Жамиятимизда оила бошлиғи сифатида эркакларнинг вазифалари баён қилиб берилган, уларни қисқача зикр қилиб ўтайлик. Зеро, эслатиб қўйиш ҳеч қачон зарар қилмайди.
Оиланинг бахтли ҳаёт кечиришда эрнинг ўрни беқиёсдир. Буни ҳаммамиз яхши тушунамиз. Қачонки аёл эрини эр деб билса ва унга итоат қилса, ўша оилада эркак раҳбар бўлса, эркакнинг қарори ҳал қилувчи қарор бўлсагина оила оила бўлади. Акси бўлса, бу оила ҳақиқий оила бўлмайди.
Эрнинг вазифаларидан биринчиси: эр аёлига яхши ва чиройли муомала қилиши. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барчамизга намуна ва ибрат бўладилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар алайҳиссаломни сифатлаб туриб, шундай деганлар: «У зот аёллари билан энг мулойим, карамли, хушчақчақ ва сертабассум зот эдилар».
Демак, уйга келиб, қовоқни уйиш суннатга хилоф экан. Пайғамбар алайҳиссалом аёллари билан ҳазил-мутойиба қилиб турар эдилар. Демак, аёлларга ҳазил қилиб, кулдириб туриш ҳам керак экан. Эркак уйига келганда ўзидан жиддий тус ясаб олиши керак эмас экан. Уйда эркак ўзининг сиёсати бўлади, аммо эркак аёлга ҳазил-мутойиба қилиб туриши керак экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотдан қайтаётганларида Оиша онамиз билан югуришда мусобақа ўйнаганларини ҳаммамиз эшитганмиз. Оиша онамиз «Биринчи сафар мен ўзиб кетдим, кейинроқ эса, сал тўлишиб қолган пайтимда у зот ўзиб кетдилар ва «Ҳалиги билан биру бир» деб қўйдилар», деган ривоятни имом Абу Довуд ва Имом Аҳмадлар саййида Оиша онамиздан ривоят қиладилар.
Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломнинг завжалари ўртасида тутган сиёсатлари ҳам буюк ибратдир. У зот ҳазрати Оиша онамизнинг уйларида саҳобалар билан ўтирганларида София онамиз бир ғуломдан бир идишда таом юборадилар. Ҳазрати саййида Оиша қарасалар, кундоши юборган таом, София онамиз эса жуда пазанда бўлганлар, Шунда Оиша онанинг рашклари келиб кетиб, ғуломнинг қўлидаги турган, кундошининг уйидан келган чиройли идишни уриб синдирадилар. Ваҳоланки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўз ўнгиларида бўляпти бу воқеа. Пайғамбар алайҳиссалом нима қилдилар? Ўринларидан туриб, идишнинг синиқларини тўпладилар-да, таомни унга тўплаб, меҳмонларга тутдилар, «Олинглар, енглар. Онангиз рашк қилдилар-да, онангиз рашк қилдилар-да», дедилар. Сўнг ғуломга «Кетмай тур», дедилар. Бироздан сўнг Оиша онамиз ўзларига келиб, узр сўрадилар, «Бунинг бадали, каффорати нима бўлади?» дедилар. Шунда у зот «Синган идиш эвазига худди шундай бошқа идиш», дедилар. Саййида Оиша онамиз бир кишини Мадинанинг бозорига юбориб, идиш олиб келишни буюрдилар. Сўнг ўша идишни София онамизнинг уйларига бериб юбордилар.
Ўша пайтда Пайғамбар алайҳиссалом мана шундай услубни қўлламасалар нима бўлар эди? Жаҳллари чиқиб, «Мени меҳмонлар олдида шарманда қилдинг!» деб, Аллоҳ сақласин, Оиша онамизга қўл кўтарсалар нима бўлар эди? Ваҳоланки бугун эркакларнинг аҳволи мана шу. Ахир биз ҳаётнинг барча жабҳаларида, ҳар бир ишда, айниқса, оилавий ҳаётда Пайғамбар алайҳиссаломдан ўрнак олишимиз керак эмасмиди? Биз аёлларнинг хатоларини кечиришни ўрганишимиз керак. Зеро улуғларнинг улуғлиги кичикларнинг хатоларини кечира билишда бўлади. Аёлга маҳр бериш Аллоҳ таолонинг «аёлларга маҳрларини мамнуният билан, чин кўнгилдан, рози бўлиб беринг» деган ояти билан вожиб бўлган. Фақат бизнинг мазҳаб маҳр борасида энг енгил йўни танлаб, маҳрни никоҳ ўқилаётган пайтда бермаса ҳам, тайин қилиб қўйилса бўлди, кейин шароит, имконият бўлганда берилса бўлади, дейилган. Аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида маҳри мисл деган тушунчалар жорий қилинган. Агар ота маҳр бермай дунёдан ўтиб кетса, ўғиллари бериши керак. Агар ўғли бермаса, Қиёмат куни Аллоҳ таоло аёлига маҳр бермагани учун отанинг ёқасидан тутади. Шунинг учун бу масалага жуда жиддий қараш керак.
