Ватанпарвар ва фидоийлик деганда, кўз олдимизга юксак маънавиятли, ўзлигини яхши англаган, қадимий тарихимиз ва бой маданиятимиз, улуғ аждодларимизнинг меросини чуқур ўзлаштирган, бугунги тез ўзгараётган ҳаёт воқелигига онгли қараб, мустақил фикр юритадиган ва диёримиздаги барча ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган, ноёб инсоний фазилатларга эга, жисмонан ва ақлан етук, иродаси бақувват, иймон-эътиқоди бутун, руҳан пок, қалби улуғ ишларга чорлайдиган, элим, Ватаним деб яшайдиган, миллий ғоя ва миллий қадриятларимизнинг маъно-моҳиятини чуқур англаган, етук дунёқарашга эга чин инсон гавдаланади. Албатта, бундай баркамол инсонлар Ватан, халқ манфаатлари йўлида эзгу ишларни амалга оширишда барчага намунадир.
Пайғамбаримиз (с.а.в) ўзларининг кўп ҳадиси шарифларида мўмин бир-бирига меҳрибон, бир-бирига ойна, бир-бири билан ҳам фикр, ҳам дард ва ҳамжиҳат бўлишлиги бир-бирига суянчиқ эканлиги хақида марҳамат қилиб, жумладан бир ҳадисларида — “Мўмин бир-бирини суяб турган бино каби мўминга суянчиқдир” (Бухорий ривояти)- деганлар. Пайғамбаримиз(с.а.в) нинг сўзларида ватанпарварлик ва ҳамжиҳатлик ҳисси уфириб турибди. Ватанпарварлик деганда кўз олдимизга Навоий ҳазратлари сиймоси келади ва улар айтган сўзлари ёдимизга тушади. “Ватан таркини бир нафас айлама, яна ранжу ғурбат ҳавас айлама”. Демак Ватанга бўлган севги шунчалик кучли бўлмоқлиги керакки, бу севги бир нафас ҳам ёдимиздан чиқмасин. Ватаннинг ҳурлиги, Ватаннинг тинчлиги ва осойишталиги ҳар бир ҳавасларимиздан, ҳоҳишларимиздан устун бўлишлиги даркор. Ватан равнақи аввало унинг фарзандларига, уларнинг маънавий ва жисмоний камолотига бевосита боғлиқ. Бу ўз навбатида ҳар бир юрдошимизни зиммасидаги юксак фуқаролик масъулиятини ҳис этишга, ўз манфаатлари билан уйғунлаштириб яшашга даъват этади.
Барчамизга маълумки, инсон ўзлигини англагани, насл насабини чуқурроқ билгани сари юрагида Ватанга муҳаббат туйғуси илдиз отиб улғая боради. Бу илдиз қанча теран бўлса, туғилиб ўсган юртга муҳаббат ҳам шу қадар юксак бўлади. Тарих ҳақиқати шуни кўрсатадики, томирида миллий ғурур, Ватан ишқи жўш урган одамгина буюк ишларга қодир бўлади.Ҳурматли Юртбошимиз ўзларининг”Юксак маънавият-енгилмас куч” номли китобларида – “Шу муносабат билан тарихда кўп марта ўз тасдиғини топган, мен ҳам ўз тажрибамда синаган ҳаётий бир ҳақиқатни яна бир бор такрорлашни зарур деб ҳисоблайман; агар биз аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким, ҳеч қачон енга олмайди”.-деганлар.
Уруғ ерга тушиб чечак бўлибди,
Қурт ҳам жондан кечиб ипак бўлибди.
Лола тухумичалик ғайратинг йўқми,
Ипак қуртичалик ҳимматинг йўқми. (А.Навоий)
Бир сўз билан айтганда “Элим деб юртим деб ёниб яшаш керак”.
Аллоҳ барчамизни ватанпарлик руҳида тарбият айласин.
М.Маматқулов
Сурхондарё вилояти Олтинсой туман бош имом хатиби