Муҳтарам жамоат, динимиз Ислом дини бағрикенг диндир. Бағрикенг динлиги шундаки, самовий динларни бирортасини инкор қилмайди. Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади:
“Эй мўминлар, Аллоҳ сизлар учун дин бўйича Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, шунингдек, биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани – шариат қилди: “Динни барпо қилинг ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!”
Яна динимиз Ислом дини рисолат юборилган бирорта пайғамбарларни орасини ажратмайди ва ҳаммасини ҳақ пайғамбар деб билади:
“Айтинглар (эй мўминлар), Аллоҳга ва бизга нозил қилинган китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Парвардигор томонидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз ва биз у Зотга бўйинсунувчилармиз”
Эътиқодда мажбурлашмумкин эмас, балки у қаноат ва розилик билан қабул этилиши лозим:
“Динда зўрлаб киритиш йўқдир”
“Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз?”
Илоҳий диёнатли ибодат маконлари, муҳтарам жойлар, мусулмонлар масжидлар каби уларни ҳам ҳимоя ва мудофаа қилинади:
“Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз, Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳи, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлар эди”
Албатта, одамларнинг динларидаги ихтилофлари бир-бирларини ўлдиришга ёки бир-бирларига адоват қилишларига сабаб бўлмаслиги керак:
“Яхшилик йўлида ва тақво қилишда ёрдамчи бўлинглар, аммо гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг, Аллоҳдан қўрқинг, чунки Аллоҳнинг азоби қаттиқдир”
Пайғамбаримиз с.а.в. аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя берар ва улардан қабул қилардилар. Ҳабашистондан насронийлардан бир нечтаси келганда, Расулуллоҳ с.а.в. уларни масжидга тушуриб, ўзлари зиёфат бериб, хизмат қилганлар. У зот с.а.в. шу куни бундай деганлар: “Булар саҳобаларимизга ҳурматли эдилар, бугун мен ўзим уларни икром қиламан”
Ўлкамизга Ислом динига асос солган ота-боболаримиз риоятлари каби ҳозирда ҳам масжидлар фаолият кўрсатаётгани каби насронийлар черкови, яҳудийлар ибодатхоналари ва бошқа дин вакиллари бутхоналари иш олиб бормоқда. Албатта, бу динимизнинг бағрикенглигидан далолат қилади. Буларнинг замирида эса барча миллату элатлар тинчлиги ва осудалиги ётади. Чунки динимиз номи Ислом. Араб тилида Ислом тинчлик маъносини ўз ичига олади. Аллоҳнинг каломи Қуръон уруш, босқинчиликни зид ғайритабиий ҳолат сифатида қоралайди. Ислом фақат муқаррар (ва) ҳимояланиш учун бўладиган урушларнигина тан олади. Қуръон карим таълим берадики, иложи борича ҳар қандай ҳолатда ҳам инсонпарварлик йўли билан ҳал қилиниши ва тинчлик ва осойишталик йўли билан ҳар бир нарсани тугалланишини истайди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Қирғизистонда бўлиб ўтаётган воқеалар ҳақида яқинда жонажон шаҳримиз Бухорога ташриф буюрганларида Юртбошимиз юқорида зикр қилиб ўтган ояту ҳадисларимизга ҳамоҳанг фикрни айтиб, ўзбек-қирғиз воқеалари тинчлик йили билан ҳал қилиниши кераклигини таъкидлаб ўтдилар.
Ҳозирги пайтда қўшни мамлакат Қирғизистонда бўлиб ўтаётган можаролар тезроқ тугаб, тинч бўлиб кетиши Аллоҳ таоло илтижо қилиб сўраймиз. Чунки Расулуллоҳ с.а.в. айтганларидек:
“Аллоҳ таолонинг неъматларидан икки неъмати борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”
Парвардигори олам барчамизни мана шу икки неъматдан ҳаргиз айирмасин.

Денов туман Шайх Аттор Валий жомеъ масжиди имом хатиби. С.Мирзаев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here