Эркак киши хотиннинг озорини кўтариши керак экан, у ғазабланганда мулойим бўлиши, унинг хатоларини кечириши керак экан. Аёл киши баъзан эрига озор бериб қўйиши ҳам бор нарса, лекин эркак буни кўтариши керак экан. Албатта, озор билан озорнинг ҳам фарқи бор, инсоннинг шаънига тегадиган баъзи бир озорларни умуман кўтариб бўлмайди. Лекин бу бошқа масала. Пайғамбар алайҳиссалом: «Мўмин эр мўмина хотиндан нафратланмасин. Агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлиб кетаверади», деганлар. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ эса «Билгинки, аёлингга озор беришдан тийилишинг ҳусни хулқ эмас, балки ундан етадиган озорни кўтаришинг ҳусни хулқдир», деган эканлар.
Эркак аёлни қизғаниши, унинг ор-номусини сақлаши лозим. Пайғамбар алайҳиссалом «Аллоҳ рашк қилади, мўмин ҳам рашк қилади. Мўмин одам Аллоҳ ҳаром қилган ишларни қилганда Аллоҳнинг рашки келади», деганлар. Бу имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари. Лекин ана шу рашк меъёрида бўлсагина мадҳ қилинади, меъёридан ошса, мазаммат қилинади. Рашкнинг меъёри қандай бўлиши керак? Рашкнинг меъёри шуки, у озор берувчи бўлмаслиги керак. Аёлнинг рашки унинг зийнати бўлиши керак, аёл рашк қилганда эркакнинг жаҳли чиқмаслиги керак. Мана шу рашк меъёридаги рашк бўлади. Эркакни қутуртириб юборадиган, жаҳлини чиқарадиган рашк бўлса, бу ҳаддан ошган рашк бўлади.
Эркак киши хотинни уй-жой билан таъминлаши керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ҳақда «Уларга ўзларингиз маскан тутган жойдан имконингиз, тоқатингизга қараб жой беринг», деб марҳамат қилган. Демак, бу ҳукм оят билан собит бўляпти. Фиқҳий китобларимизда «эркак киши аҳли аёли учун ҳеч бўлмаса қулфланадиган битта алоҳида хонани ажратиб бериши унинг зиммасидаги бурч бўлади», дейилган.
Эркак киши хотинининг озиқ-овқат ва кийим-бошини таъминлаши керак. Бу ҳаммага маълум нарса. Лекин нафақани таъминлайман деб, ўн йиллаб Россия ёки Кореяга кетиб қолиш ҳам дуруст бўлмайди. Айниқса, умуман келмасдан, йиллаб хорижда юравериш нотўғри. Аёли ва болалари эрнинг юборган пулига рози бўлиб ўтирибди, лекин аёл эрини, болалари отани кўрмаганига ўн йил бўляпти, Кореяда юрибди. Бундай мисолларнинг бир нечтасига гувоҳ бўлдик. Кетганига ўн йил бўлган, хотини шунга рози, юборган пулига уй қуряпти, машина оляпти. Эр келмаса бўлди. Аёлнинг ҳам, эрнинг ҳам ўн йил умри ўтиб кетяпти. Лекин улар ҳиссиётларини қандай қондиряпти? Бундан ҳам муҳими, болаларга айни ота-она керак бўлган даврда бирининг бўлмаслиги ўша уйлару машиналарга арзийдими? Албатта, арзимайди. Бу ерда масалани тўғри тушунмоқ керак.
Эркак киши аёлига зарурий шаръий масалаларни ўргатиб туриши керак. Мана, жумада маъруза эшитяпсиз, тўй-маъракаларда маъруза эшитяпсиз. Ана шу эшитган шаръий масалаларингизни канда қилмасдан, бориб, оилангизга, аёлингизга, болаларингизга айтиб беринг. Бу ерда эшитганда эслаб қолишга ҳаракат қилинг, эслаб қола олмасангиз, уйда шароит қилиб беринг, ахборот тармоқларида бу маърузаларимизнинг тасвири ҳам, овози ҳам, матни ҳам бериб бориляпти. Ўзининг ҳам, болаларнинг ҳам тарбиясини бузадиган нарсаларни кўрмай, мана шу диний-маърифий манбаларни кўришсин. Алҳамдулиллаҳ, ҳозир ҳақиқий диний илмларни, соф ақийдани, ҳақ мазҳабларни ўртагувчи бундай манбалар анча кўпайиб қолди. Нима учун эркак киши аёлининг шаръий таълимини таъминлаши керак? Чунки биз аҳли аёлимизга шариатни ўргатишга масъулмиз, биродарлар. Уйга борганда жумада эшитганларимизни гапириб турсак ҳам, ҳеч бўлмаса мана шу масъулиятни енгиллаштириб турамиз. Қанийди имконимиз бўлса, уларга тизимли дарсларни жорий қилиб берсак.
