.
Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Бир замондош олим айтганидай, «Исрофнинг энг кичиги таом еган косангдаги ёғ юқини тозаламасликдир». Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш учун уйларни ҳаддан ташқари ҳашаматли ва дабдабали қилиш, уларни хориждан келтирилган қимматбаҳо ашёлар билан жиҳозлаш, кийимнинг янги урф бўлгани изидан пул сочиш, тўй, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам давримиздаги исрофнинг кўринишларидандир.
Ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин. Бунинг ўрнига маҳалладаги ночор яшаётган бир фақир оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, шартнома пулини тўлай олмаётган бир талабага елка қўйиб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай гангиб юрган бир ёш оиланинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир танишини қўллаб юбориш мумкин-ку!
Наманганнинг Янги шаҳар қисмида яшовчи бир аёлнинг ҳикоясига қулоқ солинг: «Эрим вафот этиб, учта болам билан икки хонали «дом»да нафақасиз қолдик. Тўғри, очимиздан ўлаётганимиз йўқ, Аллоҳ тирик бандасининг ризқини бериб тураркан. Лекин ҳозир «Осмондан чалпак ёғилармикин?» деб кутиб ўтирадиган пайт эмас. Қолаверса, «Сендан ҳаракат, Худодан баракат», деган гап ҳам бор. Ишлай десам, ҳеч қайда бўш ўрин йўқ. Ўйлай-ўйлай, бир қўшнимнинг маслаҳати билан ёндаги хонадонда турадиган бойвачча йигитнинг уйини тозалаб туришга ёлландим. У туманлардан бирида яшайди, дам олиш кунлари улфатлари билан базм қилиш учун шу хонадонни сотиб олган. Шартлашганимизга кўра уларнинг «базми» тугаб, туманига кетганидан кейин хонадонни йиғиштириб-тозалайман. Лекин ҳар гал тозалагани у ерга кириб, хўрлигимдан йиғи келади. Еб-ичилганидан ортган қанча-қанча қимматбаҳо пишлоқ, колбаса, қази, шоколад каби неъматлар, мева-чевалар шундоғича яроқсиз ҳолда қолаверади. Чунки эгаси рухсат бермагани учун мен болаларимга едиришдан тийиламан, сўрагани бетим чидамайди. Ўчириб кетилган музхонадаги ортиб қолган анчагина гўшт-ёғ, тансиқ таомлар ҳам айниб бўлган, фақат чиқариб ташлаш керак, холос. Ахир, кетаётганида мени чақириб, «Манавиларни саранжомлаб олинг» деса, асакаси кетармикин? Ўзим айтай, десам, отасиинг амалига, қўлидаги давлатига қўнқайган қўрс йигитнинг жаҳлини чиқаришдан қўрқаман. Хулласи, «кимдир унга зор, кимдир қилар хор» деганларидай, исрофнинг касри бир куни унга уриб хароб қилмасайди, деб қўрқаман».
Исрофгарликнинг охири надомат билан тугайди, ҳалокат билан якунланади. Исрофгар қанчалик бой бўлмасин, алал-оқибат барибир камбағалга айланади. Шамини кундузи ёндирган одамнинг туни қоронғу бўлади. Пулини, молини, бошқа неъматларни хор қилган киши оғир кунда ўзи ҳам хор бўлади. Тасаввур қилинг: бир уй тўла оч-яланғоч одам ўтирибди. Уй совуқ, егани ҳеч вақо йўқ, хасталарга табиб чақиргани, дори-дармон олгани ҳам пул йўқ. Оила аъзоларининг барчаси ғамга ғарқ бўлган, ҳатто болаларнинг кўнглига шўхлик сиғмайди. Мана шу кўнгилсиз ҳолатнинг бош айбдори кераксиз ўринга мол сарфлаган, иқтисод, тежаш деган гапларни аллақачон унутиб юборган оила бошлиғидир. У «Пул мени эмас, мен пулни топаман», деб эртасини ўйламай топганини беҳуда совурган.
Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади: «Улар инфоқ-эҳсон қилган вақтларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар» (Фурқон сураси, 67-оят). Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар» (Бухорий ривояти). Фахри коинот яна: «Ейинг, ичинг, садақа қилинг, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманг», деганлар.
Исроф деганда фақат маблағ, бойлик ёки мулкни совуриш тушунилмайди. Қимматли вақтни беҳуда кетказиш, фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофдир. Куч-қувват ва салоҳиятни эл-юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган нарсаларга йўллаш ҳам исрофдир. Соғлиқнинг қадрига етмай, тинкани қуритадиган ёки саломатликка хавф соладиган ишларга муккадан кетиш ҳам исрофдир.
Имом Аъзамнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: «Яхшилик ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай яхшилик йўқдир». Дарҳақиқат, Аллоҳ розилиги йўлида ўзгаларга ҳар қанча хайр-эҳсон, яъни яхшилик қилсангиз ҳам ортиқча эмас, исроф бўлмайди. Аксинча ҳар қандай ишда исрофга йўл қўйсангиз, у ҳар қанча чиройли кўринмасин, ортида ҳеч бир яхшилик йўқ. Пулни ҳисоб-китоби билан сарф қилиш фойданинг ярмидир.
Наманган «Ҳидоя» мадрасаси мударриси Айюбхон Турсунов