Эркак киши хотинининг хусусиятлари, сифатлари, ўрталаридаги алоқалари ҳақида мутлақо оғиз очмаслиги, одамлар ўртасида ёймаслиги керак. Афсуслар бўлсинки, жамиятда бундай беҳаё пасткашлар топилиб туради, аёли билан бўлган муносабатларини улфатларига, дўстларига мақтаниб, оқизмай-томизмай айтиб бериб, ҳангома қиладиган бефаросат, бетамизлар ҳам йўқ эмас жамиятда.
Эркак кишининг вазифаларини айтиб ўтдик. Энди ҳозирги кунда айрим эркакларда учраётган баъзи камчиликларни санаб ўтаймиз экан. Аввало, камчилик нима учун айтилади? Уни тузатиш учун.
Баъзи эрлар хотинини нафақа билан таъминламаётгани етмаганидек, «Сен ҳам пул топиб, рўзғорга ёрдам бермайсанми?» деб, маломат ҳам қилишмоқда. Баъзилари эса ўзга юртларга кетиб, қарамоғидагиларни узоқ вақт давомида нафақасиз ташлаб қўймоқда. Бояги ўн йиллаб келмай, пул юбориб турган одамнинг ишини ҳам нотўғри деяпмиз. Булар эса умуман пул юбормай, дом-дараксиз юрганлардр. Баъзи эрлар кун бўйи кўча-куйда юриб, аҳли аёли ва фарзандларининг олдига борганда телефондан бошини кўтармайди. Ваҳоланки, эр оила аҳлининг тарбиясига масъулдир. Эр уларга ҳам вақт ажратиши, уларнинг ҳам ҳаққини адо қилиши керак. Эр аёли билан мубошарат қилиш учун ҳам вақт ажратиши вожиб бўлади, биродарлар.
Ҳозир ҳамманинг қўлида телефон, ҳамма телефонга қараган, ҳамма жойда ҳолат шундай бўлиб қолди. Ўн киши ўтирибди, лекин бир-бирига қарамайди – ҳамма қўлидаги телефонга қарайди. Яқинда шифохонада ётибман, таниш-билишлар, дўстлардан беш-олти киши кўргани келди. Бироз ҳол-аҳвол сўрашдик. 5-10 минут ўтгандан кейин бир чалғиб қолибман, қарасам, ҳалиги олтитаси ҳам телефонига қараб турибди. Мен ҳам телефонга қараб турибман. Мен касалхонада, улар мени кўргани келишган, лекин ҳаммамиз телефонга қараб қолибмиз. Ана шундай бало бу телефон.
Баъзи номардлар очиқчасига «Умрингнинг охиригача талоғингни бермай, аросатда қолдириб қийнайман» деб пўписа қилар экан. Бу ҳам етмагандек, аслида ўзининг зиммасида бўлган вожибни – болаларнинг нафақасини ҳам хотиннинг бўйнига юклаб қўяди. Натижада аёл на эрли бўлмай, на эридан ажраша олмай, йиллар давомида сарсон-саргардон қолиб кетмоқда. Баъзи ҳолатларда узоқ муддаат чет элларда юрадиган кишилар у ерларда фаҳш ишларга ўралашиб, касбининг баракасини қочириб қўйяпти. Хотини бўлмагандан кейин чидай олмай, зинога юриб қўяди. Натижада ишининг баракасини қочиради, турли касалликларни юқтириб келади, келиб, аёлига – покиза жуфтига ҳам юқтиради.
Буларнинг барчаси аҳли аёлга нисбатан зулм ҳисобаланади, биродарлар. Динимиз эса кишининг ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм қилишини қаттиқ қоралаган. Ваҳоланки бу ҳолатда улар бегона эмас, ўз аҳлимиз, ўз фарзандларимиз, аслида жонимиздан ортиқ кўрадиган нуридийдаларимиз. Уларга зулм қилиш эса ҳар қандай зулмдан оғир бўлади. Аллоҳ таоло золим бандалардан қилиб қўймасин.
mehrob.uz